
Енгил автомобиллар импортининг 70 фоиздан зиёди электромобиллар бўлди
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонга олиб кирилган енгил автомобиллар импортида электромобиллар ҳажми асосий улушни ташкил этди.

2025 йилда Ўзбекистонда енгил автомобиллар импорти таркиби кескин ўзгарди. Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатга олиб кирилган автомобиллар сони 7,1 фоизга ўсиб, 79 822 донани ташкил этган бўлса-да, импортнинг умумий қиймати аксинча, камайишни кўрсатди.
2025 йилда енгил автомобиллар импорти қиймати 1,17 млрд долларга тенг бўлиб, бу 2024 йилдаги 1,28 млрд долларга нисбатан 8,1 фоизга кам. Ушбу ҳолат бозорда арзонроқ моделлар улушининг ошиши ва импорт таркибининг ўзгариши билан изоҳланади.
Импорт ўсишининг асосий драйвери сифатида электромобиллар майдонга чиқди. 2025 йил давомида Ўзбекистонга 56 832 та электромобил олиб кирилди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан икки баробардан ортиқ ўсишни англатади. Натижада электромобиллар умумий импорт ҳажмида 70 фоиздан ортиқ улушни эгаллади.
Таққослаш учун, 2024 йилда электрокарлар импорти қиймати 224,7 млн долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 701 млн долларга етди. Йиллик ўсиш 212 фоизни ташкил қилиб, электр транспорт воситаларига талаб кескин ошганини кўрсатди.
Таъкидлаш жоиз бўлса, анъанавий бензин двигателли енгил автомобиллар импорти пасайишда давом этди. 2025 йилда ушбу сегментдаги импорт ҳажми қарийб 40 фоизга қисқариб, 19 871 донани ташкил этди. Қиймат жиҳатидан эса етказиб беришлар 706,8 млн доллардан 387,9 млн долларга тушди.
Шунингдек, энг катта пасайиш гибрид автомобиллар сегментида қайд этилди. 2025 йилда мамлакатга атиги 3 017 та гибрид автомобил олиб кирилди, бу 2024 йилга нисбатан деярли олти баробар кам. Уларнинг импорт қиймати ҳам 339,3 млн доллардан 80,9 млн долларгача пасайган.
Бундан ташқари, дизелли енгил автомобиллар эса бозорда энг кичик улушни сақлаб қолди. Миқдорий ҳажм 102 донани ташкил этган бўлса-да, сегмент қиймати қарийб икки баробарга қисқариб, 2,65 млн долларга тушгани маълум бўлди.





