Logo

АҚШ ва Эрон уруши: аввал ва ҳозир. 8 ойлик уруш таҳлили

Bugun 16:169 daqiqa

Жорий йилнинг феврал ойида АҚШ ва Исроилнинг Эронга зарбалари билан бошланган уруш саккиз ой ичида бутун минтақадаги вазиятни ўзгартирди. Уруш бошланганидан бери ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий вазият қандай ўзгарди, томонлар қандай йўқотишларга дуч келди?

АҚШ ва Эрон уруши: аввал ва ҳозир. 8 ойлик уруш таҳлили © Ijtimoiy tarmoqlar

Эрон расмийларига кўра, Ҳўрмуз бўғози ва унинг атрофида еттита нефт танкери ёниб кетган ёки шикастланган. Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси («ИИМК») АҚШнинг янги ҳужумлари янада кенгроқ жавоб зарбаларига сабаб бўлишидан огоҳлантирмоқда. Бутун дунё эса ҳарбий ҳаракатларнинг қайта бошланиши эҳтимолидан қаттиқ хавотирда.

Таҳлилчилар 3 ноябрдаги оралиқ сайловлардан олдин АҚШ ҳужум қилишини даргумон деб ҳисобласа-да, ҳар икки томоннинг ўзаро таҳдидлари ва кескин баёнотлари янги зарбаларга йўл очиши мумкинлиги ҳақидаги хадикни кучайтирмоқда. Можаро марказида эса Ҳўрмуз бўғози ва Эроннинг ядровий иншоотлари устидан назорат ўрнатиш масаласи турибди.

Бироқ 28 феврал куни Қўшма Штатлар ва Исроил Эронга илк зарбаларини йўллагунига қадар, жаҳон нефт ва суюлтирилган табиий газ таъминотининг бешдан бир қисми ўтадиган Форс кўрфазидаги ушбу муҳим сув йўлида ҳеч қандай муаммо йўқ эди. Қолаверса, ўша пайтда Эроннинг ядровий дастури бўйича музокаралар давом этаётган эди.

АҚШнинг мудофаа қуроллари захираси тугаб бораётган ва глобал энергетика инқирози кучайиб бораётган бир пайтда, эҳтимолий янги зарбалар олдидан вазият қандай? Бугунги ҳолат барчаси бошланишидан олдинги — феврал ойидаги вазиятдан нимаси билан фарқ қилади?

Уруш географияси қандай ўзгарди?

Уруш бошланмасидан олдинги (февралдаги) ҳолатдан фарқли ўлароқ, агар ҳужумлар қайта бошланса, АҚШ ва Эрон бир нечта турли фронтларда жанг қилишига тўғри келади.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга йўллаган зарбаларидан кўзланган асосий мақсад унинг раҳбариятини ағдариш бўлса-да, яна бир вазифа — Эроннинг минтақавий иттифоқчиларини, хусусан, «Ҳизбуллоҳ»ни заифлаштириш эди.

Ҳужумни эълон қилар экан, Трамп Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳларнинг АҚШ кучларига ҳужум қилишига ҳамда минтақадаги барқарорликни бузишига асло йўл қўймаслигини таъкидлади.

Гарчи бу ҳужум Эронда ҳукумат алмашишига олиб келмаган бўлса-да, Исроилнинг Ғазодаги тажовузи оқибатида «ҲАМАС» жиддий равишда заифлашди. Ўтган йилнинг октябр ойида АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган «ўт очишни тўхтатиш» тартиби эълон қилинганидан буён 1400 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди.

АҚШ ва Исроилнинг илк авиазарбалари оқибатида Эрон олий раҳнамоси Али Хоманаий ўлдирилганидан сўнг, «Ҳизбуллоҳ»нинг Исроил шимолидаги нишонларга қилган жавоб ҳужумлари март ойининг бошларида Ливанни ҳам урушга тортиб кетди.

Исроил Ливан жануби ва Байрут атрофидаги «Ҳизбуллоҳ»нинг таянч нуқталари деб ҳисобланган жойларни бомбардимон қилишни бошлади. Маълум бир вақтда у мамлакатнинг қарийб бешдан бир қисмини эгаллаб олиб, бир миллиондан ортиқ одамни ўз уй-жойини тарк этишга мажбур қилди. Исроил ҳамон Ливаннинг жанубий чегарасидаги каттагина ҳудудни эгаллаб турибди.

Сув йўллари ва энергетика иншоотлари жанг майдонига айланган

Бироқ энг катта географик ўзгариш Форс кўрфазидаги сув йўллари ва энергетика инфратузилмасининг асосий нишонга айлангани бўлди. Эроннинг АҚШ ҳарбий объектлари ва фуқаролик инфратузилмасига қилган ҳужумлари Кўрфаз давлатларини ўзлари четлаб ўтишга умид қилган уруш оқибатлари билан юзма-юз қолдирди.

Қироллик бирлашган қуролли кучлар институти илмий ходими Урбан Конингем «Al Jazeera» телеканалига шундай деди: «Бунгача АҚШ ва Эрон музокаралари асосан Эроннинг минтақавий иттифоқчилари ҳамда ядровий дастурига қаратилган эди. Эндиликда Ҳўрмуз бўғози ва Кўрфазга қилинган ҳужумлар асосий қарама-қаршилик нуқтасига айланди».

Конингемнинг таъкидлашича, Кўрфазда авваллари ҳам ҳужумлар кузатилган бўлса-да, Эроннинг сўнгги зарбалари, хусусан, нефт ва газ инфратузилмасига қилинган ҳужумларнинг кўлами ва шиддати вазият кескин ўзгарганидан далолат беради.

Урушга қадар халқаро кемалар қатнови учун эркин бўлган Эрон ва Уммон ўртасидаги Ҳўрмуз бўғози энди Теҳронга ўз чегараларидан ташқарида ҳам катта йўқотишлар келтириб чиқариш имконини бермоқда. АҚШ Эрон портларини қамалда ушлаб турган бир пайтда, Эрон ҳам бўғоздаги кемаларга таҳдид ва ҳужум қилишни давом эттирмоқда. Натижада қатнов жиддий равишда издан чиқди, нефт ва газ таъминоти эса кескин қисқарди.

Март ойида «CNN» телеканали Пентагон ва АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши Эроннинг бўғоз орқали ўтишни чеклаш истагини ва бунинг оқибатларини етарлича баҳоламагани ҳақида хабар берган эди. Мудофаа вазири Пит Хегсет бу хабарларни рад этиб, ҳарбийлар бундай эҳтимолни олдиндан ҳисобга олганини таъкидлади.

Ямандаги жанговар ҳаракатларнинг қайта бошланиши

Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланадиган, халқаро миқёсда тан олинган Яман ҳукумати кучлари ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлар ўртасидаги жанговар ҳаракатларнинг қайта тикланиши минтақавий инқирозга яна бир фронтни қўшди. Ҳусийларнинг ракета ва дронлари Саудия Арабистони аэропортлари ҳамда нефт инфратузилмасини нишонга олиши ортидан Ямандаги уруш Саудия ҳудудигача кенгайди.

Бу фронт яна бир муҳим савдо йўлаги — Қизил денгизни Адан кўрфази билан боғловчи Боб ул-Мандаб бўғозини янада кўпроқ диққат марказига олиб чиқди. Ҳусийларнинг у ердаги Саудия Арабистонига алоқадор кемаларга таҳдидлари Ҳўрмуздаги транспорт узилишларини янада кучайтириши, Кўрфаз экспортларини муқобил йўналишлар орқали олиб ўтиш ҳаракатларини йўққа чиқариши ва АҚШга қўшимча босим ўтказиши мумкин.

Сиёсий вазият қандай ўзгарди?

Икки давлат раҳбарлари турли хил чекловларга дуч келмоқда. Эрон ҳукмдорлари тартибсизликлардан ва ўз ҳокимиятини сақлаб қолишдан хавотирда, бироқ улар Трампнинг Республикачилар партияси каби сайловчилар олдида ҳисоб беришга мажбур эмас. Трамп партиясини эса икки ҳафтадан камроқ вақт ичида оралиқ сайловлар кутмоқда.

Эронда

Феврал ойидаги зарбалардан олдин, январда юқори инфляция ва Эрон валютасининг кескин қадрсизланишига қарши ўтказилган умуммиллий намойишлар шафқатсизлик билан бостирилгани сабабли, Эрон ҳукумати халқнинг кучли ғазабига дуч келган эди. Шундан сўнг АҚШ ва Исроилнинг ҳужумлари оқибатида 1989 йилдан бери мамлакатни бошқариб келган Хоманаий ва хавфсизлик хизмати раҳбари Али Ларижоний ҳалок бўлди. Аммо бу «Ислом Республикаси»ни қулата олмади.

Хоманаийнинг ўрнини унинг ўғли Мужтабо эгаллади. Унинг ҳокимият тепасига келиши ва «ИИМК»нинг таъсири ҳукумат ичидаги консерваторлар позициясини янада мустаҳкамлади.

Конингем уруш даврида намойишларнинг йўқлигини ҳукуматни қўллаб-қувватлаш деб тушунмаслик кераклигидан огоҳлантирди.

«Гарчи можаро хорижий ҳужумларга қаршилик кўрсатиш атрофида бирлашиш эффектини келтириб чиқарган бўлса-да, бу Эроннинг кучайганини англатмайди», — деди у.

АҚШда

Айни пайтда Доналд Трамп янги зарбалар олдидан кучли сиёсий босимга дуч келмоқда. Уруш бошланишидан бир неча кун олдин эълон қилинган «Reuters/Ipsos» сўровномасида унинг рейтинги 40 фоизни ташкил этган бўлса, душанба кунги натижаларга кўра бу кўрсаткич 31 фоизга тушиб кетди. Бензиннинг қимматлашиши ва Эронга қарши урушнинг америкаликлар орасида кескин норозиликка сабаб бўлаётгани фонида қайд этилган бу натижани мутахассислар Трампнинг ҳар икки президентлик муддатидаги энг паст кўрсаткич деб баҳоламоқда.

Иқтисодий мувозанат қандай ўзгарди?

Эронда

Санкциялар ва хорижда музлатилган активлар гирдобида қолган Эрон иқтисодиёти урушга қадар ҳам оғир аҳволда эди. АҚШ ҳарбий куч, қўшимча санкциялар ва денгиз қамалини биргаликда қўллаш орқали мамлакатни янада қисиб қўйгани сабабли, можаро бу босимни икки карра оширди.

Апрел ойида Эрон ҳукумати АҚШ ва Исроил ҳужумларидан кўрилган тўғридан-тўғри ва билвосита зарарни 270 миллиард доллар деб баҳолади. Август ойи охирида эса Вашингтон Эрон билан ҳамкорлик қилувчиларга жарималар қўллаш орқали мамлакатни халқаро савдодан яккалаб қўйишга қаратилган «Иқтисодий қувғин» операциясини бошлади ва бунинг ортидан босим янада кучайди.

Расмий маълумотларга кўра, 21 мартдан 20 июнгача бўлган даврда Эроннинг ялпи ички маҳсулоти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,1 фоизга қисқарган. АҚШ қамали туфайли энергия экспорти кескин камайди, риёлнинг қадри эса пасайиб кетди.

АҚШда

Қўшма Штатлар ҳам улкан харажатларга дуч келмоқда. Сентябр ойида АҚШ Конгрессининг Бюджет бошқармаси 1 август ҳолатига кўра, мазкур можаро Мудофаа вазирлигига 38 миллиард долларга тушганини ҳисоблаб чиқди. Бошқарма маълумотига асосан, жанговар ҳаракатларнинг шиддатига қараб, ҳарбий операцияларни давом эттириш ойига тахминан 2 миллиарддан 3 миллиард долларгача тушиши кутилмоқда.

Урушнинг қўшимча харажатлари оқибатида август ойида АҚШ ҳукуматининг давлат қарзи рекорд даражага — 40 триллион доллардан ошиб кетди. Бу эса кутилган муддатдан икки йил олдин юз берди.

Ҳарбий мувозанат қандай ўзгарди?

АҚШ учун

Қўшма Штатлар Эрон ичкарисига чуқур зарба бериш қобилиятини намойиш этган бўлса-да, бу вайрон қилувчи куч Эроннинг сиёсий тизимини қулата олмади. Қолаверса, бу Теҳроннинг қўшни давлатлардаги АҚШ объектлари ва энергетика инфратузилмасига жавоб зарбалари бериш имкониятини ҳам йўққа чиқара олмади.

Конингемнинг таъкидлашича, Вашингтон учун энг қийини «ҳарбий устунликни стратегик натижаларга айлантириш» бўлмоқда. Шунингдек, у яқинда амалга оширилган қўшинларнинг қайта жойлаштирилишини ҳарбий куч намойиши деб баҳолади. Бироқ бу ҳолат АҚШнинг минтақадаги ҳарбий иштирокини камайтиришга қаратилган аввалги ҳаракатларидан чекинишини ҳам англатишини қўшимча қилди.

Америка ОАВларининг хабар беришича, арзон Эрон дронларига қарши қиммат мудофаа ракеталари сарфлаб юборилгани сабабли, ҳозирда Яқин Шарқдаги АҚШ арсеналида қурол-яроғнинг кескин танқислиги юзага келган.

«Fox News» телеканали хабарига кўра, ноябр ойининг охиригача Яқин Шарққа «Theodore Roosevelt» авиаташувчи кемаси ва 13-денгиз пиёдалари экспедиция корпуси етиб келиши кутилмоқда. Бу қарийб 10 000 нафар ҳарбий хизматчини минтақага олиб келади. Қўшинларнинг бундай жойлаштирилиши кейинги ҳаракатларни режалаштираётган Трампнинг ҳарбий имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради.

Эрон учун

Конингемнинг сўзларига кўра, Эрон учун мазкур можаро мамлакат раҳбарияти томонидан АҚШ ва Исроил мустамлакачилиги ҳамда империализми сифатида тасвирланган кучларга қарши узоқ йиллик қаршилик кўрсатиш ғоясига тўла мос тушади.

28 февралдан буён «Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси» («ИИМК») «асимметрик уруш» олиб бориш борасидаги маҳоратини намойиш этиб, АҚШнинг қимматбаҳо ҳарбий қудратини оммавий ишлаб чиқарилган арзон дронлар ёрдамида муваффақиятли жиловлаб келмоқда.

Бундан ташқари, унинг марказлашмаган тузилмалардан фойдаланиши алоқаларнинг узилиши ва юқори мартабали қарор қабул қилувчиларнинг йўқотилишига қарамай, ўз жанговар фаолиятини давом эттириш имконини берди, дейди Конингем.

АҚШ йўллаган зарбалар Эроннинг ҳарбий-денгиз флотига жиддий зарар етказди. Бу эса унинг кичик кемаларга, хусусан, Ҳўрмуз бўғозидаги сўнгги ҳужумларда ишлатилган тезюрар катерларга қарамлигини оширди. Бу борада география Эроннинг фойдасига ишлайди, чунки у ўз қирғоқлари бўйлаб жойлашган ерусти позицияларидан Ҳўрмуз бўғозидаги кемаларни бемалол ўққа тутиши мумкин. Шунингдек, у ракеталар ёрдамида бўғозга денгиз миналарини ҳам ташлай олади.

Булар АҚШ Эронга зарба беришни бошлаганида дуч келишни кутмаган, аммо бугунги кунда аниқ юзма-юз келаётган янги тактикалардир.

Жаҳон савдоси қандай ўзгарди?

Феврал ойида глобал энергетика инқирози ҳақида деярли ҳеч қандай гап-сўз йўқ эди, аммо ҳозир бу хавф аниқ кўзга ташланмоқда.

Уруш сабабли Кўрфаздаги энергетика таъминотида юзага келган узилишлар ва вазиятнинг янада кескинлашишидан қўрқув нефт нархининг кескин кўтарилишига олиб келди. Уруш бошланишидан бир кун олдин, яъни 27 феврал куни глобал эталон ҳисобланган «Brent» маркали нефтнинг бир баррели нархи 72,48 долларни ташкил қилган эди.

30 апрел куни эса у сўнгги тўрт йил ичидаги энг юқори кўрсаткичга — 126,41 долларга етди. Жума кунги эрталабки савдоларда бу кўрсаткич 114,47 долларни ташкил қилди.

Бироқ инқироз фақатгина хом нефт билан чекланиб қолмаяпти. Яқин Шарқда ёқилғи ишлаб чиқаришга етказилган зарар ва узилишлар, шунингдек, Россия таъминотига қўйилган санкциялар дизел бозорларини танг аҳволга солиб қўйди. Суюлтирилган табиий газнинг глобал таъминоти ҳам бундан жиддий жабр кўрди. Октябр ойида «Халқаро энергетика агентлиги» таъминотдаги бу чекловлар 2027 йилгача ҳам давом этиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

АҚШда нархи икки баробарга ошиб кетган дизел ёқилғиси Трамп учун катта сиёсий муаммо туғдирмоқда. Чунки унинг асосий сайловчилари бўлган америкалик фермерлар ва тадбиркорлар ишлаб чиқариш ҳамда транспорт йўналишида айнан мана шу ёқилғига қарамдир.

Муқобил портлар, қувурлар ва кемадан-кемага юк ортиш усуллари Кўрфаздаги ишлаб чиқарувчиларга экспортни қисман тиклашга ёрдам берди. Аммо бу юқори логистика харажатлари ҳамда доимий ҳужумлар хавфи сақланиб қолиши эвазига содир бўлмоқда.

Шу сабабли Яқин Шарқдаги ўта муҳим сув йўллари орқали кемалар қатновини қайта тиклаш ҳозирда мазкур урушдаги энг асосий мақсадлардан бирига айланган.

Teglar

Mavzuga oid