Logo

Тошкентда пешлавҳалар барибир ўзгаради – ҳоким

Bugun 16:152 daqiqa

VAQT.UZ'га берган изоҳида Тошкент шаҳар ҳокими пешлавҳалар архитектура нормалари билан тартибга солинишини таъкидлади. Унга кўра, ноқонуний элементлар суд қарорисиз ҳам олиб ташланиши мумкин.

Тошкентда пешлавҳалар барибир ўзгаради – ҳоким © Toshkent shahar hokimligi matbuot xizmati

2026-йил бошидан бери Тошкент шаҳридаги пешлавҳалар масаласи тадбиркорларнинг кескин эътирозларига сабаб бўлиб келаётган эди. Ўтган ойда президент Шавкат Мирзиёев корхона номи ва фаолият турини билдирувчи белгилар реклама ҳисобланмаслиги, улар учун махсус паспорт талаб қилинмаслигини назарда тутувчи таклифни маъқулланганди.
 
Шу билан ушбу масала атрофидаги муҳокамалар тўхтади. Бироқ пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг VAQT.UZ га маълум қилишича, шаҳардаги пешлавҳалар барибир ўзгаради.

«Пешлавҳа тахталар барибир ўзгаради. Архитектура талаблари бор. Архитектура талабларига ҳаммаси мослаштирилади. У ерда биз уларга (тадбиркорларга) муддатини узайтириб берамиз. Мисол учун, сиз битта нарсани тушунишингиз керак-да – мана машинанинг тех-паспорти бор, тўғрими? Шу машинанинг тех-паспорти сабабли сиз унга кичкина балон қўйишингиз мумкин эмас ёки фарасини олиб ташлашингиз мумкин эмас. Тўғрими? Олиб ташласангиз, сизга жарима солинади, тўғрилаб қўйинг, дейди. Уй-жой ҳам, дўкон ҳам худди шунақа. Архитектура норма, қонун-қоидалари бор. Пешлавҳа билан рекламанинг тасдиқланган нормалари бор», – деди Умурзоқов.

Ҳоким президентнинг топшириғига кўра, тадбиркорларга пешлавҳасини тўғирлаб олиши учун муддат берилишини, талаблар ҳам юмшатилишини билдирди. Яъни, олдин пешлавҳалар учун муайян квадратура белгилаб қўйилган бўлса, энди бино узунлигининг 30 фоизи даражасида пешлавҳани бемалол текинга ёзиш мумкин деган норма киргизиляпти.

«Суд қарори керак эмас»

VAQT.UZ журналисти ҳокимдан катта пулга ўрнатилган пешлавҳаларнинг ноқонуний бузиб ташланиши ортидан уларнинг компенсация масаласи нима бўлиши билан қизиқди. Бироқ ҳоким пешлавҳалар қонуний бузилганини айтди. Табдиркорлар суд қарорисиз уларнинг пешлавҳалари бузиб ташланганини айтаётганини эса ҳоким бунинг учун суд қарори зарур бўлмаслиги билан изоҳлади.

«Йўқ, энди унга суд қарори керак эмас. Ўзи нотўғри. Мана мен сизга яна бир марта айтяпман. Ҳозир мана сиз мумкин эмас, мана автомашинага мумкин эмас бўлган нарсани ёки мана мигалкани ўрнатиб қўйсангиз-да, уни олиб қўйишса нима бўлади?

Бинога мумкин эмас нарсалар бор-да. Айтяпман-ку. Қаранг, архитектура нормасида визуал шовқин деган нарса бор. Яъни, у ерда сиз фақат тадбиркорни қўллаб-қувватламанг-да. Мен аҳоли, фуқаро сифатида менга ёқмайди у. Кўча уники эмас, аҳолиники», – деди ҳоким.

Шу ерда Бизнес-омбудсманнинг ўтган ойда эълон қилган маълумотни эслаш ўринли. Унга кўра, пешлавҳалар ва транспорт воситалари учун реклама жойининг паспортини олмаган юридик шахслар «Реклама тўғрисида»ги қонунга асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (20,6 млн сўм) жарима қўлланилган. 2025-йилда 384 нафар шахсга жами 8,2 млрд сўм жарима қўлланилган.

Teglar

Mavzuga oid