Маҳаллаларда аҳоли турмушини яхшилашга 56 трлн сўм ажратиляпти
Президент раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди. Шавкат Мирзиёев Халқ қабулхоналарини бугунги талабга мос ҳолда ўзгартирадиган вақт келганини айтди.

2026-йилда Ўзбекистон маҳаллаларида аҳоли турмушини яхшилашга 56 триллион сўм ажратилмоқда. Бу ҳақда бугун, 13-март куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон аҳолиси 38 миллиондан, меҳнатга лаёқатли аҳоли 20 миллиондан ошган, сўнгги тўққиз йилда аҳоли даромади 2 карра кўпайган.
Билдирилишича, мамлакатда халқнинг оғирини енгил қилиш, кўтарган масалаларига ечим топиш бўйича вазир ва ҳокимлар маҳаллага тушиб ишлайдиган тизим яратилган. Бу йил ҳам маҳаллаларда аҳоли турмушини яхшилашга 56 триллион сўм ажратилмоқда.
«Энди вазирлар, ҳокимлар ўзига савол берсин: шунча имконият бўла туриб, аҳоли кўтарган масалаларга вақтида ечим топиб беряптими? Бундан тўққиз йил олдин Халқ қабулхоналари ташкил қилинганда битта мақсад қўйилган эди: давлат идораларини халққа яқинлаштириш.
Тўғри, Халқ қабулхоналари вақтида самарали ишлади. Лекин бу идорани ҳам одамларнинг бугунги талабига мос ҳолда ўзгартирадиган вақт келди», – деди Президент.
Йиғилишда бундан кейин «Ҳар бир инсон ва хонадон муаммосини билиб, вақтида кўмак беришим керак» деган шиор ҳар бир туман, шаҳар, вилоят ҳокими, вазир, унинг ҳудудий ташкилот раҳбарларининг бош қоидаси бўлиши зарурлиги қайд этилди.





