Ошхона ва меҳмонхоналарда спиртли ичимликларни нақд пулда сотишга рухсат берилиши мумкин
1-апрелдан бошлаб Ўзбекистонда айрим хизмат турлари, жумладан алкогол ва тамаки маҳсулотлари савдосини электрон тўловлар орқали амалга ошириш тартиби жорий этилган эди. Солиқ қўмитаси раиси мазкур тартибга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилгани, ҳозир тегишли идоралар билан келишилаётганини маълум қилди.
© foodsafety.ruБугун, 22-апрел куни умумий овқатланиш соҳаси тадбиркорлари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахобов, Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов, Бизнес-омбудсман ўринбосари Жамшид Ўринов иштирок этди. Учрашувда бизнесга тўсиқ бўлаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш масалалари асосий эътибор марказида бўлди.
Тадбиркорлардан бири туристлардан овқатланиш учун алоҳида, алкогол маҳсулотлари учун алоҳида тўлов қилиниши ноқулайликларга сабаб бўлаётганини таъкидлади.
Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов бунга жавобан яқин кунларда умумий овқатланиш корхоналарида алкогол маҳсулотларини нақд пул шаклида ҳам реализация қилиш имконияти яратилишини маълум қилди.
Шунингдек, очиқ мулоқотда сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида меҳмонхоналарда туристик йиғимни нақт пул кўринишида қабул қилиш имконияти яратилгани ҳам қайд этилди.
Aввалроқ ушбу масала Савдо-саноат палатаси томонидан солиқ маслаҳатчилари, аудиторлар ҳамда бухгалтерлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда кўтарилган эди.





