Нима сабабдан айрим ҳукумат қарорлари Lex.uz'да эълон қилинмаяпти?
«Адолат» ахборот маркази директорининг биринчи ўринбосари Алишер Каримов Адлия вазирлигига келиб тушаётган ҳужжатлар 1 кун ичида порталга жойлаб борилаётганини айтиб, айрим ҳужжатлар йўқлигини эса махфий ёки ХДФУ тоифасида бўлиши мумкинлиги билан боғлади.

VAQT.UZ мухбири ўрганишлари натижасида 2026 йил январ–март ойларида Қонунчилик маълумотлари миллий базаси Lex.uz’да ҳукумат томонидан қабул қилинган қарорларнинг катта қисми мавжуд эмаслиги аниқланди. Хусусан, март ойида 18 та қарор эълон қилинган бўлса, рақамлар кетма-кетлигига кўра, 31 та ҳукумат қарорини топишнинг имкони бўлмади.
Адлия вазирлиги қошидаги «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази директорининг биринчи ўринбосари Алишер Каримов 6 май куни ўтказилган матбуот анжуманида VAQT.UZ мухбирининг айни шу масаладаги саволига жавоб берди.
«Ҳуқуқий ахборотни етказиш тўғрисидаги қонунга кўра, давлат органлари қабул қилган қарорларнинг очиқлигини таъминлаш мажбурияти юклатилган. Шу билан бирга, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайси расмий манбаларда эълон қилиниши қонунда аниқ белгиланган. Lex.uz — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси ана шундай расмий манбалардан бири ҳисобланади», — деди у.
Унинг таъкидлашича, ҳужжатлар фақат битта платформада эмас, бир нечта расмий манбаларда эълон қилинади.
«Масалан, президент қарорлари, қонунлар ва ҳукумат қарорлари турли манбаларда эълон қилинади. Жумладан, ҳукумат қарорлари алоҳида тўплам сифатида нашр қилинади, «Халқ сўзи» газетасида чоп этилади ва Lex.uz’да ҳам расмий манба сифатида жойлаштирилади», — деди Алишер Каримов.
Вазирлик вакилига кўра, ҳужжатларни эълон қилиш аниқ муддатлар асосида амалга оширилади.
«Давлат органлари қабул қилган ҳужжатни бир кун ичида бизга юбориши шарт. Адлия вазирлиги тизимига келиб тушган ҳужжатлар эса бир кун ичида эълон қилинади. Бизга келган барча ҳужжатларни ўз вақтида жойлаштирамиз», — деди у.
Шунингдек, у айрим ҳужжатлар нега Lex.uz’да кўринмаётганига ҳам изоҳ берди.
«Айрим ҳолларда ҳужжатлар бизга юборилмаган бўлиши мумкин. Бунга сабаб — уларнинг махфий тусга эга бўлиши ёки «хизмат доирасида фойдаланиш учун» тоифасига кириши. Шу боис улар очиқ эълон қилинмайди», — деди у.
Мутасаддининг таъкидлашича, Lex.uz’га фақат юборилган ҳужжатлар жойлаштирилади.
«Бу савол бўйича айнан қайси ҳужжат нима сабабдан эълон қилинмагани ҳақида маълумот бизда йўқ. Чунки бу савол ҳужжатни қабул қилган органга берилиши керак. Агар ҳужжатлар бизга келиб тушганида, биз уларни тизимга жойлаштирган бўлардик. Демак, бу ҳужжатлар бизга юборилмаган ёки бошқа расмий манбаларда эълон қилинган бўлиши мумкин», — деди у.
Шунингдек, у ҳукумат қарорлари бошқа манбаларда ҳам чоп этилиши мумкинлигини эслатди.
«Масалан, улар газеталарда ёки Вазирлар Маҳкамасининг ойлик қарорлар тўпламида эълон қилинган бўлиши эҳтимоли бор», — дея хулоса қилди мутасадди.
ХДФУ чегараси қаерда?
VAQT.UZ мухбири ҳужжатларни «хизмат доирасида фойдаланиш учун» (ХДФУ) тоифасига киритишга оид саволни ҳам кўтарди. Алишер Каримовнинг айтишича, ушбу масала яқин вақтгача аниқ тартибга солинмаган.
«Хизмат доирасида фойдаланиш масаласи яқин-яқин кунларгача муаммо эди. Унинг чегараси қаерда бошланиб, қаерда тугаши аниқ белгиланмаган эди — қайси маълумот ёпиқ, қайсиси очиқ бўлиши масаласи ноаниқ эди», — деди вазирлик вакили.
Унга кўра, бу борада яқинда Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори қабул қилинган. Гап ҳукуматнинг 2025 йил 4 декабрдаги [766-сон] қарори ҳақида кетмоқда.
«Эндиликда айнан қайси маълумотлар ва ҳужжатлар «хизмат доирасида фойдаланиш учун» грифи остида қабул қилиниши бўйича алоҳида низом тасдиқланди», — дея қўшимча қилди у.
Teglar






