Ўзбекистондаги АЭС қурилишига расман старт берилди
Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Ўзбекистонда интеграциялашган атом электр станциясининг биринчи энергия блокини қуриш ишларига старт берди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путин иштирокида Ўзбекистонда интеграциялашган атом электр станциясининг биринчи энергия блокини қуриш ишларига расман старт берилди. Маросимда телекўприк орқали Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори Рафаэл Гросси ҳам қатнашди.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Шавкат Мирзиёев Владимир Путин ҳамда Рафаэл Гроссига мазкур стратегик лойиҳани шахсан қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, мамлакатдаги биринчи атом электр станциясини барпо этишда иштирок этаётган Ўзбекистон ва Россия мутахассисларининг меҳнати алоҳида эътироф этилди.
Лойиҳа Ўзбекистоннинг технологик, саноат ва илмий ривожланишида янги босқични бошлаб бериши таъкидланди. У мамлакатда янги тармоқ — атом энергетикасини шакллантириш учун муҳим пойдевор вазифасини бажаради. Қайд этилишича, лойиҳа кичик модулли атом генерацияси ҳамда йирик қувватли энергетика соҳасидаги замонавий технологияларни ўзида мужассам этган.
Хавфсизлик устувор вазифа
Маросимда давлат раҳбари атом энергетикаси соҳасида хавфсизлик мутлақ устувор шарт эканини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, станцияни қуриш ва ишга туширишга тайёрлаш жараёнлари энг юқори халқаро стандартлар асосида амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, қурилиш ишлари илғор муҳандислик ечимлари асосида ташкил этилган бўлиб, жараёнлар Халқаро атом энергияси агентлигининг доимий назорати остида олиб борилмоқда.
Стратегик ҳамкорлик рамзи
Томонлар ушбу йирик энергетика лойиҳаси Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Мутахассислар фикрича, атом электр станцияси келгусида мамлакатнинг ўсиб бораётган энергия эҳтиёжини қоплаш, иқтисодиётнинг турли тармоқларини барқарор электр таъминоти билан таъминлаш ва энергетика манбаларини диверсификация қилишда муҳим аҳамият касб этади.





