Ўзбекистонда март ойида 78 мингта енгил автомобил сотилган
Март ойида сотилган енгил автомобилларнинг 31 мингтаси бирламчи, 47,5 мингтаси эса иккиламчи бозор ҳиссасига тўғри келди.
© Foto: pinterest2026 йил март ойида Ўзбекистонда бирламчи ва иккиламчи бозорларда сотилган барча турдаги транспорт воситалари сони 93,5 мингтани ташкил этди, бу феврал ойига нисбатан 11,1 фоизга ўсиш демакдир. Шунингдек, жами автомобилларнинг 78 мингтадан ортиғи енгил автомобилларни ташкил этди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларида кўриш мумкин.
Ҳисоботга кўра, март ойи якунларида енгил автомобил савдоси февралга нисбатан 19 фоизга ошган. Йиллик кесимда ҳам ижобий динамика сақланиб, умумий ҳажм 20,6 фоизга ўсган. Бу эса мамлакатда автомобилларга бўлган талаб барқарор ўсиш босқичига кирганини кўрсатади.
Ҳудудлар кесимидаги фарқ
Ҳудудлар кесимида кўпчилик вилоятларда ўсиш қайд этилган. Фақат Жиззах, Андижон ва Самарқанд вилоятларида пасайиш кузатилган. Энг юқори ўсиш Сурхондарё вилоятида кузатилиб, бу ерда савдо ҳажми 51,4 фоизга ошган. Шунингдек, Тошкент вилоятида 46 фоизлик ўсиш қайд этилган.
Пойтахтда ҳам фаоллик юқори бўлиб, Тошкент шаҳрида енгил автомобиль бозори бир ойда 60,5 фоизга ўсган. Сирдарё ва Навоий вилоятларида ҳам сезиларли ижобий кўрсаткичлар қайд этилган.
Бозор сегментлари
Бирламчи бозорда март ойида қарийб 31 мингта янги енгил автомобиль сотилган. Бу ўтган ойга нисбатан 13 фоизга, йиллик ҳисобда эса 37 фоизга кўпдир. Маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар савдоси 25 мингтани ташкил этиб, йиллик ўсиш 26,5 фоизни кўрсатган.
Хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар сегментида ўсиш янада жадал бўлиб, савдо ҳажми бир ойда қарийб икки баробарга ошиб, 5,7 мингтага етган. Йиллик ҳисобда ҳам бу сегментда сезиларли ўсиш қайд этилган.
Иккиламчи бозорда эса 47,5 мингта енгил автомобиль сотилган бўлиб, бу ўтган ойга нисбатан 23 фоизга кўпдир. Йиллик ўсиш 12 фоизни ташкил этган.
Электромобиллар бозорида ҳам фаоллик ошган. Март ойида жами 5,5 мингта электромобиль сотилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 24 фоизга ўсган.





