Ахлоққа зид реклама учун 5 тадбиркорга иш қўзғатилди
Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқларда жойланган ахлоқ меъёрларига зид рекламалар учун икки дўконни жаримага тортди, яна уч ҳолат судга оширилди.
© vkplay.ruЎзбекистонда ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган айрим реклама материаллари атрофидаги муҳокамалар ортидан Рақобат қўмитаси томонидан текширув ишлари бошланди.
Жарима қўлланилган тадбиркорлар
Қўмита мутахассислари томонидан «Instagram» тармоғидаги «aykous_sekret», «dom_penyuar», «shiray shop», «nargizem_shop» ҳамда «arzon hostel» саҳифаларида жойланган роликлар ўрганиб чиқилди. Таҳлиллар давомида ушбу рекламалар мазмуни жамоатчилик томонидан белгиланган одоб-ахлоқ қоидаларига мос келмаслиги қайд этилди.
Текширув натижаларига кўра, икки тадбиркор — «aykous_sekret» дўкони раҳбари Айгерим Илясова ҳамда «dom_penyuar» дўкони раҳбари Айнура Абдуллаевага нисбатан «Реклама тўғрисида»ги қонун талабларини бузганлик бўйича иш қўзғатилди.
Қўмита қарорига мувофиқ, мазкур тадбиркорларга молиявий жарималар қўлланди.
Иши судга оширилган тадбиркорлар
Шу билан бирга, «shiray shop», «nargizem_shop» ва «arzon hostel» саҳифалари бўйича ҳам маъмурий баённомалар тузилди. Ушбу ҳолатлар бўйича ҳужжатлар белгиланган тартибда суд органларига юборилди.
Қонунчиликка кўра, рекламада миллий ва оилавий қадриятларга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умумқабул қилинган нормаларига зид бўлган образ ва иборалардан фойдаланиш тақиқланади.




