Logo

Абитуриентлар учун қабул бошланди

Bugun 10:251 daqiqa

Ўзбекистонда 2026–2027 ўқув йили учун олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул жараёни бошланди. Тест синовларида иштирок этиш учун онлайн рўйхатдан ўтиш 5 июндан 25 июнгача давом этади.

Абитуриентлар учун қабул бошланди © gov.uz

Президентнинг ПФ-81-сонли фармонига мувофиқ, бакалавриатга қабул жараёни икки босқичда ташкил этилади. Янги тартиб «аввал тест, сўнг танлов» тамойили асосида амалга оширилади.

Рўйхатдан ўтиш жараёнида абитуриентлар Билимни баҳолаш агентлигининг расмий платформаси орқали фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест синовини топшириш ҳудудини танлайди. Бу босқичда барча маълумотлар электрон шаклда қабул қилинади.

Икки босқичли тизим

Алоҳида иқтидор талаб қилинадиган таълим йўналишларига ҳужжат топширувчилар қўшимча тарзда таълим йўналиши ҳамда касбий ёки ижодий имтиҳон ўтказиладиган олий таълим муассасасини ҳам белгилаши лозим.

Кириш тест синовлари июл ва август ойларида ўтказилади. Имтиҳонлар тўлиқ якунланганидан кейин абитуриентларга олийгоҳ, таълим йўналиши, таълим шакли ҳамда танлов устуворлигини белгилаш учун 15 кун муддат берилади.

Мазкур тизим абитуриентларга тест натижаларини билган ҳолда таълим муассасаси ва йўналишни танлаш имконини яратади.

Натижалар қачон эълон қилинади?

Янги тартибга кўра, тест натижалари имтиҳон топширилган куннинг эртасига эълон қилинади.

Талабаликка тавсия этилганлар рўйхати қабулнинг иккинчи босқичи якунланганидан кейин бир ҳафта ичида эълон қилинади.

Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига маслаҳат бериш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда барча олий таълим муассасаларида «Қабул-2026» штаблари фаолияти йўлга қўйилди.

Teglar

Mavzuga oid