Дубай аэропортига қилинган ҳужум туфайли Тошкент-Дубай йўналишидаги иккита рейс ортга қайтарилди

Kecha 11:131 daqiqa

16 март куни эрталаб Дубай аэропортига дрон ҳужуми уюштирилди ва БАА ҳаво ҳудуди қисман ёпилди. Ҳужум оқибатида аэропортдаги ёқилғи баки ёниб кетган.

Дубай аэропортига қилинган ҳужум туфайли Тошкент-Дубай йўналишидаги иккита рейс ортга қайтарилди

16 март куни Тошкентдан Дубайга йўл олган икки авиарейс Дубай халқаро аэропортига қилинган дрон ҳужуми оқибатида ортга қайтарилди.

Uzbekistan Airports маълумотига кўра, гап Uzbekistan Airways компаниясининг HY333 рейси ҳамда Centrum Air авиакомпаниясининг C6351 рейси ҳақида бормоқда. Иккала рейс ҳам Дубай йўналишига учган бўлса-да, хавфсизлик сабабларига кўра Тошкентга қайтарилган.

Шунингдек, Uzbekistan Airways компанияси 16 март куни HY333/334 Тошкент — Дубай — Тошкент рейсида учган йўловчиларга чипталарни бепул қайта брон қилиш ёки тўланган маблағни қайтариб олиши мумкинлигини маълум қилди.

Халқаро оммавий ахборот воситалари, жумладан «Ал Jazeera» маълумотига кўра, эрталаб Дубай халқаро аэропорти ҳудудида дрон ҳужуми содир бўлган. Ҳужум натижасида аэропортдаги ёқилғи сақланадиган баклардан бири ёниб кетган. Шу сабабли аэропорт фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Ҳодиса ортидан Бирлашган Араб Амирликлари ҳаво ҳудудида айрим чекловлар жорий этилгани хабар қилинди. Бу эса бир қатор халқаро рейслар парвозига таъсир кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, 10 мартдан бошлаб Ўзбекистон ҳукумати Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларига йўловчи рейсларини қайта тиклашга рухсат берган эди. БААга халқаро парвозлар 28-февралда АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари бошлангандан сўнг вақтинча тўхтатилганди.

Ҳозирча Дубай аэропортидаги вазият ва рейслар ҳаракати қачон тўлиқ тикланиши ҳақида расмий қўшимча маълумот берилмаган.

Teglar

Mavzuga oid