Венчур инвестициялари: Ўзбекистон жадал ўсмоқда, Қозоғистон эса сохта «стартаплар» гирдобида

Ўзбекистонда стартаплар ва венчур бозорига катта маблағлар тикилмоқда. Аммо қўшни Қозоғистон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, давлат грантларига суянган экотизим ҳақиқий бизнес ўрнига «грантхўрлар»ни етиштириб чиқариши мумкин. Биз қандай хатолардан сақланишимиз керак?

Венчур инвестициялари: Ўзбекистон жадал ўсмоқда, Қозоғистон эса сохта «стартаплар» гирдобида

2026-йил бошига Ўзбекистонда 15 дан ортиқ венчур фондлар фаолият кўрсатмоқда. Венчур капитал ҳажми 180 млн доллардан ошган. Бозор минтақада Қозоғистондан сўнг иккинчи ўринда ва фаол ўсмоқда. 2030-йилга қадар жалб этиладиган венчур инвестициялари ҳажмини 2 млрд долларга етказиш, стартаплар сони эса 5 мингтагача оширилиши режалаштирилмоқда.

Бу режалар ва чоралар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида баён этилган.

Белгиланган режаларда 2 мингта ёшлар стартап ғояларини тижоратлаштириш ва уларнинг 400 га яқинини глобал бозорга олиб чиқиш кўзда тутилган. Энг яхши ғоялар танловлари ва ҳакатонлар ғолибларига эса 20 минг долларгача бўлган миқдорда қарз маблағларини берилиши мумкин. Бу маблағларнинг барчаси давлат венчур фондлари томонидан тақдим этилади. Стартапчилар, шунингдек, «Рақамли стартаплар» дастури доирасида 10 минг долларлик грантни ҳам қўлга киритишлари мумкин.

Мазкур мақолада венчур инвестициялар нима, Ўзбекистонда бу борада қандай натижаларга эришгани, қўшни Қозоғистонда бу соҳада нималар бўлаётгани ҳақида гаплашамиз.

 

Венчур ўзи нима?

«Venture» инглизча сўз бўлиб — риск, авантюра ёки истиқболли стартапларга ёхуд бизнесни кенгайтириш ва келажакда юқори даромад олишга интилаётган компанияларга киритиладиган инвестицияларни англатади.

Айтайлик, стартап бизнеси касодга учраса, у билан бирга тикилган инвестициялар ҳам куйиб кетадими?

photo_2026-04-21_11-29-40

Албатта, бундай риск доимо мавжуд бўлади, аммо лойиҳа муваффақиятли чиқса, инвестор янги тузилманинг ҳаммуаллифига айланади. Бинобарин, риск даражаси юқори, бироқ потенциал даромад ҳам шунчалик каттадир.

Қолаверса, «Facebook» ва «Instagram» каби жаҳон компаниялари ҳам ўз вақтида бошланғич капитални айнан венчур инвесторларидан олишган. Бизнес тилида айтганда, ҳар бир риск даромад ёки тажриба келтириши лозим. Венчур инвестицияларининг бор сири мана шунда.

Дунёда аллақачон 600 млрд доллар атрофида венчур капитали мавжуд. Унинг ярмидан кўпи АҚШ ҳиссасига, 20 фоизи Осиё мамлакатларига тўғри келади. Европадаги венчур фондлари эса жаҳон улушининг 25 фоизига эгалик қилади.

Хуллас, агар стартап муваффақиятсизликка учраса — буни аччиқ сабоқ ёки ҳаётий тажриба ўлароқ баҳолаш мумкин. Биз учун бу соҳа янги ва таваккал қилишни истаганлар у қадар кўп эмас.

Янги илмий ёки иқтисодий стартапга инвестициялар венчур йўли билан ёки давлат гранти орқали амалга оширилади. Чунки бу юқори риск ҳудуди бўлиб, ҳеч қайси банк бунинг учун кредит ажратмайди.

 

Қарийб 100 млн долларлик венчур инвестициялари

2025 йилда Ўзбекистонда венчур инвестицияларининг умумий ҳажми 99,3 млн долларни ташкил этди, бунда маблағларнинг салмоқли қисми «Uzum» компаниясининг 65,5 млн долларлик йирик раунди ҳисобига таъминланди. Бироқ ушбу битимсиз ҳам бозор 33,8 млн долларгача ўсди — бу кўрсаткич атиги 3 млн долларни ташкил этган уч йил олдинги даврга нисбатан 11 баравар кўпдир («RISE Research» тадқиқоти).

Экспертларнинг таъкидлашича, минтақадаги тахминан ҳар бешта стартапдан бири венчур молиялаштиришни жалб қилмоқда, бу эса ривожланган экотизимлар даражасига мос келади. Шу билан бирга, молиялаштирилган компаниялар зичлиги пастлигича қолмоқда — 1 млн кишига тахминан 4,6 та стартап тўғри келади.

photo_2026-04-21_11-31-52

2025 йилда энг кўп инвестициялар электрон тижорат (e-commerce) ва маркетплейсларга йўналтирилди, уларнинг ҳиссасига жами маблағларнинг қарийб 40 фоизи тўғри келди. Кейинги ўринларни финтех ва корпоратив дастурий таъминот соҳалари эгаллади. Охиргиси битимлар сони бўйича етакчига айланди, бу эса эрта босқичларда B2B сегментининг юқори фаоллигидан далолат беради.

Ўзбекистон бозори аввалгидек кичик раундларга йўналтирилган: барча битимларнинг 83 фоизи — бу 200 минг долларгача бўлган инвестициялардир. Капиталнинг асосий оқими «pre-seed» ва «seed» босқичларига тўғри келди, бу эса яқин йилларда янада етук компаниялар пайдо бўлиши учун асос яратади.

Мамлакатдаги инвестициялар асосан ички иштирокчилар томонидан таъминланмоқда: капиталнинг 85 фоизи маҳаллий фондлар ва квазидавлат тузилмаларидан тушмоқда. Халқаро инвесторлар мавжуд, бироқ улар бозорга асосан йирик хорижий венчур фондлари орқали кириб келмоқда.

2025 йил Ўзбекистонда янги венчур фондлари сони бўйича рекорд йил бўлди. Бозорга еттита тузилма — «Yoshlar Ventures», «X-Togo», «United Ventures» (7 та давлат банки томонидан ташкил этилган), «SQB Ventures», «Imkon Ventures», «Sarmo Ventures» ва «Asaka Pharm Ventures» кириб келди.

Ушбу ҳаволадан Ўзбекистонда стартапларга инвестиция киритган венчур инвесторлар рўйхати билан танишишингиз мумкин.

 

Марказий Осиёдаги вазият

2025 йил якунларига кўра, Марказий Осиё минтақасидаги венчур инвестицияларининг умумий ҳажми рекорд даражадаги 320 миллион долларга етди. Ушбу натижада иккита мегараунд асосий рол ўйнади: Қозоғистоннинг «Higgsfield» компанияси «Series A» доирасида 130 млн доллар жалб қилиб, Марказий Осиёнинг илк «яккашох» (unicorn)ига айланди, Ўзбекистоннинг «Uzum» компанияси эса 65,5 миллион долларлик раундни ёпди.

Ушбу икки битим биргаликда бозор умумий ҳажмининг 61 фоизини таъминлади. Уларни ҳисобга олмагандаги тузатилган кўрсаткич 124,5 миллион долларни ташкил этди — бу 2024 йилга нисбатан 31 фоизга кўпдир, бу эса барқарор органик ўсишдан далолат беради.

«Минтақада илк «яккашох»нинг пайдо бўлиши ва «Uzum»нинг рекорд даражадаги раунди — Марказий Осиё салоҳиятининг жаҳон майдонида тан олинишининг кучли сигналидир. Сўнгги уч йил ичида кўриб чиқилган 2000 та лойиҳадан 18,5 фоизи инвестиция жалб қилди, бу етакчи Европа ҳаблари кўрсаткичлари билан таққосланадиган даражадир», — деб таъкидлади «RISE Research» асосчиси Айнур Жантурина.

Қозоғистонда венчур инвестициялари деярли уч бараварга — 209 млн долларгача ўсди, мамлакат стартап-портфелининг умумий баҳоси эса 2,16 миллиард доллардан ошди. Сунъий интеллект барча инвестицияларнинг қарийб ярмини ўзида жамлаган ҳолда асосий тармоқ драйверига айланди.

 

Тўқаев нимадан норози?

2026 йил 10 феврал куни Қозоғистон ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида Президент Қосим-Жўмарт Тоқаев Бош вазир ўринбосари, сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиевга KazLLM стартапи бўйича дастурга талаб пастлиги (600 минг мурожаат, мамлакат аҳолисининг 3 фоизи), камчиликлари кўплиги, аҳоли асосан ChatGPT’га (2,6 млн фойдаланувчи, аҳолининг 13 фоизи) мурожаат қилаётгани бўйича эътироз билдирди.

photo_2026-04-21_11-28-34

Қозоғистонда Кремний водийси атрибутлари аниқлик билан нусхаланмоқда: пуфиклар ва қаҳва тайёрловчи машиналарга эга ойнаванд коворкинг марказлари, ҳар ҳафта ҳакатонлар ташкил қилинади; акселераторлар, трэкерлар, менторлар бор; «Дунёни ўзгартирадиган 600 сония» форматидаги питчлар билан демо-кунлар ўтказилади. Минглаб одамларни йиғадиган ва Instagram учун тонналаб контент ишлаб чиқарадиган «Digital Bridge» форуми мавжуд. Шаклан ҳаммаси мукаммал.

2000 дан ортиқ резидентга эга «Astana Hub» технопарки, иштирокчиларнинг 1,7 млрд доллардан ошадиган умумий даромади ҳам бор. Ҳатто 1,3 млрд долларга баҳоланган биринчи «яккашох» — Higgsfield AI ҳам яратилган. Сиртдан қараганда, Қозоғистон — Марказий Осиёнинг технологик йўлбарси.

Амалда эса президент вазирдан халқ нега давлат ресурслари ажратилган миллий нейрон тармоқда эмас, балки ChatGPT’да ўтирганини очиқчасига сўрамоқда.

 

Стартаперларми ёки «грантхўрлар»?

Нормал стартап экотизимида компания Product-Market Fit (PMF)— маҳсулот бозорга синиб кегани ва уни харид қилишга тайёрлар кўп бўлган ҳолатни қидиради. PMF бўлмаса, стартап ўлади. Бу табиий танланиш: бешафқат, аммо адолатли. Бозор ҳисоботларни қабул қилмайди, бозор фақат обуна учун тўланган пулларни қабул қилади.

Қозоғистонда «инновацион» компанияларнинг салмоқли қисми мутлақо бошқача «fit» қидирмоқда. Уларнинг мижози фойдаланувчи эмас, балки грант комиссиясидир. Уларнинг вазифаси — обуна сотиш эмас, балки молиялаштириш учун аризани тўғри тўлдиришдир. Уларнинг муваффақият метрикаси — олинган транш суммасидир.

2

«Грантхўр»нинг ҳаёт цикли соатдек ишлайди. Ғоя амалдорлар нутқидаги жорий ҳайпга (шов-шувга) мослаштирилади: кеча бу блокчейн эди, бугун — AI ва LLM, эртага квант ҳисоблашлари бўлади. MVP (маҳсулотнинг минимал кўриниши) демо-кунида слайдларни кўрсатиш учунгина «қўл учида» яратилади. Грант еб битирилганидан сўнг, стартап жимгина ўлади, жамоа эса кейинги молиялаштириш раунди учун янги ном остида қайта йиғилади ҳамда цикл бошидан такрорланади.

KazLLM — давлат даражасидаги ушбу паттерннинг идеал иллюстрациясидир. Лойиҳа «рақамли суверенитет» воситаси сифатида тақдим этилмоқда, яъни у бошиданоқ фойдаланувчи учун эмас, балки стратегик ҳисобот учун яратилган. Чунки 600 мингта «сўров» (ҳатто уникал фойдаланувчилар ҳам эмас, айнан сўровлар) — бу суверенитет эмас. Бу вазирнинг ҳисоботи учун KPI. Кундалик ChatGPT’ни очадиган 2,6 миллион қозоғистонлик эса — бозорнинг ҳақиқий овозидир. Одамлар клик орқали ўзларига маъқул маҳсулот учун овоз беришмоқда.

 

«Схема» қандай ишлайди?

Қозоғистондаги давлат инновацияларининг бутун экотизими ягона томошабин — давлат бўлган театр каби ишлайди. Ҳар бир иштирокчи ўз ролини ўйнайди ва ҳар бири ўйин қоидаларини билади.

Амалдорлар муваффақиятни миқдорий KPI билан ўлчайдилар: «2000 та стартап очилди», «ҳудудларда 2900 та тадбир ўтказилди», «7 йил ичида 840 млн доллар инвестиция жалб қилинди». Рақамлар салмоқли янграйди. Аммо амалдор учун ушбу стартаплар бир йилдан кейин омон қоладими-йўқми, муҳим эмас. Унинг учун натижа эмас, жараён муҳим.

photo_2026-04-21_11-36-27

Тўқаев идоралар рақамлаштириш билан автоном тарзда, ягона назоратсиз шуғулланганини ва бу «давлат маблағларининг бемулоҳаза сарфланишига» олиб келганини очиқ айтди.

Технопарклар куч марказларидан кўра кўпроқ тадбирларни ташкил этиш агентликларига айланмоқда. «Astana Hub»нинг 2025 йилги ҳисоботларида — 2900 дан ортиқ тадбир ва ҳудудларда 65 минг иштирокчи тилга олинган. Лекин келинг, экспорт тузилмасига қаралса 2000 та резидентдан атиги 500 таси экспортчи ҳисобланади. Улардан фақат 10 та компания йилига 10 млн доллардан ортиқ даромад келтиради. Яъни резидентларнинг 0,5 фоизи асосий экспорт тушумини яратади, қолган 99,5 фоизи эса — ҳисобот учун фон, холос.

Стартапчилар профессионал питчерларга (тақдимотчиларга) айланмоқда. Улар йиллаб конференция ва форумларда юришади, диплом ва сертификатлар ютишади, лекин уларда маҳсулот яратиш учун вақт йўқ — навбатдаги «Digital Bridge» учун тақдимот тайёрлаш керак. Уларнинг баъзилари чин дилдан муҳим иш қиляпмиз деб ишонишади. Баъзилари аллақачон ҳамма нарсани тушуниб бўлган ва шунчаки тизим қоидалари бўйича ўйнашади. Тизим эса иккаласини ҳам бирдек боқади — токи бюджет бор экан.

«Astana Hub» реал ўсишни кўрсатмоқда. 1,7 млрд доллар умумий даромад, 633 млн доллар IT-хизматлар экспорти, йилдан-йилга 20 фоизлик ўсишга эришмоқда, деб эътироз билдириш мумкин. Агрегацияланган рақамларга қаралса, бу тўғри. Аммо чуқурроқ назар ташланса, бу рақамларнинг асосий қисмини кичик бир гуруҳ компаниялар яратаётгани кўринади ва уларнинг аксарияти «Astana Hub»га «экотизим» учун эмас, балки солиқ имтиёзлари учун келган.

 

«Higgsfield AI»: картон шохли «яккашох»?

2025 йилда 1,3 миллиард долларлик баҳолашга эришган «минтақанинг биринчи яккашохи» «Higgsfield AI» 2026 йилнинг февралида можаролар марказида қолди. «GitHub»да тўлов қилувчи фойдаланувчиларни оммавий блоклаш, «чексиз» тарифларда яширин лимитлар, ўз ишланмалари ниқоби остида бегона моделлардан (Kling, Minimax Hailuo) фойдаланиш ва «Trustpilot»даги шарҳларни манипуляция қилиш айбловлари билан батафсил текширув эълон қилинди. Компаниянинг «X» (Twitter) даги аккаунти блокланди.

photo_2026-04-21_11-29-02

Ҳаммуассис Алекс Машрабов муаммоларни «ўсиш касалликлари» деб атаб, очиқчасига узр сўради. Иккинчи ҳаммуассис Ерзат Дулат эса «рақобатчиларнинг мувофиқлаштирилган ҳужуми» ҳақида баёнот берди.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, кўп мақталган «Higgsfield AI» бегона моделлардан фойдаланиш имкониятини устама нарх билан сотадиган ва фойдаланувчиларни тўловдан кейин блоклайдиган стартап бўлиб чиқмоқда. Яъни, ягона шохи, картондан бўлган «unicorn».

 

Чинакам тадбиркорлик фақат бозорда

Энг кескин инсайт шундан иборатки, Қозоғистондаги ҳақиқий тадбиркорлик технопаркда эмас, балки бозорда яшайди. Бозорда пайпоқ сотувчиси юнит-иқтисодиётни ва мижозни жалб қилиш қийматини солиқ тўловчиларнинг пулига икки йилдан бери «экотизим яратаётган» ва бирорта тўлов қилувчи фойдаланувчиси бўлмаган фаундердан кўра яхшироқ тушунади. Бозордаги савдогар бугун топганига яшайди. Агар унинг маҳсулоти ёмон бўлса, у касодга учрайди ва кетади. Унда «қайта ишлаш учун» давлат гранти кўринишидаги хавфсизлик ёстиқчаси йўқ. Унинг ягона акселератори — оч қолиш хавфи ва у бехато ишлайди.

Озода ва қаҳва ҳиди уфуриб турган, Макбукларга тўла коворкингда фаундерлар митапларда «Unit Economics»ни муҳокама қилишади, лекин уларнинг шахсий бизнеси субсидиялар ҳисобига яшайди. Агар маҳсулот ёмон бўлса — «пивот» (йўналишни ўзгартириш) учун навбатдаги грантга ариза берилади. Иш натижаси — PDF шаклидаги тақдимот.

Бозорда эса ҳамма ёқ кир-чир, шовқин-сурон ва макбуклар ўрнига калкуляторлар клавиатураси шақиллайди. Иш натижаси — «реал кэш-флоу» (ҳаққоний пул оқими). Парадокс шундаки, айнан бозор ҳар қандай коворкингдан кўра Кремний водийси руҳига яқинроқдир. Чунки бу ердаги муҳми давлат молиялаштиришидаги ойнаванд офисларда эмас, балки йўқотадиган ҳеч нарсаси бўлмаган одамлар томонидан гаражларда қурилган.

* * *

Мақолада Ўзбекистонда олдинга қўйилган марралар ва бу борада биздан илғорроқ Қозоғистондаги вазият ҳақида таништиришга ҳаракат қилдик. Ҳали бизда стартаплар борасида ишлар энди бошланаяпти. Катта пуллар тикилмоқда. Қўшнилар йўл қўйган хато ва камчиликлардан хулоса чиқариш, адашмаслик, пулларни ноўрин сарфламаслик керак. Токи ғалвир сувдан кўтарилган онларда «пулларимиз беҳудага кетмабди», дея олайлик.

Teglar

Shuhrat Shokirjonov

Shuhrat ShokirjonovMaqolalar soni: 171

Barchasi

Mavzuga oid

Венчур инвестициялари: Ўзбекистон жадал ўсмоқда, Қозоғистон эса сохта «стартаплар» гирдобида | Vaqt.uz