
Европа Иттифоқи авиакомпанияларни Эрон ҳаво ҳудуди узра парвоз хавфидан огоҳлантирди
Европа авиация хавфсизлиги агентлиги минтақада ҳарбий кескинлик кучайиши фонида фуқаролик рейслари хавфсизлигига таҳдид ортиб бораётганини билдирди.

Европа авиация хавфсизлиги агентлиги Европа Иттифоқи авиакомпаниялари учун Эрон ҳаво ҳудудида парвоз қилмаслик ҳақида расмий бюллетен эълон қилди. Агентлик бу қарорни фуқаролик авиацияси учун юқори даражада хавф туғдириши мумкин бўлган ҳарбий омиллар билан изоҳлади.
Маълум қилинишича, минтақадаги кескинлик ҳамда АҚШ томонидан ҳарбий ҳаракатлар амалга оширилиши эҳтимоли Эрон қуролли кучларини жанговар шайлик ҳолатига келтирган. Бу эса ҳаво ҳудудида фаол қўлланилиши мумкин бўлган қуроллар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари сабаб йўловчи самолётлари учун жиддий хавф юзага келтириши мумкин.
Агентлик, айниқса, кенг кўламдаги қуроллардан фойдаланиш эҳтимоли юқорилигини таъкидлаб, бундай шароитда фуқаролик рейсларининг ҳарбий объектлар билан адашиб нишонга олиниш хавфи мавжудлигини қайд этган. Шу боис, ЕИга аъзо авиакомпанияларга Эрон ҳаво ҳудудидан фойдаланмаслик қатъий тавсия қилинди.
Шу билан бирга, агентлик Эронга қўшни давлатлар ҳаво ҳудудлари орқали парвозларни режалаштиришда ҳам алоҳида эҳтиёткорликка чақирди. Хусусан, ҳудудда АҚШ ҳарбий базалари жойлашган мамлакатлар яқинидан ўтувчи йўналишлар хавф даражаси юқори деб баҳоланмоқда.
Аввалроқ Доналд Трамп оммавий чиқишларидан бирида уни Эронга нисбатан эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлардан ҳеч ким тийиб қололмаслигини билдирган эди. Бу баёнот ҳам минтақадаги хавфсизлик вазиятини янада кескинлаштирган омил сифатида баҳоланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 15 декабр куни Эрон ҳаво ҳудуди ёпилигани сабаб Ўзбекистондан ва Ўзбекистонга йўналтирилган бир қатор халқаро рейслар жўнаш аэропортларига қайтарилган эди.





