add

Гренландия баҳонасида АҚШ бир қатор Европа давлатларига бож жорий этмоқда

Bugun 11:132 daqiqa

Доналд Трамп Гренландия масаласи сабаб Европанинг саккизта давлатига нисбатан янги божлар жорий этилишини эълон қилди.

Гренландия баҳонасида АҚШ бир қатор Европа давлатларига бож жорий этмоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп 1 февралдан бошлаб Европанинг саккизта давлатига нисбатан 10 фоизлик импорт божлари жорий этилишини маълум қилди. Гап Дания, Норвегия, Швеция, Франция, Германия, Буюк Британия, Нидерландия ва Финляндия ҳақида кетмоқда. Трампнинг таъкидлашича, 1 июндан бу тарифлар 25 фоизгача оширилади. Ушбу чоралар АҚШ ва Европа давлатлари ўртасида Гренландияни сотиб олиш бўйича келишувга эришилмагунча амал қилади.

Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ бу ҳудудни сотиб олишга уриниб келаётганига 150 йилдан ошган. Унинг фикрича, замонавий ҳарбий таҳдидлар ва янги мудофаа тизимлари шароитида Гренландия стратегик аҳамиятга эга. Президент АҚШнинг «Олтин гумбаз» деб аталувчи янги ракетага қарши мудофаа лойиҳаси самарали ишлаши учун Гренландия мазкур тизимга қўшилиши шартлигини таъкидлади. Унинг айтишича, Хитой ва Россия ҳам оролга қизиқиш билдирмоқда, Дания эса бу жараёнга таъсир ўтказа олмайди.

Оқ уй раҳбари Европа давлатларининг Гренландияга «номаълум мақсадлар билан» борганини даъво қилиб, бу ҳолатни глобал хавфсизлик учун хавфли деб атади. Шу билан бирга, АҚШ Дания ва бошқа мамлакатлар билан музокараларга тайёр эканини билдирди.

Европада эса бу баёнот кескин реакцияларга сабаб бўлди. Франция президенти Эммануэл Макрон «X» ижтимоий тармоғида босим ва таҳдидлар қабул қилинмаслигини билдириб, Париж Дания билан биргаликда Гренландияда ҳарбий машқларда иштирок этишини айтди. У Европа суверенитетини ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлади.

Германия ҳукумати номидан чиқиш қилган Штефан Корнелиус Берлин Европа Иттифоқи ҳамкорлари билан яқин маслаҳатлар олиб бораётганини маълум қилди.

Швеция бош вазири Улф Кристерссон ҳам «X» ижимоий тармоғида Швецияни шантаж қилиш мумкин эмаслигини очиқ ёзди.

Маълумот учун: Гренландия 1953 йилгача Дания мустамлакаси бўлган, 2009 йилдан эса ички сиёсатда кенг автономияга эга. Орол ҳукумати АҚШ таркибига қўшилиш ғоясига қатъий қарши чиқмоқда.

Teglar

Mavzuga oid