Дренажга ажратилган маблағни ҳеч ким еб кетмаётганини кўрсатаман – Тошкент ҳокими
Икки йил олдин пойтахтдаги дренаж тизимини яхшилаш учун 6 млрд сўм ажратилган эди. Жорий йилда эса бу йўналишга Хитойдан 400 млн доллар инвестиция жалб қилишга келишилган.
© Toshkent shahar hokimligi matbuot xizmatiПрезидент Шавкат Мирзиёев 2024-йилнинг 21-октябр куни ўтказган видеоселекторда Тошкент шаҳридаги дренаж тизимини танқид қилганди. Эртаси куни, яъни 2024-йил 22-октябрда Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан ёғингарчиликда сув тошқинлари билан боғлиқ қурилиш-таъмирлаш ишлари учун «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясига 6 млрд сўм йўналтирилиши белгиланди.
Бироқ орадан икки йил ўтиб, жорий йил 3-май куни шаҳардаги Чорсу метро бекатида содир бўлган ҳолат юқоридаги ишлар бўйича саволларни келтириб чиқаргани ҳам рост. VAQT.UZ журналисти ушбу масала бўйича шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг фикри билан қизиқди.
Чорсудаги ҳолатнинг сабаби
«Чорсуда сув тошганининг сабаби, у ерда давлатнинг айби бор, қарамаган. Мана ундан кейин яна ёмғир ёғди, нега сув тошмади? Нима деб ўйлайсиз? Чунки ариқни очиб қўйдик. Ариқ очиқ эди, ундан олдин ёмғир ёғганда тошмаган. Ариқни ёпиб қўйишди-да. Ариқни ёпиб қўйгандан кейин сув тошди. Яна очиб қўйдик, яна сув тизими ишлаб кетди», – деди шаҳар ҳокими.
Шавкат Умурзоқов Тошкент шаҳри сув тизимини бошқарадиган марказ ташкил қилиш бўйича президентга таклиф киритганини айтди. Шунингдек, ҳоким яқинда шу масалада Хитойга бориб, 400 миллион долларга инвестиция жалб қилиш бўйича келишиб келганини қўшимча қилди.
Маблағ тақсимланиши
VAQT.UZ журналисти бундан 2 йил олдин ҳоким қарори билан ажратилган 6 миллиард сўм маблағнинг тақсимланиш жараёнига ҳам қизиқди ва ҳокимдан ушбу маблағнинг бошқа чўнтакларга ўтиб кетиш ҳолати учраган ёки йўқлигини сўради. Умурзоқовнинг жавоби эса қуйидагича бўлди:
«Ҳозир тан олайлик, ёмғир ёғганда сув кўп жойда тошаётган эди. Ҳозир кескин қисқарган. Ҳозир мана бу охирги тошганининг сабаби, мен энди ёмғир кўп ёғиб кетди демайман. Мен ҳар битта танқидни танқидий қараб туриб, қилган ишим нима бўлди, биласизми? Ўша ерда мавжуд, ҳар доим ишлаб турган, сувни тортиб оладиган моторлар бор. Шунинг қувватини икки баробарга оширдим. Олдин етаётган эди. Совет, эски мотор тизими эди. Мен алиштирмаган эдим, чунки комплекс, ҳозир айтган 400 миллион доллар доирасида қилардик бу нарсани. Ҳозир майли, уни кутмадик-да, чуқурлашган жойларни аниқладик шаҳар бўйича. Ҳаммасини икки баробарга шу сувни тортиб олиш қувватини оширишга маблағ ажратиб, ҳозир уни алиштириб ташлаймиз. Худо хоҳласа, мана кейинги туманга чиқаришимизга мен илтимос қилардим, мана ҳозир мутасадди, мен ходимларимнинг ҳаммасини кўрсатиб, эга-кесими билан ҳеч ким еб кетмаётганлигини кўрсатиб бераман».





