Logo

40 ёшга етмасдан миллиардер бўлганлар кўпаймоқда — асосий сабаб SI

Bugun 09:524 daqiqa

Бу йилги «Forbes 400» рўйхатидан 40 ёшгача бўлган 10 нафар миллиардер жой олди.

40 ёшга етмасдан миллиардер бўлганлар кўпаймоқда — асосий сабаб SI © Ijtimoiy tarmoqlar

АҚШнинг 400 нафар энг бой одами рейтингидан 40 ёшгача бўлган 10 нафар миллиардер ўрин олди. Бу ҳақда «Forbes» нашри эълон қилган 2026 йилги рўйхатда маълум қилинди.

Ўтган йили мазкур кўрсаткич атиги тўрт нафарни ташкил этган эди. Жорий йилда эса рейтинг чегараси рекорд даражадаги 4,4 миллиард доллар бўлганига қарамай, ўттиз ёшларда бўлган етти нафар янги миллиардер рўйхатга қўшилди. Нашрнинг маълум қилишича, янги қўшилганларнинг барчаси ўз бойлигини сунъий интеллект тармоғининг жадал ривожланиши ортидан шакллантирган.

Сунъий интеллект буми ва ёш магнатлар

Рўйхатга илк бор кирган етти нафар янги миллиардернинг тўрт нафари ягона компания — 2021 йилда хавфсизлик ва ишонч масалалари туфайли «OpenAI» дан кетган ходимлар томонидан ташкил этилган «Anthropic» стартапи асосчиларидир. «Claude» модели асосчиси бўлган ушбу компания май ойида 65 миллиард долларлик инвестицияни жалб этиб, 965 миллиард долларга баҳоланди.

«OpenAI» ҳаммуассиси ва президенти Грег Брокман ҳам мазкур рейтингдан жой олди. Май ойида Илон Маск билан бўлиб ўтган суд жараёнида унинг компаниядаги улуши 20 миллиард доллардан ортиқ экани очиқланди. Ҳозирда унинг бойлиги 25,5 миллиард долларга баҳоланмоқда. Шунингдек, «Anduril» мудофаа стартапи асосчиси Палмер Лаки ва «Cognition» стартапи асосчиларидан бири Стивен Хао ҳам янги миллиардерлар сирасига кирди.

2025 йилдаги энг ёш ўнталикдан жорий йилда фақат уч киши ўз ўрнини сақлаб қолди: Эдвин Чен («Surge AI»), Влад Тенев («Robinhood») ва Лукас Уолтон («Walmart»). Уолтон мазкур ўнталикда бойликни мерос қилиб олган ягона вакил бўлиб, 44,4 миллиард долларлик капитали билан ушбу гуруҳнинг энг бой аъзоси саналади.

Рўйхатдаги энг ёш 10 миллиардернинг умумий бойлиги 169 миллиард долларни ташкил қилди. Ўтган йили бу кўрсаткич 357 миллиард доллар бўлган. Бу пасайишга 42 ёшли Марк Цукерберг (212 миллиард доллар), 41 ёшли Жош Кушнер ва 43 ёшли Натан Блечарчикнинг ёши 40 дан ошгани сабаб бўлган.

2026 йилги «Forbes 400» рўйхатининг 10 нафар энг ёш вакили

(Бойлик миқдори 2026 йил 4 сентябр ҳолатига кўра кўрсатилган)

10. Лукас Уолтон, 39 ёш

  • Бойлик: 44,4 миллиард доллар

  • Манба: «Walmart»

«Walmart» асосчиси Сэм Уолтоннинг набираси бўлган Лукасга отасидан қолган мероснинг, яъни асосан компания акцияларининг учдан бир қисми теккан. У муқобил энергия ва океанларни муҳофаза қилиш лойиҳаларини молиялаштирувчи «Builders Vision» фондига раҳбарлик қилади. Шунингдек, у шу йилнинг июн ойида «Чикаго Буллз» (NBA) клубининг миноритар улушини сотиб олган.

9. Влад Тенев, 39 ёш

  • Бойлик: 7,1 миллиард доллар

  • Манба: «Robinhood»

Асли болгариялик бўлган Тенев 2013 йилда брокерлик тўловларини бекор қилган «Robinhood» иловасини ишга туширган. Бундан ташқари, у 2023 йилда асос солинган «Harmonic» математик сунъий интеллект стартапига ҳам раислик қилади.

8. Том Браун, 39 ёш

  • Бойлик: 15,5 миллиард доллар

  • Манба: «Anthropic»

Том «OpenAI» нинг илк 20 нафар ходимидан бири ва GPT-3 тил модели бўйича мақоланинг бош муаллифи ҳисобланади. 2021 йилда у ҳамкасблари билан биргаликда «Anthropic» стартапини бошлади ва ҳозирда «Claude» моделини ўқитиш учун ҳисоблаш инфратузилмасини назорат қилади.

7. Даниэла Амодей, 39 ёш

  • Бойлик: 15,5 миллиард доллар

  • Манба: «Anthropic»

Аввал «Stripe» ва «OpenAI» компанияларида ишлаган Амодей 2021 йилда акаси Дарио ва яна беш ҳамкасби билан «Anthropic»га асос солди. Ҳозирда у компания президенти ва кенгаш раиси лавозимларида фаолият юритмоқда.

6. Эдвин Чен, 38 ёш

  • Бойлик: 18 миллиард доллар

  • Манба: «Surge AI»

2020 йилда Чен «Surge AI» стартапига асос солди. Мазкур компания сунъий интеллект моделларини ўқитиш мақсадида маълумотларни таснифлаш, шунингдек, тизим томонидан берилган жавобларни баҳолаш ва тузатиш учун одамларни ишга ёллайди. «Google» ва «Anthropic» каби йирик мижозлар билан ҳамкорлик «Surge»га ҳеч қандай венчур сармояларисиз ҳам йиллик даромадини 1 миллиард доллардан оширишга ёрдам берди. Тахминларга кўра, компаниянинг қарийб 75 фоиз улуши айнан Ченга тегишли.

5. Грег Брокман, 37 ёш

  • Бойлик: 25,5 миллиард доллар

  • Манба: «OpenAI»

Гарвард ва Массачусетс технология институтини тамомламасдан тарк этган Брокман 2015 йилда Илон Маск ва Сэм Олтмен билан бирга «OpenAI»ни ташкил этган. Президент сифатида у моделлаштириш инфратузилмаси ва маҳсулот бизнесини бошқармоқда. Май ойида очиқланган маълумотларга кўра, унинг «OpenAI»дан ташқари «Stripe» компаниясида қарийб 500 миллион долларлик акциялари ва бошқа сармоялари мавжуд.

4. Жек Кларк, 37 ёш

  • Бойлик: 15,5 миллиард доллар

  • Манба: «Anthropic»

Жек Кларк «Bloomberg» нашрида сунъий интеллект бўйича журналист бўлиб ишлаган, сўнгра «OpenAI» ва «Anthropic» лойиҳаларида фаолият юритган. Ҳозирда у сунъий интеллектнинг жамиятга таъсирини ўрганувчи марказни бошқаради ва соҳа бўйича давлат назорати кучайтирилишини қўллаб-қувватлайди.

3. Сэм Маккандлиш, 36 ёш

  • Бойлик: 15,5 миллиард доллар

  • Манба: «Anthropic»

Назарий физика бўйича докторлик даражасига эга МакКандлиш аввалроқ «OpenAI»да тизимларнинг кўлами ва маълумотлар ҳажмига боғлиқ қонуниятлар устида ишлаган.  У ўзи асос солишда қатнашган «Anthropic» компаниясида бош архитектор вазифасини бажаради ҳамда сунъий интеллект моделларини яратиш ва ўқитиш жараёнини бевосита назорат қилади.

2. Палмер Лаки, 33 ёш

  • Бойлик: 5,9 миллиард доллар

  • Манба: «Anduril»

Ёшлигида виртуал реаллик кўзойнакларини ишлаб чиқувчи «Oculus» компаниясини «Facebook»га 2 миллиард долларга сотган Лаки 2017 йилда автоном дронлар ва сунъий интеллектга асосланган ҳарбий тизимлар яратувчи «Anduril» компаниясига асос солган. Март ойида АҚШ армияси «Anduril» билан қиймати 20 миллиард долларгача бўлган 10 йиллик шартнома тузди, май ойида эса компания 5 миллиард доллар сармоя жалб этди.

1. Стивен Хао, 30 ёш

  • Бойлик: 5,8 миллиард доллар

  • Манба: «Cognition»

Рўйхатнинг энг ёш миллиардери Стивен Хао ҳисобланади. У дастурий таъминот яратувчи «Devin» сунъий интеллект агентини ишлаб чиққан «Cognition» стартапининг бош техник директори ва энг йирик таъсисчи-акциядори ҳисобланади. Жорий йилнинг сентябр ойида «Cognition» жами 48 миллиард долларга баҳоланиб, 2 миллиард доллар миқдорида сармоя жалб қилди.

Teglar

Mavzuga oid