Валютага талаб таклифдан 6,1 млрд долларга юқори бўлди — ички валюта бозори шарҳи
Ички валюта бозорида 2026-йил январ–август ойларида талаб 44 млрд долларга, таклиф эса 38 млрд долларга етди. Vaqt.uz валюта бозорида шаклланган талаб ва таклиф, шунингдек, доллар курси тебранувчанлигини таҳлил қилди.
© NGOC THANGЎзбекистон ички валюта бозорида 2026-йилнинг январ–август ойларида чет эл валютасига талаб ҳам, унинг таклифи ҳам ошган. Марказий банк маълумотларига кўра, ҳисобот даврида юридик ва жисмоний шахсларнинг хорижий валютага бўлган жами талаби 44 млрд 323 млн долларни ташкил этган.
Шу даврда бозордаги жами валюта таклифи эса 38 млрд 208 млн долларга етган.
Валютага талабнинг 78 фоизи корхоналар ҳиссасига тўғри келди
2026-йилнинг дастлабки саккиз ойида валютага бўлган талабнинг катта қисми юридик шахслар томонидан шакллантирилган. Корхоналарнинг чет эл валютасига талаби 34 млрд 739 млн доллар, жисмоний шахсларники эса 9 млрд 584 млн доллар бўлган.

Talab | Manba: Markaziy bank
Шундай қилиб, умумий талабнинг қарийб 78 фоизи юридик шахслар, 22 фоизга яқини жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келади.
Таққослаш учун, 2024-йил январ–август ойларида ички валюта бозоридаги жами талаб 30 млрд 672 млн доллар бўлган. 2025-йилда бу кўрсаткич 37 млрд 780 млн доллар, 2026-йилда эса 44 млрд 323 млн долларга етган.
Яъни, икки йил ичида валютага бўлган талаб 13,7 млрд долларга, ёки қарийб 45 фоизга ошган.
Валюта таклифи 50 фоиздан кўпроқ ошди
Талаб билан бир қаторда ички бозорга таклиф қилинаётган хорижий валюта ҳажми ҳам кўпайган. 2026-йил январ–август ойларида жами валюта таклифи 38 млрд 208 млн долларни ташкил этган.

Taklif | Manba: Markaziy bank
Шундан 21 млрд 646 млн доллари юридик шахслар, 16 млрд 562 млн доллари жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келган.
2025 йилнинг шу даврида жами таклиф 30 млрд 433 млн доллар, 2024-йилда эса 25 млрд 367 млн доллар бўлган. Демак, икки йил давомида бозорга таклиф қилинган валюта ҳажми 12,8 млрд долларга, ёки 50 фоиздан кўпроққа ошган.
Бу ерда жисмоний шахслар фаоллигининг ўсиши алоҳида кўзга ташланади. Аҳоли томонидан таклиф қилинган валюта 2024-йилдаги 10 млрд 228 млн доллардан 2025-йилда 13 млрд 149 млн долларга, 2026-йилда эса 16 млрд 562 млн долларга етган.
Натижада жисмоний шахсларнинг валюта таклифи икки йил ичида қарийб 6,3 млрд долларга ошган.
Талаб ва таклиф ўртасидаги фарқ қисқарган
2026-йилнинг саккиз ойида валютага талаб ва таклиф ўртасидаги тафовут 6 млрд 115 млн долларни ташкил этган. Яъни, бозор иштирокчиларининг валютага бўлган талаби таклифдан юқори бўлган.
Бироқ бу тафовут 2025-йилга нисбатан қисқарган. Ўша даврда талаб 37,8 млрд доллар, таклиф эса 30,4 млрд доллар бўлиб, улар ўртасидаги фарқ қарийб 7,3 млрд долларни ташкил қилган.
2024-йилда эса талаб 30,7 млрд доллар, таклиф 25,4 млрд доллар бўлган ва фарқ қарийб 5,3 млрд долларни ташкил этган.
Умуман, сўнгги уч йил кўрсаткичлари ички валюта бозорида ҳам талаб, ҳам таклиф ҳажми кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда. Айниқса, 2026-йилда талабнинг 44,3 млрд долларга, таклифнинг эса 38,2 млрд долларга етиши бозордаги валюта операциялари ҳажми сезиларли даражада ошганини кўрсатади.
Бунда талабнинг асосий қисми юридик шахслар ҳиссасига тўғри келаётган бўлса, таклиф таркибида жисмоний шахсларнинг улуши ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда.
Доллар курси йил бошидан бери пасайишда
Ички валюта бозоридаги талаб ва таклиф динамикаси билан бир қаторда, 2026-йил давомида доллар курсида ҳам нисбатан кичик тебранишлар кузатилган.

Manba: Markaziy bank
Марказий банк маълумотига кўра, 2026-йил январь–август ойларида АҚШ доллари курси 11 779–12 320 сўм атрофида шаклланган. Ҳисобот даври якунида курс 1,5 фоизгача ошган.
Шу даврда доллар курсининг икки томонлама ўртача тебранувчанлиги 32,3 сўм ёки 0,27 фоизни ташкил этган. 2025-йилнинг январь–август ойларида эса ушбу кўрсаткич 32,4 сўм ёки 0,26 фоиз бўлган.
2025-йил бошида доллар курси 12 920 сўм атрофида бўлган. Йил давомида курс пасайиб, декабрь ойига келиб 12 минг сўм атрофида шаклланган.
2026-йил бошида эса курс яна 12 минг сўмлик чегара атрофида ҳаракатланган. Август ойининг якунида доллар 11 821 сўм атрофида қайд этилган.
Демак, 2026-йилнинг дастлабки саккиз ойида доллар курсининг умумий йўналиши пасайган бўлса-да, кунлик ва қисқа муддатли даврларда курс юқорига ва пастга тебраниб турган.
Бу кўрсаткичларни ички валюта бозоридаги талаб ва таклиф билан бирга кўриш муҳим. Чунки 2026 йил январь–август ойларида чет эл валютасига талаб 44,3 млрд доллар, таклиф эса 38,2 млрд доллар бўлган. Шу билан бирга, валюта бозоридаги ушбу ҳажмлар ошган даврда доллар курсининг тебранувчанлиги 2025-йилнинг шу даврига нисбатан деярли ўзгармаган.
Натижада 2026-йилнинг саккиз ойида ички валюта бозорида катта ҳажмдаги талаб ва таклиф шаклланган бўлса-да, доллар курсининг икки томонлама ўртача тебранувчанлиги 0,27 фоиз даражасида қолган.
Teglar






