Тошкентда жамоат транспортида нархлар ошиши мумкин
Хўш, бунга жамоат транспорти фойдаланувчиларининг муносабати қандай? Мутасаддилар эса нарх ошишига асосий сабаб сифатида нимани кўрсатяпти? Vaqt.uz ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида ҳар икки томонга микрофон тутди.
1-октябрдан автобус ва метро учун йўл ҳақи электрон тўловда 1700 сўмдан 2500 сўмга оширилиши таклиф этиляпти. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг қарори лойиҳаси 19-сентябрга қадар муҳокама учун жойлаштирилган. Яъни, бирданига тўлов 47 фоизга кўтарилиши мумкин.
Жамоат транспортида йўлкира тарифларининг қайта кўриб чиқилиши юзасидан ўтказилган сўровномада пойтахт аҳолисининг фикри иккига бўлинди. Респондентларнинг ярми бу қарорни иқтисодий зарурат сифатида қабул қиляпти. Уларнинг таъкидлашича, ёнилғи ва иш ҳақи ошиши баробарида янги автобуслар олиб келиниб, ҳаракат интерваллари қисқартирилса, бу нарх ошишини оқлайди.
Аҳолининг қолган қисми, айниқса, кўп фарзандли оилалар ва талабалар 47 фоизлик ўсишни жуда қиммат деб баҳолаб, улар нархларни бирданига эмас, балки 10–20 фоиздан босқичма-босқич оширишни таклиф қиляпти. Шунингдек, йўловчилар нарх кўтарилишига параллел равишда автобусларнинг кечикмасдан келиши ва алмаштириб чиқиш (пересадка) тизимининг қулайлиги таъминланиши шартлигини гапирди.
Бир йўловчини ташиш таннархи
Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Абдуллаевга кўра, аҳоли томонидан метро ва автобусга тўланадиган 1700 сўм аслида харажатнинг атиги тўртдан бир қисмини қоплайди. Хўш, бир йўловчини ташишнинг ҳақиқий таннархи қанча ва давлат ҳар бир сафар учун қанча субсидия тўламоқда?
«Пойтахтда 2023-йилда белгиланган электрон йўлкира тарифини 1700 сўмдан 2500 сўмга ошириш режалаштирилмоқда. Ушбу таклифни ишлаб чиқишда Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси ҳамда пойтахт ҳокимлиги масъуллари томонидан хориж, хусусан, МДҲ мамлакатлари тажрибаси чуқур ўрганилди.
Таҳлилларга кўра, бугунги кунда пойтахт автобусларида бир йўловчини ташиш таннархи 5500 сўмдан ошиб кетган. Амалда бу харажатларнинг 70–75 фоизи маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қопланяпти. Шу боис, харажатлар ва даромадлар мутаносиблигини таъминлаш мақсадида электрон тўлов тарифини 2500 сўм этиб белгилаш таклиф этилди», — дейди у.
Йўлкирани босқичма-босқич ошириш мумкинми?
Мулоқот давомида аҳоли ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларини ҳам масъулга тақдим этиб, унда аҳоли йўлкира ҳақини бундай кескин эмас, балки босқичма-босқич ошириш таклифини илгари сурганини айтдик. Бироқ мутасаддининг таъкидлашича, уч йиллик жамланган инфляция ва техник омиллар сабаб айнан ушбу қарорга келинган.
«Ижтимоий тармоқлардаги аҳоли эътирозлари масъуллар томонидан ўрганилди. Йўлкира тарифи 2023-йилдан буён ўзгармагани ва фақат 2026-йилнинг тўртинчи чорагига келиб қайта кўрилаётгани бежиз эмас. Ўтган уч йил давомида иш ҳақи, эҳтиёт қисмлар ва ёнилғи нархи босқичма-босқич ошиб борди.
Жамоат транспорти ижтимоий соҳа бўлгани боис нархларни ҳар йили ёки ҳар неча ойда ошириш мақсадга мувофиқ эмас. Шу сабабли, уч йиллик жамланган харажатлар ҳисобга олиниб, ягона қайта ҳисоб-китоб қилинди. Нархларни тез-тез ўзгартириш эса аҳоли ўртасида тушунмовчиликлар келтириб чиқариши мумкин», — дейди Шуҳрат Абдуллаев.
Тарифлар ошиши йўловчиларга қандай қулайликлар беради?
Масъулнинг айтишича, йўл ҳақи тарифларидан тушадиган қўшимча маблағлар Тошкентда жамоат транспорти паркини янгилашга йўналтирилади. Режага кўра, 2027-йилнинг биринчи чорагига қадар пойтахтга 400 га яқин замонавий, тезкор ва экологик тоза электробуслар олиб келинади. Бу эса йўналишлардаги оралиқ интервалларни 2–3 дақиқага қисқартириш имконини беради.
Шунингдек, янги жамоат транспорт воситалари замонавий иқлим назорати (кондиционер) тизими, бекатларни автоматик эълон қилиш ҳамда тўлиқ рақамлаштирилган ахборот панеллари билан жиҳозланиб, йўловчиларга юқори сифатли хизмат кўрсатилади.
Автобус «қуёнлари»
Транспорт назорати инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Фирдавс Хайриддиновга кўра, тарифлар ошиши билан бирга, йўл ҳақини тўламасдан юрувчиларга нисбатан назорат ҳам кескин кучайтирилади. Ҳукумат қарори билан автобусга чиқиши биланоқ тўлов қилмаганлар расман чиптасиз йўловчи деб топилади ва рейдларда маъмурий жавобгарликка тортилади.
Маълумотга кўра, 2026-йилнинг 1-январидан 15-сентябргача бўлган ҳолатга кўра, 102 мингта йўл ҳақини тўламаган чиптасизларга нисбатан баённома расмийлаштирилган ва ҳуқуқбузарлардан 2,5 миллиард сўмга яқин пул ундирилган.
Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 276-сонли қарорига мувофиқ, чиптасиз юрганлик учун жарима миқдорини ошириш таклифи илгари сурилган. Ҳозир амалда бўлган жарима суммаси 44 минг сўмни ташкил этмоқда.
Янги таклифга кўра, чиптасиз йўловчилар учун жарима миқдорини 220 минг сўмгача ошиши мумкин.
Метрополитен ортиб бораётган йўловчилар оқимини қабул қилишга қанчалик тайёр?
14-сентябр куни барча олий ўқув юртларида дарслар бошланиши муносабати билан метрода рекорд янгиланди. Бир кунда ерости транспортидан 1 миллион 165 мингдан зиёд йўловчи фойдаланди. Хўш, метрополитен бундай улкан оқимни қаршилашга ва сифатли хизмат кўрсатишга қанчалик тайёр эди?
Метрополитен матбуот хизмати раҳбарига кўра, 2026-йилда харид қилиниши режалаштирилган 14 та замонавий, тўрт вагонли поезднинг барчаси ўқув йили бошлангунига қадар метро паркига олиб келинган. Уларнинг асосий қисми ерусти ҳалқа йўналишига жалб қилинди.
Шунингдек, тиғиз вақтларда поездлар ҳаракат интервали қисқартирилган. Чилонзор йўналишида 1,5–2 дақиқа, Ўзбекистон йўналишида 3 дақиқа, Юнусобод йўналишида 4 дақиқа, ерусти ҳалқа йўналишида эса 7–8 дақиқалик интервал йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, йўловчилар оқимини самарали бошқариш учун 50 та бекатда тиғиз вақтларда метрополитен раҳбарияти навбатчилиги ташкил этилган.
Асосий вазифа сифатида эса метро йўналишларини янада кенгайтириш ҳамда 2030-йилга бориб кунлик йўловчи оқимини 1 миллион 800 мингга етказиш кўзда тутилган.
Teglar






