АҚШ Таиландда россияликларга нисбатан ҳақиқий «ов» бошлаган — Россия ТИВ
Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароларини Таиландга сафар қилишдан эҳтиёт бўлишга чақирди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Таиландга сафар қилишни режалаштираётган фуқароларга огоҳлантириш билан чиқди. Вазирлик маълумотига кўра, мамлакат ҳудудида АҚШнинг сўровлари асосида россияликларни ушлаш ва экстрадиция қилиш хавфи мавжуд.
«Афсуски, россиялик сайёҳлар орасида оммабоп бўлган ва биз учун дўстона бу мамлакат Вашингтон россияликларга нисбатан ҳақиқий «ов» бошлаган жойлардан бири бўлиб қолмоқда», — дейилади вазирлик хабарида.
Россия ТИВ Вашингтонни мамлакат ҳукумати билан етарлича ҳисоблашмасдан туриб, россияликларни қўлга олиш бўйича операциялар ўтказаётганликда айблади.
Вазирлик баёнотида қайд этилишича, қўлга олинганларнинг кўпчилиги Америка махсус хизматлари томонидан таҳдидлар, қўрқитиш ва руҳий босимларга дуч келмоқда.
Экстрадиция шартномаси
Таиланд ва АҚШ ўртасида жиноятда гумон қилинган шахсларни топшириш бўйича икки томонлама шартнома амал қилади. Шу сабабли америкалик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қидираётган шахслар Таиланд ҳудудида ушланиши ва кейинчалик АҚШга топширилиши мумкин.
Россия расмийларининг фикрича, Украинадаги уруш бошланганидан кейин АҚШ томонидан россияликларга нисбатан ҳуқуқий босим кучайган.
Санкциялар ва чекловлар шароитида баъзи фуқаролар ўзлари билмаган ҳолда америкалик тергов органларининг диққат марказига тушиб қолиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Россия ТИВ нафақат Таиландга туристик ёки хизмат сафари билан боришдан, балки мамлакат аэропортлари орқали транзит парвозларни амалга оширишдан ҳам эҳтиёт бўлишни тавсия қилди.





