Қозоғистонда янги конституция бўйича референдум ўтказилмоқда

Kecha 16:353 daqiqa

Янги конституция лойиҳаси эски матннинг қарийб 40 фоизини ўзгартиради. Киритилаётган қўшимчалар орасида депутатларга президентга импичмент эълон қилиш ҳуқуқи берилиши ҳам бор.

Қозоғистонда янги конституция бўйича референдум ўтказилмоқда

Бугун, 15-декабр куни Қозоғистонда янги Конституция қабул қилиниши бўйича референдумда овоз бўлиб ўтмоқда. Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 07:00 дан 20:00 гача ишлайди. Айрим участкалар, асосан ҳарбий қисмларда, соат 06:00 да очилди. Япония ва Жанубий Кореяда вақт фарқи сабаб овоз бериш янада эртароқ бошланган.

Бюллетенда фақат битта савол бор: фуқаролар 2026-йил 12-февралда эълон қилинган янги Конституцияни қабул қиладими ёки йўқми. Овоз бериш фақат бутун ҳужжат учун амалга оширилади, уни ёқлаш ёки рад этиш мумкин.

Референдум ўтиши учун сайловчиларнинг ярмидан кўпи қатнашиши керак

Овоз бериш ҳуқуқига 18 ёшдан катта, сайловчилар рўйхатига киритилган Қозоғистон фуқаролари эга. Айрим участкаларда эрталабдан кичик навбатлар ҳам кузатилди.

Референдум барча сайловчиларнинг ярмидан кўпи овоз берган тақдирда ўтган деб ҳисобланади. Натижалар овоз беришдан кейин етти кундан кечиктирмай эълон қилиниши керак.

Конституция матнининг қарийб 40 фоизи ўзгаради

Янги конституция лойиҳаси матннинг қарийб 40 фоизини ўзгартиради, уларнинг тахминан 70 фоизи давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасидаги муносабатлар архитектурасига оид моддаларга тўғри келади. Умуман олганда, моддалар сони 99 тадан 95 тага камаяди.

Асосий фарқлар давлат бошқарувига бевосита боғлиқ моддаларда намоён бўлади. Қозоғистонда икки палатали парламент ўрнига бир палатали Қурултой ташкил этилиши таклиф этилмоқда. Унда 145 депутат бўлиб, улар партия рўйхатлари бўйича 5 йиллик муддатга сайланиши керак. Мамлакатда амалда бўлган аралаш сайлов тизими бекор қилинади.

Янги маслаҳат органи – «Халик Кенеси»

Шунингдек, «Халик Кенеси» (Халқ кенгаши) номли янги маслаҳат органини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. У камида йилига бир марта йиғилиши ва қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлиши керак.

Бироқ унинг 126 нафар аъзоси – миллий маданий марказлардан, жамоат ташкилотларидан ва ҳудудий вакиллик органларидан 42 тадан – бевосита Қозоғистон президенти томонидан тайинланади.

Вице-президент лавозимини тиклаш таклиф қилинмоқда

30 йилдан сўнг вице-президент лавозимини тиклаш ҳам таклиф қилинмоқда. У халқаро форумларда мамлакат манфаатларини ифода этади, хорижий делегациялар билан музокараларда қатнашади, Қурултой мажлисларида президент номидан сўзлайди, шунингдек, маҳаллий ва халқаро жамоат-сиёсий ташкилотлар ҳамда илмий-маданий доиралар билан ишлайди.

Вице-президент номзодини президент Қурултойга таклиф қилади, аммо буни икки мартадан ортиқ қила олмайди. Агар депутатлар номзодни иккинчи марта ҳам маъқулламаса, парламент автоматик тарзда тарқатилади.

Вице-президент номзоди депутатларнинг кўпчилик овози билан тасдиқланади. Шу тартибда Қурултой спикери, бош вазир ва Олий суд судяларини тасдиқлаш ҳам таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, Олий суд раиси ҳамда Конституциявий суд раиси ва ўн нафар аъзоси президент фармонлари билан тайинланади.

Президентга импичмент эълон қилиш имконияти

Янги лойиҳага кўра, Қурултой депутатлари президентга импичмент эълон қилиш ташаббуси билан чиқиши мумкин – амалдаги Конституцияда бундай норма йўқ. Бироқ бир шарт бор: агар Конституциявий суд Қурултой қарорини тасдиқламаса, импичмент ташаббускорлари депутатлик мандатларидан маҳрум этилади.

Конституция халқаро қарорлардан устун

Янги таклифлар орасида қуйидагилар ҳам бор:

Қозоғистон Конституциясининг халқаро ташкилотлар қарорларидан шартсиз устунлиги

никоҳни эркак ва аёлнинг ихтиёрий иттифоқи сифатида белгилаш

жамоат хавфсизлиги ва ахлоққа таҳдид солган ҳолларда намойишларни чеклаш.

Шу билан бирга, янги лойиҳада омбудсман институтини конституциявий даражада мустаҳкамлаш, адвокатурага конституциявий мақом бериш ва барча конституциявий ўзгаришларни фақат умуммиллий референдум орқали қабул қилиш таклиф қилинмоқда.

Teglar

Mavzuga oid