Тўланмаган жарималар учун автомобилларни жарима майдончасига жойлаштириш тартиби тасдиқлади
Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарималарни 60 кун ичида тўламаган қарздорларнинг автомобиллари жарима майдончасига жойлаштирилади.
© Foto: avtoelon.uzИчки ишлар вазирлиги йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маъмурий ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқишнинг янги тартибини тасдиқлади. Унга кўра, белгиланган муддатда тўланмаган жарималар сабабли автомобиллар жарима майдончасига жойлаштирилиши мумкин. Вазир Азиз Тошпўлатовнинг 5-ноябрдаги буйруғи билан тасдиқланган йўриқнома 2027-йил 7-январдан кучга киради. Ҳужжат 2011-йилдан бери амалда бўлган йўриқноманинг ўрнини эгаллайди
Ҳужжатга кўра, йўл ҳаракати қоидасини бузганлик учун жарима қарор чиқарилган кундан бошлаб 60 кун ичида тўланиши шарт. Агар қарор устидан шикоят қилинган ёки протест билдирилган бўлса, тўлов муддати шикоят ёки протест қаноатлантирилмагани ҳақида хабар берилган кундан бошлаб 30 кунни ташкил этади.
Автоматик назорат ва жойида тўлаш имконияти
Жарима белгиланган муддатда тўланмаса, автомобил ва қарздорлик ҳақидаги маълумотлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) инспекторларининг планшетларида автоматик равишда акс этади.
Инспекторлар ушбу электрон маълумотлар асосида алоҳида маъмурий баённома тузмасдан туриб, автомобилни ушлаб, жарима майдончасига юборади.
Шу билан бирга, ҳайдовчиларда автомобилнинг жарима майдончасига жойлаштирилишини четлаб ўтиш имконияти сақлаб қолинган. Йўриқномада белгиланишича, инспектор томонидан тўхтатилган вақтда қарздорлик электрон тўлов тизимлари, мобил иловалар ёки банк кассалари орқали тўлиқ тўланса ва тўлов тасдиғи тизимга автоматик равишда келиб тушса, автомобил ушлаб турилмайди.
Ушлаб турилган автомобил жарима майдончасида жарима тўғрисидаги қарорни ижро этиш бўйича иш юритиш якунлангунига қадар сақланади. Қарздорлик тўлангандан сўнг ҳудудий маъмурий амалиёт маркази ходимлари тўловни текширади ва автомобилни қайтариш учун электрон рухсатнома расмийлаштиради. Муддатида тўланмаган жарималар бўйича қарорлар эса «Маъмурий амалиёт» электрон тизими орқали қарздорликни ундириш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига (МИБ) юборилади.
Электрон баённомалар ва камералар орқали қайд этиш
Янги тартибга асосан, ЙҲХХ ходимлари томонидан маъмурий баённомалар асосан планшетлар ёрдамида электрон шаклда тузилади. Ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш учун биометрик тизимлардан, баённомани тасдиқлаш учун эса электрон имзо ёки бармоқ изидан фойдаланилади.
Қоғоз шаклидаги баённомалар фақат айрим ҳолатларда, жумладан, ҳайдовчи ҳуқуқбузарликни инкор этса, иш жабрланувчининг аризаси асосида қўзғатилса ёки алоқа мавжуд бўлмаса тузилиши мумкин. Кейинчалик бундай ҳужжатлар сканер қилиниб, барибир электрон тизимга киритилади.
Шунингдек, ҳуқуқбузарлардан жаримани инспектор томонидан жойида ундириш қатъиян тақиқланади.
Агар йўл ҳаракати қоидаси бузилгани автоматик камералар орқали қайд этилса, маъмурий баённома тузилмасдан ва ҳуқуқбузар иштирокисиз қарор чиқарилиши маълум қилинди.
Бунда жавобгарликка автомобил эгаси ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқи расман берилган шахс тортилади. Қайд этилган ҳуқуқбузарлик маълумотлари 48 соат ичида ваколатли органга келиб тушмаса, маъмурий иш тугатилади.
Чегирмалар ва жарима баллари тизими
Маъмурий ишлар 15 кун ичида кўриб чиқилади ҳамда хабарнома Ягона портал (ЯИДХП) ёки мобил иловага юборилади. Жарима қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида ихтиёрий равишда тўланса сумманинг 50 фоизини, 30 кун ичида тўланса 70 фоизини тўлаш етарли бўлади. Ушбу имтиёзлар бир йил ичида такроран содир этилган қоидабузарликларга ва транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш каби оғир ҳолатларга нисбатан қўлланмайди.
Бундан ташқари, қоидабузарликлар учун жарима балларини ҳисоблаш тартиби ҳам очиқланган. Унга кўра, бир ҳуқуқбузарлик учун кўпи билан икки балл ҳисобланади ва улар бир йил ўтгач бекор қилинади. Ҳайдовчи 12 баллдан ортиқ тўплаган тақдирда, қўшимча жазо тайинлаш масаласини кўриб чиқиш учун материаллар судга юборилади. Жарима қарори устидан шикоят қилиш муддати эса нусха олинган кундан бошлаб 10 кунни ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айнан шу ҳужжат билан йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича жарималар ва балл ҳисоблашнинг янги тартиби ҳам белгилангани ҳақида хабар берилганди.





