Тунда фаоллашмаётган Тошкент, ундириш осонлашаётган коммунал қарзлар ва 40 минг доллар билан ушланган банк амалдори — 22 апрел дайжести

Kecha 22:194 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Тунда фаоллашмаётган Тошкент, ундириш осонлашаётган коммунал қарзлар ва  40 минг доллар билан ушланган банк амалдори — 22 апрел дайжести

Коммунал қарзларни ундириш тартиби енгиллаштирилади

Ўзбекистонда коммунал хизматлар ва уй-жой бадаллари бўйича қарзларни ундириш тартиби соддалаштирилди. Шавкат Мирзиёев томонидан 20 апрель куни имзоланган қонунга кўра, энди бундай қарзлар ҳам соддалаштирилган ижро тартибида ундирилади. Янги тартиб коммунал тўловлар, «квартплата», почта ва видеоконференцалоқа харажатлари, шунингдек, 5 БҲМгача бўлган қарздорликларни қамраб олади.

Шу билан бирга, ушбу қарзлар бўйича фуқароларнинг банк ҳисобварақларидан пулни мажбурий ечиб олиш тақиқланди. Қарздорликни ундириш иш ҳақи, пенсия, стипендия ва бошқа даромадлар ҳисобидан амалга оширилади, аммо ундирув миқдори белгиланган минимум доирасидан ошмаслиги керак. Янги ўзгаришлар қарзларни ундиришни тезлаштириш билан бирга, фуқаролар маблағларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Ўзбекистонда март ойида 78 мингта енгил автомобил сотилган

2026 йил март ойида Ўзбекистонда жами 93,5 мингта транспорт воситаси сотилиб, бу февралга нисбатан 11,1 фоизга кўп бўлди. Шундан 78 мингдан ортиғи енгил автомобиллар бўлиб, улар савдоси бир ойда 19 фоизга, йиллик ҳисобда эса 20,6 фоизга ўсган. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотига кўра, бирламчи бозорда 31 мингта, иккиламчи бозорда эса 47,5 мингта енгил автомобил сотилган.

Ҳудудлар кесимида аксарият вилоятларда ўсиш кузатилган бўлса, Жиззах, Андижон ва Самарқандда пасайиш қайд этилди. Энг юқори ўсиш Сурхондарёда (51,4 фоиз) ва Тошкент вилоятида (46 фоиз) кузатилган, пойтахтда эса бозор 60,5 фоизга ошган. Шунингдек, янги автомобиллар савдоси 13 фоизга ўсиб, хорижий авто сегменти қарийб икки баробарга ошган, иккиламчи бозорда эса 23 фоизлик ўсиш қайд этилган. Электромобиллар савдоси ҳам фаоллашиб, мартда 5,5 мингта сотилган ва йиллик ўсиш 24 фоизни ташкил этган.

Россия 5 мингга яқин ўзбекистонликни урушга ёллагани маълум бўлди

Украинанинг «Хочу жить» лойиҳаси маълумотига кўра, Россия армияси сафида жанг қилаётган Ўзбекистон фуқаролари сони 4853 нафарга етган ва бу Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Умуман, 2026 йил ҳолатига кўра, Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаб, урушда иштирок этаётган минтақа фуқаролари сони 12 666 нафарни ташкил этган. Кейинги ўринларда Тожикистон (3407 нафар), Қозоғистон (2389 нафар), Қирғизистон (1439 нафар) ва Туркманистон (578 нафар) қайд этилган.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, хорижий давлат армиясига ёлланиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Хусусан, бу ҳаракатлар учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Шунингдек, чет давлатлар ҳарбий хизматларига кириш ҳам жарима ёки қамоқ билан жазоланиши мумкин. Украина томони эса бу масалада ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдириб, фуқароларни ёлланиш хавфидан огоҳлантириш муҳимлигини таъкидлаган.

Андижонда банк амалдори 40 минг доллар пора билан қўлга тушди

Андижон вилоятидаги банк бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари 40 минг АҚШ доллари пора олаётган вақтда Давлат хавфсизлик хизмати томонидан қўлга олинди. Маълумотларга кўра, у кредит таъминоти учун гаровга қўйилган мулкларни сотиш ваколатидан фойдаланиб, тадбиркорга объектни аукционсиз олиб бериш эвазига 90 минг доллар талаб қилган.

Хусусан, Асакa туманида жойлашган, қиймати 16,8 млрд сўм бўлган хусусий тиббиёт маркази биноси нархи сунъий равишда 12 млрд сўмга туширилган. Мансабдор ушбу мулкни 7 йиллик фоизсиз кредит асосида расмийлаштириб беришни ваъда қилган. У 40 минг доллар пора олаётган пайтда ашёвий далиллар билан ушланиб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.

Тошкентнинг тунги фаоллиги нега фақат марказий туманлар билан чекланиб қолмоқда?

Тошкентда тунги фаоллик асосан марказий туманларда жамланган бўлиб, соат 23:00 дан кейин бизнес фаоллиги кескин пасаяди. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти тадқиқотига кўра, шаҳардаги 1587 та масканнинг 75 фоизи 20:00 дан кейин, 65 фоизи 22:00 дан кейин ишласа, тун ярмига келиб фақат 31 фоизи фаол қолади. Тунги ҳаёт асосан гастрономик объектларга тўғри келиб, у Яккасарой ва Миробод туманларида тўпланган, Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт каби ҳудудларда эса деярли кузатилмайди.

Экспертлар бу ҳолатни жамоат транспорти ва хавфсизлик инфратузилмасининг чеклангани билан изоҳлайди: автобус йўналишларининг аксарияти 23:00 гача, метро эса 00:00 гача ишлайди. Тадқиқотда тунги иқтисодиётни ривожлантириш учун ҳоким ўринбосари лавозимини жорий этиш, дам олиш кунлари метро иш вақтини 01:00 гача узайтириш ва чекка туманларни марказ билан боғловчи тунги автобуслар йўлга қўйиш таклиф этилган. Шунингдек, ёритиш, санитария ва пиёдалар инфратузилмасини яхшилаш орқали тунги бизнес фаоллигини ошириш мумкинлиги қайд этилган.

Teglar

Mavzuga oid