Ўзбекистонда янгиланган алифбога ўтиш режаси эълон қилинди: ҳужжатлар, дарсликлар ва бизнесда нималар ўзгаради?
Ҳужжат муҳокамаси 6 декабрга қадар давом этади.
© Sun'iy intelektЎзбекистонда давлат органлари, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари, бизнес ва рақамли хизматларнинг янгиланган лотин алифбосига босқичма-босқич ўтишини назарда тутувчи дастур ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан 21 ноябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбек алифбосига киритилган ўзгартиришларни жамият ҳаётининг барча соҳаларига жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасида маълум қилинди.
Ҳужжат муҳокамаси 6 декабрга қадар давом этади. Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 21 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев ўзбек алифбосидаги тўртта ҳарфни («O‘ o‘ — Ö ö», «G‘ g‘ — Ğ ğ», «Sh sh — Ş ş», «Ch ch — Ç ç») ўзгартириш тўғрисидаги қонунни имзолаган эди. 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгисидан иборат янгиланган алифбо тўғрисидаги қонун 2027 йил 22 апрелдан кучга киради.
Лойиҳада давлат муассасалари, ташкилотлар ва корхоналарга қонун кучга киргунга қадар ҳам иш юритишда янги алифбодан фойдаланишни бошлаш тавсия этилмоқда.
Паспорт ва шахсий ҳужжатлар
Лойиҳага кўра, қонун кучга кирганидан сўнг ID-карталар, биометрик хорижга чиқиш паспортлари, ҳайдовчилик гувоҳномалари, автомобилларнинг техник паспортлари ва кадастр ҳужжатлари янгиланган алифбода расмийлаштирилади. Шу билан бирга, аввал тайёрланган бланкалардан 2028 йил 1 январга қадар фойдаланишга рухсат берилиши кўзда тутилмоқда.
Алифбо ўзгартирилгунга қадар берилган барча ҳужжатлар, жумладан, шахсий ва мулкий ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар ўз юридик кучини сақлаб қолади. Миллий валюта ва қимматли қоғозларни ҳам қайта расмийлаштириш талаб этилмайди.
Давлат органларига фуқароларга хизмат кўрсатишни, ҳужжатларни қабул қилишни ёки шахсни тасдиқлашни фақат исм, фамилия ёки отасининг исми ёзилишидаги фарқлар туфайли рад этиш тақиқланиши назарда тутилмоқда. Хизмат гувоҳномалари эса режали алмаштириш жараёнида янги алифбога ўтказилади.
Бундан ташқари, ICAO халқаро стандартини ҳисобга олган ҳолда паспорт ва ID-карталарнинг машинада ўқиладиган зоналарида исм ва фамилияларни транслитерация қилиш қоидалари қайта кўриб чиқилади.
Таълим тизими ва дарсликлар
Дастур лойиҳасига кўра, 1–11-синфлар учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар 2027–2031 йилларда босқичма-босқич янги қоидаларга мувофиқлаштирилади. Янгиланган ҳарфли дарсликлар биринчи навбатда 1-синф ўқувчилари учун 2027/2028 ўқув йилидан жорий этилиши режалаштирилмоқда. Қолган дарсликлар инвентаризация қилиниб, қайта нашр этиш даврийлигига қараб алмаштирилади.
5–11-синф ўқувчилари учун 2028 йил 1 августга қадар имло саводхонлигини баҳолашда, жумладан, якуний давлат аттестацияси ва кириш имтиҳонларида вақтинчалик енгилликлар ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда. Мактабгача ёшдаги болалар учун махсус алифбелар, ўргатувчи ўйинлар ҳамда 2027 йилда тўртта янги ҳарф бош қаҳрамон бўладиган «Сеҳрли ҳарфлар саргузаштлари» тўрт қисмли мультсериалини яратиш таклиф этилмоқда.
ОАВ ва нашриётлар
Лойиҳада қонун кучга кирганидан сўнг ўзбек тилидаги ОАВ ахборот материаллари ва босма маҳсулотлар янгиланган алифбода чоп этилиши назарда тутилган. Талаблар лойиҳасида хусусий ОАВ учун истиснолар мавжуд эмас. Бироқ алифбони ўзгартириш тўғрисидаги қонунда хусусий ОАВни янгиланган лотин алифбосига ўтишга тўғридан-тўғри мажбурловчи алоҳида норма йўқ, қарор лойиҳасида эса ушбу талабга риоя этмаганлик учун жавобгарликка аниқлик киритилмаган.
Аввалроқ, 10 сентябрь куни Сенат йиғилишида сенатор Ҳусан Эрматов бир вақтнинг ўзида уч хил — кирилл, амалдаги ва янгиланган лотин алифболаридан фойдаланиш хавфи ҳақида огоҳлантирганидан сўнг, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодиржон Холбўтаев ҳукумат барча ОАВни ягона янгиланган алифбога ўтказиш ниятида эканини маълум қилган эди.
Бизнес, қадоқлар ва пешлавҳалар
Товар ишлаб чиқарувчилар учун 2027 йил 22 апрелдан 2028 йил 22 апрелгача қадоқлар ва ёрлиқларда амалдаги ҳамда янги алифбодан параллель фойдаланишга рухсат берилиши таклиф этилмоқда. 2028 йил 22 апрелдан янги буюртмаларда янги алифбо мажбурий бўлади, эски ёзувдаги захира қадоқлардан эса 2029 йил 22 апрелгача фойдаланиш мумкин. Ушбу давргача қонуний маркировка қилинган товарларни яроқлилик муддати тугагунига қадар сотишга рухсат берилади.
Банк мобил иловалари, банкоматлар, тўлов терминаллари, солиқ ва божхона тизимлари, электрон тижорат платформалари интерфейслари янги алифбога ўтказилади.
Шу билан бирга, товар белгилари, фирма номлари, хорижий шахслар ва ташкилотлар номлари асл ҳолида келтирилиши мумкин; домен номлари, электрон почта манзиллари, логинлар, ҳисоб ва шартнома рақамларини ўзгартириш талаб этилмайди.
2027 йилдан давлат муассасалари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари пешлавҳалари, йўл кўрсаткичлари, аэропорт, вокзал ва жамоат транспорти ёзувлари босқичма-босқич янгиланади. Шунингдек, 2027 йилда Давлат герби ва давлат мукофотларидаги ёзувларни ўзгартириш бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
Рақамли тизимлар, сунъий интеллект ва молиялаштириш
Лойиҳада Android, iOS, macOS ва Windows тизимлари учун «ö», «ğ», «ş» ва «ç» ҳарфларини киритишга мўлжалланган ягона клавиатура стандартини ишлаб чиқиш, OneID ва my.gov.uz порталларини мослаштириш ҳамда сунъий интеллект ёрдамида матнларни текширувчи ва янги алифбога ўгирувчи бепул дастурлар яратиш кўзда тутилган. 2026–2027 йилларда OpenAI, Google, Anthropic, xAI, DeepSeek ва Meta компанияларига ChatGPT, Gemini, Claude, Grok, DeepSeek ва Meta AI тизимларини янги ўзбек алифбосига мослаштириш бўйича расмий мурожаатлар юбориш режалаштирилмоқда.
Давлат органлари бир ой муддатда ўз йўл хариталарини ишлаб чиқишлари лозим. Харажатлар 2027 йилда вазирлик ва идораларга ажратилган бюджет маблағлари доирасида, 2028 йилдан эса давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
Маълумот учун, ўзбек тилининг лотин ёзувига ўтиши 1993 йилда бошланган ва 1995 йилда алифбо сезиларли ўзгартирилган. Алифбони янгилаш тўғрисидаги амалдаги қонун 2026 йил 7 июлда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 10 сентябрда Сенат томонидан маъқулланган ва 21 октябрда президент томонидан имзоланган.





