Ўзбекистон 2030-йилгача олтин ишлаб чиқаришни 175 тоннага етказади

Қисқа муддатда заргарлик саноатида ишлаб чиқариш 3,3 карра ўсиб, 13 триллион сўмдан ошди.

Ўзбекистон 2030-йилгача олтин ишлаб чиқаришни 175 тоннага етказади

Ўзбекистон 2030-йилга қадар ишлаб чиқаришни олтинда 175 тоннага, кумушда 500 тоннага, уранда 15 минг тоннага, мисда 500 минг тоннага етказишни мақсад қилган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 16-март куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикасини ишга тушириш маросимида маълум қилди.

Қайд этилишича, бу борада амалга оширилаётган 22 миллиард долларлик лойиҳалар доирасида яратиладиган 40 мингга яқин юқори даромадли иш ўринлари ёшлар учун катта имконият бўлади.

«Ҳозир республика фаолларига мурожаат қилмоқчиман. Ёшларга етказинглар: ўқисин, излансин, бундай корхоналарда ишлаб, ҳаётда муносиб ўрнини топсин!» – деди Президент.

Кадрлар тайёрлаш бўйича хорижий ҳамкорлик

Хорижий ҳамкорлар билан юқори малакали кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилгани ҳам энг катта ютуқлардан бири бўлгани таъкидланди. Хусусан, Олмалиқда «Москва пўлат ва қоришмалар институти» университети филиали (МИСиС), Олмалиқ техника институти, Тошкент шаҳрида Геология фанлари университети (Ухан геология университети билан ҳамкорликда) ҳамда Италиянинг Пиза университети филиали ташкил қилинди.

Навоий кончилик технологиялари университетида ҳам Россия, Канада, АҚШ, Франция ва Чилининг илғор олийгоҳлари билан қўшма дастурлар йўлга қўйилди. Ушбу олийгоҳларда йилига 2,5 мингга яқин тор соҳа мутахассислари тайёрланмоқда.

Натижада илгари қимматбаҳо ва рангли металлар асосан хомашё шаклида экспорт қилинган бўлса, бугун йилига 100 минг тонна мис мамлакат ичида қайта ишланиб, юқори қийматли маҳсулот яратилмоқда, қисқа муддатда заргарлик саноатида ишлаб чиқариш 3,3 карра ўсиб, 13 триллион сўмдан ошди.

Бугун ишга туширилаётган 3-мис бойитиш фабрикаси мамлакатнинг тоғ-кон ва металлургия саноатини янги технологик босқичга олиб чиқишга хизмат қилишига ишонч билдирилди. Давлат раҳбари фабрикани қуришда фаол иштирок этаётган барча ишчи-ходимлар, қурувчи ва машинистлар, муҳандис ва технологлар, геолог ва кончилар, ўзининг тажрибаси ва касбий салоҳияти билан ёшларга устозлик қилаётган фахрийлар, лойиҳага ўз ҳиссасини қўшаётган хорижий ҳамкорларга чуқур миннатдорчилик билдирди. Фабриканинг янги меҳнат жамоасига эса келгуси ишларида улкан зафарлар тилади.

Маросимда комбинат ишчилари, меҳнат фахрийлари, профессор-ўқитувчилар сўзга чиқди. Президент фабрика фаолиятига старт берди.

Teglar

Mavzuga oid