
Ўзбекистонликлар қўлида қанча нақд пул бор?
2025 йилда аҳоли қўлидаги нақд пул рекорд даражага етди. Бироқ, сўнгги 10 йил ичида муомаладаги нақд пулларнинг умумий пулларга нисбати қисқариб бормоқда.

Марказий банк 2025 йил якунлари бўйича пул агрегатлари ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, ўтган йили Ўзбекистонда кенг маънодаги пул массаси (М2) 36,6 фоизга ўсиб, 378,6 трлн сўмга етди. Бу иқтисодиётда қанча реал пул борлигини кўрсатади.
Иқтисодиётда сўмдаги пулларни англатувчи — миллий валютадаги пул массаси йил давомида 40,4 фоизга кўпайди ва 309 трлн сўмни ташкил қилди.
Муомаладаги нақд пуллар эса 53,3 трлн сўмдан 63,5 трлн сўмгача ўсди. Аҳолининг қўлида ҳозирда айнан шунча нақд пул мавжуд. Бу кўрсаткич 2025 йилда 28,4 фоизга юқорилади.
Бундан ташқари, йил давомида сўмдаги талаб қилиб олингунча депозитлар 76,3 трлн сўм (+15,2 трлн сўм), сўмдаги бошқа депозитлар 164,3 трлн сўм (+58,6 трлн сўм), чет эл валютасидаги депозитлар 69,5 трлн сўмга (+12,6 трлн сўм) етди.
Инфографикада пул агрегатлари 2013 йилдан бери қандай ўзгараётгани ҳақида маълумот олишингиз мумкин. Масалан, бундан 10 йил аввал одамлар қўлида 10,6 трлн сўм нақд пул бор эди.
Шунга қарамай, аҳоли қўлидаги нақд пулнинг сўмдаги умумий пулларга нисбати бу даврда 29,4 фоиздан 22,1 фоизга пасайган. Яъни, нақд пул миқдори кўпайиб бораётган бўлсада, уларнинг пуллардаги улуши камаймоқда.
Кенг маънодаги пул массаси (М2) Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) “Пул-кредит ва молиявий статистикани шакллантириш қўлланмаси”даги концепция ва таснифларга мувофиқ Марказий банк ва банкларнинг мажбуриятлари бўйича олинган маълумотлари асосида ҳисобланган.
М2 ўз ичига муомаладаги нақд пулларни ҳамда бошқа молиявий ташкилотлар, давлат номолиявий ташкилотлар, хусусий сектор ҳамда аҳолининг миллий ва чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча, жамғарма ва муддатли депозитларни олади.
Тор маънодаги пул массасига (М1) муомаладаги нақд пуллар ва миллий валютадаги талаб қилиб олингунча депозитлар киради





