add

«Бундан буён ҳам сидқидилдан меҳнат қиласиз, деб ишонаман» – президент прокурорларни табриклади

08.01.2026 | 12:552 daqiqa

Давлат раҳбари халқ прокуратура органи ходимлари тимсолида адолат ҳимоячиларини кўришини айтиб, уларга бундай муносабатни қадрлашини алоҳида таъкидлади.

«Бундан буён ҳам сидқидилдан меҳнат қиласиз, деб ишонаман» – президент прокурорларни табриклади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига 8 январ – касб байрами муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Президентнинг таъкидлашича, прокуратура органлари фаолиятида халққа яқинлик, инсон қадри ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш устувор йўналишга айланган. Ходимлар фуқаролар билан доимий қабуллар ўтказиб, муаммоларни жойида ҳал этиш амалиётини кенг жорий этмоқда.

Маълум қилинишича, ўтган йилда қарийб 512 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Шунингдек, 54 мингга яқин мурожаат кўриб чиқилиб, салкам 29 минг нафар тадбиркорнинг масаласи ижобий ҳал этилган. Бу рақамлар тизим фаолияти самарадорлигини яққол намоён этади.

Қурилиш, ер ресурсларидан фойдаланиш, хотин-қизлар ва ёшларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, ёқилғи-энергетика ҳамда экология соҳаларида жорий этилган янги механизмлар ҳам ижобий натижалар бермоқда. Яширин иқтисодиётга қарши чоралар ҳисобига давлат бюджетига 22,3 триллион сўм қўшимча тушум ундирилгани қайд этилди.

Криминоген вазиятни чуқур таҳлил қилиш асосида маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлашга эришилиб, оғир тоифадаги маҳаллалар сони қарийб 1,5 баробар қисқартирилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан минглаб ҳуқуқбузарликларга чек қўйилди ва катта миқдордаги зарар ундирилди.

Президент коррупцияга қарши курашда очиқликни кучайтириш, тергов жараёнларини рақамлаштириш ва малакали кадрлар тайёрлаш замон талаби эканини таъкидлади.

«Чунки эл-юртимиз прокуратура органларининг хизматчилари тимсолида қонун посбонлари ва адолат ҳимоячиларини кўради. Сизлар бундай муносабатни қадрлаб, халқимиз ишончини оқлаш учун бундан буён ҳам сидқидилдан меҳнат қиласиз, деб ишонаман» деди давлат раҳбари.

Teglar

Mavzuga oid