add

Россия мактабларида билим ва хулқ-атворни баҳолашда советча амалиётга қайтилади

Bugun 10:582 daqiqa

Россия мактабларида ўқувчилар хулқ-атворини баҳолаш амалиётини қайта жорий этиш режалаштирилмоқда.

Россия мактабларида билим ва хулқ-атворни баҳолашда советча амалиётга қайтилади

Россия таълим тизимида совет даврига хос бўлган яна бир механизм — ўқувчиларнинг хулқ-атворини баҳолаш амалиёти қайта жорий этилиши мумкин. Россия Маориф вазирлиги томонидан тайёрланган буйруқ лойиҳасига кўра, мактабларда ички тартиб-қоидаларга риоя этиш, жумладан, дарс пайтидаги интизомни назорат қилиш хулқ-атвор баҳолари қўйилишини назарда тутиши мумкин. Ҳужжат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталига жойлаштирилган.

Лойиҳага мувофиқ, ўқувчилар дарс вақтида мобил телефонлардан фойдаланмасликка мажбур бўлади. Фақат фавқулодда ҳолатлар бундан мустасно этилади. Агар ҳужжат тасдиқланса, янги қоидалар 2026 йил 1 сентябрдан кучга киради. Бу ҳақда Маориф вазирлигига таяниб, «РБК» маълум қилмоқда.

Аввалроқ «Интерфакс» агентлиги Россия маориф вазири Сергей Кравцовга таяниб хабар беришича, хулқ-атвор баҳосини мамлакат бўйлаб жорий этиш масаласи 2026 йил апрелида тажриба натижалари асосида ҳал қилинади. Пилот лойиҳа 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб етти ҳудудда — Новгород, Ярославл, Тула, Ленинград областлари, Чеченистон, Мордовия ҳамда Украинанинг Россия томонидан босиб олинган Луганск области ҳудудида ишга туширилган. Тажриба ўқув йили охиригача давом этиб, 1–8-синф ўқувчиларини қамраб олади.

Ҳудудларга баҳолашнинг уч хил шакли таклиф этилган: тўрт босқичли («аъло», «яхши», «қониқарли», «қониқарсиз»), зачёт тизими («зачётдан ўтди»/«зачётдан ўтмади») ёки уч босқичли («намунали», «қониқарли», «қониқарсиз»).

Ташаббус жамоатчиликда турлича баҳоланмоқда. «Учитель» касаба уюшмаси раиси Дмитрий Казаков фикрича, хулқ-атвор баҳоси мактаблардаги низолар ва тизимли муаммоларни ҳал этмайди. У бу ташаббусни «осон ечим излашга уриниши» деб атаб, унинг самараси шубҳали эканини таъкидлаган.

Teglar

Mavzuga oid