«Ўзметкомбинат» экологияга етказилган зарар учун 1,63 млрд сўм жаримага тортилди
Экология қўмитасига кўра, металлургия комбинати атмосферани меъёрдан ортиқ даражада ифлослантирган ва экологик талабларни қўпол равишда бузган.
© Foto: president.uzБекобод шаҳрида жойлашган металлургия заводи атмосферани меъёрдан ортиқ даражада ифлослантиргани ва экологик талабларни қўпол равишда бузгани сабабли 1 млрд 630 млн сўмдан ортиқ миқдорда товон пули тўлайдиган бўлди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Экология қўмитаси ҳузуридаги Давлат экологик назорат инспекцияси (Экология полицияси) ходимлари томонидан «Ўзметкомбинат»да текширув ўтказилган.
Рейд натижаларига кўра, электр печларида пўлат эритиш ва ферроқотишмалар ишлаб чиқариш сехларидан атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли моддалар миқдори рухсат этилган меъёрлардан бир неча юз ва минг баробаргача ошиб кетгани аниқланган.
Хусусан, пўлат қуйиш сехида чанг ва газни тозалаш тизимларининг самарадорлиги ўта пастлиги сабабли, зарарли заррачалар ҳеч қандай тўсиқсиз тўғридан тўғри атмосферага тарқалиб келган.
Лаборатория таҳлиллари натижаларига кўра, пўлат қуйиш сехидан олинган ҳаво намуналарида олтингугурт оксиди миқдори белгиланган энг юқори меъёрдан 1533 баравар, углерод оксиди 20 баравар ҳамда ноорганик чанг заррачалари 2,4 баравар юқорилиги тасдиқланди.
Қоидабузарликлар ва мажбурий кўрсатмалар
Ферроқотишмалар сехидан олинган намуналарда эса вазият янада ачинарли экани кўринган. Ушбу сехда ноорганик заррачалар миқдори белгиланган меъёрдан 24,9 баравар, карбонат ангидрид миқдори рухсат этилган меъёрдан 23,3 баравар ва азот диоксиди (НО2) миқдори 2,12 баравар кўп эканлиги аниқланган.
Бундан ташқари, завод экологик экспертиза хулосасида аниқ белгилаб берилган талабларни умуман бажармаган. Корхона ҳудудида ифлосланиш манбалари яқинига автоматик мониторинг тизимлари ўрнатилмаган, шунингдек, атмосфера ҳавосини лаборатория назоратидан ўтказиш ишлари ҳам талаб даражасида ташкил этилмаган.
Шу муносабат билан, Экология полицияси томонидан атроф-муҳитни ифлослантиргани учун «Ўзметкомбинат»га нисбатан жами 1 630 920 419 сўм миқдорида компенсация тўловлари ҳисоблаб чиқилди.
Шунингдек, қўмита томонидан корхонага аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш бўйича қатор мажбурий кўрсатмалар берилди.
Унга кўра, завод барча чанг ва газ тозалаш филтрларини алмаштириши, уларнинг ишлаш самарадорлигини камида 95 фоизга етказиши, автоматик мониторинг станцияларини ўрнатиши ҳамда лаборатория назоратини кучайтириши шарт.





