Олий суд 100 йил олдин қатағон қилинган 161 нафар шахсни оқлади

Ушбу шахслар ўз вақтида «аксилинқилобий ҳаракатлар» ва «совет ҳокимиятига қарши қўзғолон» каби айбловлар билан отув ва сургун жазоларига ҳукм қилинган эди.

Олий суд 100 йил олдин қатағон қилинган 161 нафар шахсни оқлади © Foto: sud.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий суди 2026 йил 6 май куни бўлиб ўтган очиқ суд мажлисларида 161 нафар қатағон қурбонини реабилитация қилди. Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан 8 та жиноят иши бўйича айбланган ушбу шахсларга нисбатан Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукмлари чиқарилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу шахслар 1920-1934 йилларда Туркфронтнинг Фарғона қўшинлар гуруҳи Ҳарбий кенгаши, Ўрта Осиё ва Қозоғистон бирлашган давлат сиёсий бошқармаси қошидаги Учлик Кенгашлари қарорлари билан босмачилик ҳаракатларига кўмаклашиш, аксилинқилобий ҳаракатлар ва совет ҳокимиятига қарши қўзғолонларда айбланиб, отув ёки концлагерларга ҳукм қилинган эди.

Расмий маълумотга кўра, мазкур жараён Президентнинг 2020 йил 8 октябрдаги «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Республика ишчи гуруҳи ва Олий суднинг махсус ишчи гуруҳи томонидан архив ҳужжатларини ўрганиш натижасида кейинги йилларда жами 1 236 нафар ватандош оқлангани айтилади.

2026 йил 6 май куни оқланган шахсларнинг ҳудудлар ва қарорлар бўйича рўйхати:

1. Фарғона вилояти (1920 йил 22 октябрдаги қарор):

Жами 31 нафар шахс, жумладан Магомед Ахунов, Тилабой Устабеков, Василий Игнатьевич Клименко, Абдулажан Раджабаев, Мулла Турғун Абдуллаев ва бошқалар. Уларнинг аксарияти отувга ва турли муддатларга концлагерларга ҳукм қилинган бўлса, икки нафар вояга етмаган шахс (Алимджан Алибаев ва Ҳакиджан Кулдашев) махсус комиссияларга топширилган.

2. Бўстонлиқ тумани (1933 йил 5 июлдаги қарор):

22 нафар шахс, жумладан Арипходжиев Урумбай, Курбанов Назармат, Нурбабаев Кушак каби ватандошлар 3 йилдан 10 йилгача концлагер жазосидан оқланди.

3. Бухоро тумани (1926 йил 26 сентябрдаги қарор):

8 нафар шахс, жумладан Баратов Чули, Турдиев Араб ва бошқалар 3 йил муддатга концлагер жазоси бўйича реабилитация қилинди.

4. Бухоро вилояти, Қоракўл тумани (1930 йил 12 сентябрдаги қарор):

13 нафар шахс. Гаиб Мамед Алиев (отувга ҳукм қилинган), Мулла Тура Юлдашев (5 йил), Алим Саид Нафасов (8 йил) ва бошқалар номи оқланди.

5. Жиззах, Ғаллаорол, Зомин ва Булунғур туманлари (1932 йил 19 апрелдаги қарор):

19 нафар шахс, жумладан Байтураев Кучум, Салимов Мулла Юсуп, Сафаров Ахмед кабилар 5 йилдан 10 йилгача бўлган қамоқ жазоларидан реабилитация қилинди.

6. Поп тумани (1930 йил 26 июлдаги қарор):

23 нафар шахс. Абдуразаков Мадамин, Ахмедов Умурзак, Ирматов Саид Ахмет ва бошқа 15 нафар шахс отувга ҳукм қилинган, қолганлари 5 йилдан 10 йилгача концлагерга жўнатилган. Уларнинг барчаси оқланди.

7. Митан ва Каттақўрғон туманлари (1934 йил 29 мартдаги қарор):

38 нафар шахс, жумладан Абдуллаев Нарзулла Максум (10 йил), Юлдашев Туракул (8 йил) ва бошқалар озодликдан маҳрум қилиш жазолари бўйича реабилитация қилинди.

8. Бостандик ва Косасой ҳудудлари (1930 йил 20 ноябрдаги қарор):

7 нафар шахс. Абдузаиров Таир ва Шарипов Саидмурат (отувга ҳукм қилинган), Нурматов Халмурат, Якупбаев Магамет ва бошқалар оқланди.

«Шу аснода адолат қарор топди, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди. Юрт мустақиллиги, дини, эътиқоди, маданияти ва миллат ғурури учун курашиш йўлида ўз жонини фидо қилган қатағон қурбонларининг пок номлари халқимиз қалбида мангу яшайди», - дейилади хабарда,

Оқланганларнинг тўлиқ рўйхати билан қуйидаги ҳаволада танишсангиз бўлади:

Teglar

Mavzuga oid