Қамчибек Ташиевнинг ўрнига янги раҳбар тайинланди

19.02.2026 | 15:103 daqiqa

Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раиси этиб тайинланди.

Қамчибек Ташиевнинг ўрнига янги раҳбар тайинланди

Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаров фармонига мувофиқ, Шабданбеков Жумгалбек Кумарович Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимига тайинланди. Ушбу қарор Конституциянинг 70-моддаси 1-қисми 2-банди ҳамда 71-моддасига асосан қабул қилинган.

Янги фармонга кўра, Шабданбеков мазкур лавозимга ўтиши муносабати билан аввал юклатилган вазифаларидан озод этилди. Бу эса мамлакат хавфсизлик тизимида бошқарувни қайта шакллантириш жараёни давом этаётганини кўрсатади.

Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Қирғизистоннинг ички ва ташқи хавфсизлигини таъминлаш, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, шунингдек стратегик хавфларни бартараф этишда асосий ваколатли орган ҳисобланади. Шу боис ушбу лавозимга тайинлов мамлакат сиёсий ва институционал тизими учун муҳим аҳамиятга эга.

Сўнгги йилларда Қирғизистонда давлат бошқаруви ва хавфсизлик соҳасида ислоҳотлар фаоллашган. Президент Жапаров раҳбарлигида қатор юқори лавозимларда кадрлар алмашинуви кузатилмоқда.

Жумгалбек Шабданбеков ким?

Шабданбеков 1970 йили Норин вилояти Жумғал тумани Чаёк қишлоғида туғилган. У 1991 йили Қирғиз миллий университетининг иқтисодиёт факультетини тамомлаган.

Жумгалбек Шабданбеков олийгоҳни тамомлаганидан сўнг Талас вилояти Солиқ хизматида фаолийтини бошлаб, инспектор, катта инспектор сифатида ишлаган.

У 1994 йилдан Миллий хавфсизлик органларида фаолият юритади, Давлат муҳофазаси хизматида, Антитеррор марказида, контрразведка ва Антикоррупция хизматида турли лавозимларда ишлайди.

Шабданбеков 2020 йил октябр ойида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ўринбосари – 9-хизмат бошлиғи лавозимига тайинланади. 2022 йили унга генерал-майор унвони берилади.

У 2026 йил 10 феврал куни президент Садир Жапаровнинг фармони билан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганди.



МХДҚдаги «тозалаш» ва янги тайинловлар

Қамчибек Ташиев 10 феврал куни вазифасидан озод этилди. Шунингдек, унинг уч нафар ўринбосари — Курванбек Авазов, Даниэл Рисалиев ва Элизар Сманов ҳам ишдан олинди. Махсус хизмат раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб Жумгалбек Шабданбеков тайинланди.

Президент Садир Жапаров воқеалар фонида берган интервюсида Ташиев тайинлаган вазирлар ва унинг яқинларини ишдан бўшатиш бошлагани, баъзилари эса ўз хоҳишига кўра кетаётгани ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берди.

«Ҳаммага хотиржам ишлашни айтдим. Ўз хоҳиши билан кетаётганлар — марҳамат. Барча вазирликларни ўғрилик факти бўйича текширяпмиз, топилса, жазога тортилади. Мен ҳар доим вазирларни қариндошлар ва дўстларни ишга олманг, деб огоҳлантирганман. Яқинларимдан ҳеч бири юқори давлат лавозимини эгалламаган», – деди у.

Жапаров давлат бошқаруви куч билан эмас, ақл билан амалга оширилиши лозимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, мамлакатда давлат тузилмалари фаолияти шахсан назорат қилинади ва юзага келаётган муаммоларга тезкор чора кўрилмоқда. Президент барча ислоҳотлар қонун доирасида амалга оширилишини қўшимча қилди. Унинг айтишича, вазиятни беқарорлаштиришга уринишлар асоссиз бўлиб, мамлакатда барқарорлик сақланмоқда.

Жапаров Ташиев лавозимдан кетганидан сўнг, у билан шахсан учрашган

«Биз дўст бўлиб қоламиз. Аммо у давлат хизматига қайтмайди. У дам олиши ва соғлиғини тиклаши керак. Атрофини тозаласин, «оқсоқоллар ва кўксоқоллар»дан халос бўлсин.

Тергов хизматлари ҳаммасини аниқлаб, тозалаб беради. Албатта, ҳозир у раҳмат демайди, хафа бўлади. Аммо йиллар ўтиб, «Дўстим, ўшанда тўғри қилган экансан», деб миннатдорлик билдиради», — деди президент.

Шу билан бирга, у бу қарор ҳеч қандай ташқи босим ёки келишувлар билан боғлиқ эмаслигини таъкидлади.

Teglar

Mavzuga oid