Палов индекси: энг қиммат палов Тошкентда, энг арзони Қорақалпоғистонда
Миллий статистика қўмитаси ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йил май ойида палов тайёрлаш харажати ҳудудлар кесимида 103 минг сўмдан 125 минг сўмгача бўлган.

Миллий статистика қўмитаси 2026 йил май ойи учун навбатдаги «Палов индекси»ни эълон қилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, палов тайёрлаш учун зарур маҳсулотлар нархи асосида шаклланган энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, бир килограмм шартли палов қиймати 125 минг 126 сўмни ташкил этган.
Рейтингнинг иккинчи поғонасидан Фарғона вилояти жой олди. Бу ҳудудда бир килограмм палов тайёрлаш харажати 122 минг 884 сўмга баҳоланган.
Кейинги ўринларда Самарқанд вилояти (119 минг 998 сўм) ва Тошкент вилояти (119 минг 694 сўм) қайд этилган.
Ҳудудлар ўртасидаги фарқ 21 минг сўмдан ошди
Палов тайёрлаш харажати энг паст бўлган ҳудуд Қорақалпоғистон Республикаси бўлиб, у ерда мазкур кўрсаткич 103 минг 557 сўмни ташкил этган.
Ҳисоботга кўра, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасидаги фарқ 21 минг 569 сўмга етган. Бу эса палов учун ишлатиладиган асосий маҳсулотлар нархида ҳудудлар кесимида сезиларли тафовут сақланиб қолаётганини кўрсатади.
Бир килограмм паловнинг ҳудудлар кесимида ҳисобланган қийматлари қуйидагича:
Қорақалпоғистон Республикаси – 103 557 сўм;
Андижон вилояти – 113 198 сўм;
Бухоро вилояти – 115 466 сўм;
Жиззах вилояти – 115 970 сўм;
Қашқадарё вилояти – 117 746 сўм;
Навоий вилояти – 116 889 сўм;
Наманган вилояти – 115 801 сўм;
Самарқанд вилояти – 119 998 сўм;
Сурхондарё вилояти – 117 800 сўм;
Сирдарё вилояти – 111 471 сўм;
Тошкент вилояти – 119 694 сўм;
Фарғона вилояти – 122 884 сўм;
Хоразм вилояти – 114 394 сўм;
Тошкент шаҳри – 125 126 сўм.
Бу ҳақиқий палов нархи эмас
Статистика қўмитаси таъкидлашича, келтирилган рақамлар ҳудудларда сотилаётган бир килограмм тайёр палов нархини англатмайди.
Индекс палов тайёрлаш учун зарур бўлган маҳсулотлар — гуруч, гўшт, сабзи, пиёз, ўсимлик ёғи ва бошқа ингредиентларнинг ўртача бозор нархлари асосида ҳисобланади.





