add

АҚШ Венесуэла нефтидан 500 млн доллар даромад олди

Bugun 12:261 daqiqa

АҚШ маъмурияти Венесуэла нефтининг илк партиясини сотиб, тушумни Қатарда очилган ҳисоб рақамда сақламоқда.

АҚШ Венесуэла нефтидан 500 млн доллар даромад олди

АҚШ маъмурияти Венесуэла нефтининг илк партиясини сотишдан 500 миллион доллар даромад олди. Бу келишув Вашингтоннинг Венесуэладаги янги сиёсий ва иқтисодий бошқаруви доирасида амалга оширилган биринчи йирик молиявий операция сифатида баҳоланмоқда. Мазкур жараён АҚШ томонидан собиқ президент Николас Мадуро ҳокимиятдан четлатилганидан 11 кун ўтиб амалга оширилди.

Президент Доналд Трамп Венесуэла нефт салоҳиятини вақтинчалик АҚШ назорати остида бошқариш режасини очиқ айтган. Ушбу режага кўра, 50 миллион баррелгача нефт сотилиб, тушумлар кейинчалик Венесуэлага қайтарилиши керак. Шу мақсадда жума куни имзоланган фармон нефт савдосидан тушган маблағларни халқаро кредиторлар ва суд даъволаридан ҳимоя қилишни назарда тутади.

Маъмурият маълумотларига кўра, нефт савдосидан тушган маблағлар ҳозирча АҚШ ҳукумати назоратидаги банк ҳисобларида сақланмоқда. Асосий ҳисоб рақами Қатарда жойлашган. Бу давлат нейтрал молиявий ҳудуд сифатида танланган бўлиб, маблағларни мусодара қилиш хавфини камайтиради.

Венесуэла қарздорлиги 170 миллиард долларгача етиши сабабли, хорижий компаниялар инфратузилмани тиклашда эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. Шу билан бирга, Chevron компанияси яқин икки йил ичида ишлаб чиқаришни 50 фоизга ошириш имконияти борлигини билдирган.

АҚШ молия вазири Скотт Бессент тушумларни назорат қилиш ва уларни Венесуэлага йўналтириш Молия вазирлиги ваколатида эканини таъкидлади. Демократлар эса офшор ҳисоблардан фойдаланиш қонунийлиги юзасидан жиддий саволлар кўтармоқда.

Teglar

Mavzuga oid