Logo

Мактаблардаги телефон тақиқлари ишламаяпти: OECD ўсмирларнинг рақамли одатларини таҳлил қилди

Bugun 09:002 daqiqa

Унга кўра, қизлар ҳафтасига ўртача 37,2 соат вақтини тармоқларда ўтказса, ўғил болаларда бу кўрсаткич 31,8 соатни ташкил этади.

Мактаблардаги телефон тақиқлари ишламаяпти: OECD ўсмирларнинг рақамли одатларини таҳлил қилди

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) мамлакатларида 15 ёшли ўқувчилар ҳафтасига ўртача қарийб 35 соат вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказади. Бу уларнинг мактаб дарслари ва уй вазифаларига сарфлайдиган вақтидан сезиларли даражада кўпдир. Бу ҳақда ташкилотнинг «Ижтимоий тармоқлар даврида улғайиш» номли янги ҳисоботида маълум қилинди.

Халқаро ўқувчиларни баҳолаш дастурининг (PISA) 2022 йилги маълумотларига асосланган ҳисоботга кўра, 15 ёшлиларнинг 95 фоизи ҳар куни ижтимоий тармоқларни кузатади, 88 фоизи эса уларда мулоқот қилади ёки рақамли контент улашади. Кўрсаткичлар давлатлар кесимида фарқ қилади: Японияда ўсмирлар тармоқларда ҳафтасига 26 соатдан камроқ вақт ўтказса, Чилида бу кўрсаткич 45 соатдан ошади.

«Таққослаш учун, OECD мамлакатларидаги ўртача 15 ёшли ўқувчи ҳафтасига мактаб дарсларига қарийб 24 соат ва уй вазифаларини бажаришга 10,5 соат сарфлайди», - дейилади хабарда.

Қизлар ижтимоий тармоқларнинг энг фаол фойдаланувчилари ҳисобланади.

Қизлар ҳафтасига ўртача 37,2 соат вақтини тармоқларда ўтказса, ўғил болаларда бу кўрсаткич 31,8 соатни ташкил этади. Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан паст қатламга мансуб ўсмирлар ўзларининг ўзига тўқ тенгдошларига қараганда тармоқларда 5-8 соат кўпроқ вақт ўтказиши аниқланган.

Таълимга таъсири ва ҳукуматларнинг чеклов чоралари

Ижтимоий тармоқлардан меъёрида (кунига 1 соатдан 3 соатгача) фойдаланадиган ўқувчилар математика, табиий фанлар, ўқиш ва ижодий фикрлаш бўйича юқорироқ балл тўплаган. Бироқ, тармоқлардан кунига 3 соатдан ортиқ фойдаланиш академик кўрсаткичларнинг кескин пасайишига олиб келиши кузатилган. Ҳаддан ташқари кўп (масалан, кунига 11 соатдан ортиқ) фойдаланувчиларда энг паст баҳолар қайд этилган.

Ушбу ҳолатлар фонида дунёнинг қатор мамлакатлари мактабларда рақамли қурилмалардан фойдаланишни чеклаш ёки ижтимоий тармоқлар фаолиятини тартибга солувчи қонунлар қабул қилмоқда. Хусусан, Франция ўрта мактабларида телефонлардан фойдаланиш тақиқланган бўлса, Австралияда 16 ёшга тўлмаганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чекловчи қонун жорий этилди, АҚШнинг кўплаб штатларида ҳам шу каби чекловлар ва ота-оналар назоратини талаб қилувчи ҳужжатлар қабул қилинди.

Шу билан бирга, мактаблардаги тақиқлар доим ҳам кутилган натижани бермаётгани айтилмоқда. OECD сўровларига кўра, мобил телефонлари тақиқланган мактаблардаги 15 ёшли ўқувчиларнинг 29 фоизи телефондан мактаб ҳудудида кунига бир неча марта фойдаланишини тан олган, яна 21 фоизи эса деярли ҳар куни фойдаланишини билдирган. «Мактаблардаги мобил телефон тақиқлари ўқувчиларнинг ижтимоий тармоқлардан умумий фойдаланиш вақтини қисқартиришга сезиларли таъсир кўрсатмаган», — дея қайд этади ташкилот ўз ҳисоботида.

Teglar

Mavzuga oid