Пойтахтимиз эстетикаси тадбиркорнинг «белини синдириш» эвазига бўлмаслиги керак – Бобур Бекмуродов

Kecha 17:402 daqiqa

Депутат Бекмуродов президент Шавкат Мирзиёев томонидан бизнес учун янги мажбуриятларни юклашга мораторий жорий этилганини ҳам эслатди ва масъул идораларни ноқонуний хатти-ҳаракатларни тўхтатиб, қонунийликни таъминлашга чақирди.

Пойтахтимиз эстетикаси тадбиркорнинг «белини синдириш» эвазига бўлмаслиги керак – Бобур Бекмуродов

Тошкент шаҳрида тадбиркорларни ўзларига тегишли реклама ва пешлавҳаларни мажбурий демонтаж қилишга ундаш ҳолатлари кўпаймоқда. VAQT.UZ билан гаплашган тадбиркорлик субъектлари эгалари ҳам бу ҳолатга ўз эътирозларини билдириб келмоқда. Мазкур вазиятга Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган, Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси раиси сифатида ишлаб келаётган Бобур Бекмуродов ҳам муносабат билдирди.

Депутат Тошкентнинг эстетик қиёфаси замонавий ва чиройли бўлиши кераклиги, аммо, шу билан бирга, бу жараён қонун устуворлиги доирасида амалга оширилиши лозимлигини қайд этган. Бекмуродов бу борада эътибор қаратиш шарт деб ҳисоблайдиган принципиал масалаларга ҳам тўхталган.

«Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг тегишли қарори расман эълон қилингандан уч ой ўтгач кучга кириши белгиланган. Бироқ мажбурий демонтаж ишлари ушбу қарор қабул қилинмасдан бир неча ой олдин бошланган эди. Қонун ҳужжатларининг орқага қайтиш кучи йўқ. Илгари ўрнатилган ва ўша давр талабларига жавоб берган пешлавҳаларнинг дахлсизлиги ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланиши лозим», – дейди у.

Шунингдек, Бобур Бекмуродов президент Шавкат Мирзиёев томонидан бизнес учун янги мажбуриятларни юклашга мораторий жорий этилганини ҳам эслатган. Унинг қайд этишича, дизайн-код талаблари шаҳарсозлик қоидалари сифатида талқин қилинса-да, амалда тадбиркор учун янги стандартдаги воситаларни сотиб олиш — бу қўшимча молиявий юкламадир.

«Ҳар қандай мажбурлов чораси, айниқса хусусий мулкка оид бўлса, фақатгина қонуний кучга кирган суд қарори асосида бўлиши шарт. Тадбиркорга «икки кун ичида демонтаж қил» деб талаб қўйиш — бу маъмурий буйруқбозликнинг кўринишидир. Бундай ёндашув бизнес муҳитига ва инвесторларнинг ишончига салбий таъсир ўтказади», – дейди Бекмуродов.

Депутат ривожланган давлатлар тажрибасини мисол сифатида келтирар экан, у мамлакатларда дизайн-код кескин ўзгарган тақдирда, маҳаллий ҳокимият тадбиркорларга мослашиш учун муддат – «ўтиш даври» бериши ёки харажатларнинг бир қисмини субсидия ҳисобидан қоплашини таъкидлаб, Тошкентда барча юклама фақат тадбиркор зиммасига тушаётганини қайд этди.

«Биз масъул идораларни ноқонуний хатти-ҳаракатларни тўхтатишга ва қонунийликни таъминлашга чақирамиз. Пойтахтимиз эстетикаси тадбиркорнинг «белини синдириш» эвазига бўлмаслиги керак.

Шаҳар маъмурияти бизнес билан «буйруқбозлик» тилида эмас, балки тенг ҳуқуқли шериклик ва очиқ мулоқот асосида ишлаши лозим», – дейди Бобур Бекмуродов.

Teglar

Mavzuga oid