Хоманаий эҳтимолий суиқасд сценарийларига тайёрланмоқда — NYT
Эрон олий раҳбари Али Хоманаий мамлакат раҳбариятига қарши суиқасд эҳтимоли шароитида ҳаракат режасини ишлаб чиқишни топширган, дея хабар қилмоқда «The New York Times» нашри.

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий эҳтимолий суиқасдлар ёки ташқи зарбалар шароитида давлат бошқаруви узлуксизлигини таъминлаш бўйича режа тайёрлашни буюрган. Бу ҳақда «The New York Times» олти нафар юқори лавозимли эронлик амалдор ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси — ИИМК аъзоларига таяниб хабар бермоқда.
Нашр манбаларига кўра, топшириқ Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Ларижоний ва бошқа сиёсий ҳамда ҳарбий шахсларга берилган.
Топшириқ мамлакат нафақат АҚШ ёки Исроил эҳтимолий зарбаларига, балки олий раҳбариятга қарши ҳар қандай суиқасд уринишларига тайёр бўлишини назарда тутади. Ҳужжатлар мазмунига кўра, республика олий раҳбарнинг ўзига нисбатан ҳам таҳдидлар сценарийсини инобатга олган.
Ворислик тизими
Манбаларнинг айтишича, Хоманаий ҳар бир ҳарбий ва сиёсий лавозим бўйича тўрт босқичли ворислик тизимини белгилаган. Бу лавозимлар одатда унинг шахсий тайинлови орқали шаклланади. Барча юқори даражадаги раҳбарларга эҳтимолий тўрт нафар ворис номзодини кўрсатиш топширилган.
Шунингдек, тор доирадаги ишончли шахсларга фавқулодда ҳолатларда қарор қабул қилиш ваколати берилган. Бу механизм олий раҳбар ҳалок бўлган ёки у билан алоқа узилган тақдирда бошқарув тизими издан чиқмаслигини таъминлашга қаратилган.
Ташқи босим фонида
NYT маълумотларига кўра, мазкур чоралар минтақадаги ташқи босим ва ҳарбий кескинлик ортиши фонида кўрилмоқда. АҚШ ва Исроил билан муносабатлар таранглашган шароитда Теҳрон ички барқарорлик ва бошқарув узлуксизлигини устувор вазифа сифатида белгиламоқда.





