Асосий хавф ишсизлик эмас: СИ Ўзбекистонда бой ва камбағал ўртасида фарқни кучайтиради

Kecha 21:264 daqiqa

Ўзбекистонда сунъий интеллектнинг асосий хатари оммавий ишсизлик эмас. Асосий муаммо — ундан фойдалана оладиганлар билан қолганлар ўртасидаги тафовут кескин кенгайиши. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, СИ кўникмаларига эга бўлганлар тез бойийди, бошқалар эса ортда қолади.

Асосий хавф ишсизлик эмас: СИ Ўзбекистонда бой ва камбағал ўртасида фарқни кучайтиради

Ўзбекистон учун сунъий интеллектнинг (СИ) асосий хавфи иш ўринларининг оммавий қисқариши эмас. Асосий муаммо турли касблар меҳнат унумдорлигидаги фарқларнинг тезлашиши туфайли даромадлар ва имкониятлар ўртасидаги тафовутнинг кенгайишидадир.

Бу ҳақда Vaqt.uz’га Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтининг «Сунъий интеллект ва даромадлар тенгсизлиги: Ўзбекистон учун хатарлар» ҳисоботидан маълум бўлди.

Таҳлилга кўра, СИ ва ундан фойдаланиш кўникмаларига эга бўлган касблар тезроқ ривожланади, бу имкониятлардан четда қолганлар эса ортда қолиб кетаверади.

Шу боис давлат сиёсати СИни шунчаки ривожлантиришга эмас, балки уни барча ижтимоий қатламлар учун очиқ ва инклюзив тарзда жорий этишга йўналтирилиши керак.

Дунё бунга қандай ёндашмоқда?

Халқаро валюта жамғармаси таъкидлашича, СИ меҳнат ва капиталдан олинадиган даромадлар тенгсизлигини кучайтириши мумкин. Чунки, дунё бўйича иш ўринларининг қарийб 40 фоизи СИ таъсирига дуч келмоқда, ривожланган иқтисодиётларда бу кўрсаткич қарийб 60 фоизни, паст даромадли мамлакатларда эса 26 фоизни ташкил этади.

Ривожланаётган давлатлар учун асосий муаммо фақат иш жараёнларининг автоматлаштирилиши эмас, балки СИдан ҳамма бир хил фойдалана олмаётганидир. Зарур кўникмалар ва инфратузилмага эга бўлганлар даромадини тезроқ оширмоқда, бошқалар эса ортда қолиши янада кучаймоқда.

ИҲТТ таҳлили GenAIдан ҳозирда кичик ва ўрта бизнес корхоналарининг 31 фоизи фойдаланаётганини кўрсатди. Бизнестинг 65 фоизи ишлаб чиқариш самарадорлиги ошганини, 83 фоизи ҳозирча ходимлар умумий сонига таъсирини сезмаганини қайд этган.

Асосий эътибор «оммавий ишсизликдан ҳимояланиш»га эмас, балки СИни бизнесда, айниқса кичик ва ўрта корхоналарда оммавий жорий этиш ва кадрларни тайёрлаш, барча учун тенг стандарт ечимларни ишлаб чиқиш ва кенг жорий этишга қаратилган бўлиши керак.

Жаҳон иқтисодий форумининг маълум қилишича, иш берувчиларнинг 86 фоизи 2030-йилгача СИ бизнес жараёнларини тубдан ўзгартириб юборади деб кутмоқда. Натижада, ҳар 100 ходимдан 59 нафарини қайта тайёрлашга тўғри келади, 11 нафари эса бундай имкониятдан четда қолиши хавфи мавжуд.

Келажакдаги ижтимоий табақаланиш ўз вақтида қайта тайёрлаш имкониятига эга бўлиш билан юмшатилиши мумкин. Мақсадли давлат сиёсати амал қилмаса, СИ «кўникмалари оширилаётган» ва «сиқиб чиқариладиган» ишчилар ўртасидаги тафовутни янада кучайтиради.

Ўзбекистонда вазият қандай?

БМТ Тараққиёт дастури маълумотларига кўра, 2024 йилги «Government AI Readiness Index» кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон 53,45 балл тўплаб, жаҳонда 70-ўринни, Марказий Осиё давлатлари орасида 1-ўринни эгаллаган.

Бироқ, мамлакатда аҳолининг ҳамма қатлами учун шароитлар бир хил эмас. Аҳолининг фақат 66 фоизи 4G интернет билан қамраб олинган. Шу билан бирга, тўлиқ 4G имкониятлари асосан йирик шаҳарларда жамланган бўлиб, у ерда аҳолининг тахминан 43 фоизи яшайди.

Аёллар IT йўналишидаги талабаларнинг атиги 11 фоизини ташкил этмоқда. Шунингдек, қишлоқ жойларда интернет ва рақамли хизматлардан фойдаланиш даражаси нисбатан сустлигича қолмоқда.

Кичик ва ўрта бизнес корхоналари жами корхоналарнинг тахминан 92 фоизини ташкил этади, бандликнинг қарийб 75 фоизини таъминлайди ва ЯИМнинг ярмидан кўпини шакллантиради. Аммо уларнинг капитал ва ҳисоблаш ресурслари ҳамда малакали мутахассисларга эга бўлиш имконияти чекланган.

Нима қилиш керак?

Мақсадли давлат сиёсати бўлмаса, СИ бир вақтнинг ўзида нафақат иқтисодий ўсишни тезлаштириши мумкин, балки ҳудудлар, жинслар ҳамда бизнес тоифалари бўйича ижтимоий-иқтисодий табақаланишни ҳам кучайтириши мумкин.

Шу сабабли институт мутахассислари томонидан бир қанча таклифлар берилмоқда:

1. СИ-ассистентлар ислоҳоти
Ҳар бир маҳалла ўз фуқароларига давлат хизматлари юзасидан маслаҳат бера оладиган СИ ёрдамчисига эга бўлиши керак.

Мавжуд давлат хизматларини ягона СИ платформасига интеграция қилиш ва интерфейсни аҳолининг рақамли саводхонлик даражасига мослаштириш лозим.

Бунда Хитой ва Жанубий Корея тажрибасини мисол қилиб келтириш мумкин. Бу ерда давлат ва маҳаллий хизматларни кўрсатишда СИ ёрдамчилари фаол жорий этилмоқда, бу эса маъмурий аппарат юкламасини сезиларли даражада камайтирмоқда.

2. СИ синов майдончаси дастури
Ҳудудий СИлар учун «синов майдонлари»ни (AI Sandbox Zones) жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳудудлар даражасида инновацион ечимларни тезкор синовдан ўтказиш ва жорий этиш учун махсус майдон вазифасини бажаради.

Бунинг учун ҳукумат пилот ҳудудларни танлаши, улар учун алоҳида тартиб ишлаб чиқиши ва шу ҳудудларни бошқариш учун махсус орган ташкил этиши керак.

Буюк Британияда бундай синов майдончаси, FCA томонидан ишга туширилиб, 700 дан ортиқ компанияга инновацион ечимларни синовдан ўтказиш имконини берган.

3. Аёллар ва ёшлар учун СИ бўйича амалиёт дастурлари
Дастур иш берувчиларга амалий рақамли кўникмалар бўйича ходимларни ишга қабул қилиш ва уларни ўқитиш учун субсидия беришни назарда тутади.

Бунда иш берувчилар аккредитация қилиниши, ўқитишнинг мажбурий минимал муддати (камида 6 ой) белгиланиши, шунингдек иш ҳақини давлат ва иш берувчи томонидан биргаликда молиялаштириш чоралари кўрилиши керак бўлади.

Сингапур тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳақ тўланадиган қайта тайёрлаш дастурлари ва бунда иш берувчилар иштирокининг таъминланиши меҳнат бозорига ўтиш самарадорлигини сезиларли даражада оширади.

4. Суғурталаш дастури
СИ жорий этилиши натижасида иши ёки даромади таъсир кўриши мумкин бўлган ходимлар учун ўтиш даврини суғурталаш механизмларини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Дастур йирик иш берувчилардан (иш ҳақи жамғармасининг 1–2 фоизи) йиғим орқали молиялаштирилади. СИ таъсирига учраган ходимларнинг камида 70 фоизини қайта ўқитган компанияларга имтиёзлар берилади.

Бу ерда ҳам Сингапур тажрибаси мисол қилиб келтирилган. Мамлакатда махсус қўллаб-қувватлаш дастурлари ўқиш даврида даромаднинг 70–90 фоизигача компенсация қилишни назарда тутади. Бу эса ходимларни қайта тайёрлашда иштирокни сезиларли даражада оширади.

Teglar

Mavzuga oid