Шавкат Мирзиёев «Марказий Осиё яшил савдо йўлаги»ни шакллантиришни таклиф қилди
Остонада ўтаётган Минтақавий экологик саммитда қатнашган Ўзбекистон президенти қатор ташаббусларни илгари сурди.
© Президент матбуот хизматиЎзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22-апрел куни Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган Минтақавий экологик саммитнинг очилиш маросимида иштирок этди ва сўзга чиқиб, Марказий Осиё давлатлари иқлим ва экология муаммолари қаршисида, хавф-хатарларни янги ўсиш нуқталарига айлантирган ҳолда, ҳамкорликда ҳаракат қилиши лозим эканини айтди. Президент Шавкат Мирзиёев қатор таклифларни ҳам илгари сурди.
Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари
Биринчи таклиф атмосфера ҳавосининг сифати ёмонлашаётган шароитда «Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси» давлатлараро консорциумини таъсис этишдир. Консорциум саноатни модернизация қилиб, ҳавога чиқарилаётган зарарли моддалар учун тозалаш тизимларини жорий этадиган «яшил» молиялаштиришнинг қўшма операторига айланиши мумкин.
Иккинчи таклиф Ўзбекистондаги Яшил университет ҳузурида фаолият юритаётган Чўлланишга қарши курашиш, қурғоқчиликнинг олдини олиш ҳамда қум ва чанг бўронлари ҳақида барвақт огоҳлантириш марказига минтақавий мақом бериш.
«Марказ базасида илмий салоҳиятни бирлаштириш ерларнинг деградацияси ҳамда туз ва чангли бўронларни мониторинг қилиш бўйича кучли тизимни яратиш имконини беради», – деди Мирзиёев.
Учинчи таклиф технологик ўтиш жараёнларини тезлаштириш учун «Марказий Осиё яшил савдо йўлаги»ни шакллантириш. Имтиёзли божхона тартибларини жорий этиш ва экомаҳсулотлар учун сертификатларни ўзаро тан олиш ишлаб чиқаришни жадал модернизация қилиш ва маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш имконини беради.
Тўртинчи таклиф – Марказий Осиё иқлим лойиҳаларининг ягона инвестиция портфелини яратиш.
«Бу бизга тарқоқ ташаббуслар билан эмас, балки минтақани ривожлантириш бўйича яхлит стратегия билан ҳаракат қилиш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, уни амалга ошириш учун шерикларимизда қизиқишни кучайтиради», – деди Ўзбекистон президенти.
Бешинчи таклиф – Марказий Осиё атроф-муҳитидаги ўзгаришларнинг ягона минтақавий атласини яратиш. Мирзиёев бу атлас минтақадаги чўлланиш, тупроқ деградацияси жараёнлари ва сув ресурслари ҳолати динамикасини яққол ифода этадиган фундаментал илмий-таҳлилий базага айланишига ишонч билдирди.
Олтинчи таклиф – биологик хилма-хилликни сақлаш учун «Марказий Осиё Қизил китоби»ни биргаликда ишлаб чиқиш. Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Тошкентдаги минтақавий офиси бу ишда мувофиқлаштирувчи бўлиши мумкин.
«Минтақа «Қизил китоб»и йўқолиб бораётган турларнинг шунчаки рўйхатидан иборат бўлиб қолмасдан, соҳада ҳамкорликдаги ишимиз учун амалий платформага айланиши лозим», – деди президент.
Еттинчи таклиф – 2027-йилда Ўзбекистонда Бутунжаҳон ёшлар иқлим форумини ўтказиш. Бокуда бўлиб ўтган «CОP-29» анжумани давомида мамлакатлар ёшлари иштирокида Экология бўйича маслаҳат қўмитаси тузилган эди.
Шавкат Мирзиёев саммит иштирокчиларини Ўзбекистонда ўтадиган экологик тадбирларга таклиф қилди. Экологик кун тартибини илгари суриш доирасида шу йилнинг 31-май – 5-июн кунлари Самарқандда Глобал экологик фонднинг саккизинчи ассамблеяси, сентябр ойи охирида эса Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форуми бўлиб ўтади.
Ўзбекистон нималар қилмоқда?
Президент нутқи давомида мамлакат экологик барқарорликни шакллантириш бўйича аниқ мақсадли ва тизимли чора-тадбирларни амалга ошираётганига ҳам тўхталди.
«Яшил макон» лойиҳаси доирасида қарийб 1 миллиард туп дарахт ва бута экилди. Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектардан ортиқ майдонда ўрмонзорлар барпо этилиб, янги «яшил белбоғ»лар яратилмоқда. Бизнинг ташаббусимиз билан БМТ Бош Ассамблеясининг «Ўрмонлаштириш ва ўрмонларни тиклаш бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги» резолюцияси қабул қилинди», – деди Шавкат Мирзиёев.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистон сувни тежаш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида йилига 10 миллиард куб метр сувни иқтисод қилмоқда. Генерация қувватларида «яшил» энергетика улуши аллақачон 30 фоизга етди, жорий ўн йилликнинг охирига бориб эса 50 фоиздан ошади.
«Биз Париж битими бўйича зарарли чиқиндиларни 35 фоизга камайтириш мажбуриятини муддатидан олдин бажардик ва олдимизга янги мақсад – уларни 2035-йилгача икки баробар қисқартириш вазифасини қўйдик», – деди президент.
Билдирилишича, чиқиндилардан энергия ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар фаол амалга оширилмоқда. Жорий йилда чиқиндиларни ёқиш бўйича иккита янги завод ишга туширилади, яна 9 таси эса келгуси икки йил давомида фаолиятини бошлайди. Уларнинг ишга туширилиши ҳар йили 5,5 миллион тонна чиқиндини утилизация қилиш, 2,2 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш, шунингдек, чиқиндилар ҳажмини 1 миллион тоннадан ортиққа қисқартириш имконини беради.
Маълумот учун, тадбирда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Арманистон президенти Ваагн Хачатурян, Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе ва Озарбайжон бош вазири Али Асадов ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳам қатнашди.





