Элдор Шомуродов «Истанбул Бошоқшаҳир»га тўлиқ трансфер қилинди
Трансфер суммаси 2,8 млн еврони ташкил этди.
© Foto: stadion.uzЎзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов Италиянинг «Рома» клубини расман тарк этди. Бу ҳақда «Transfermarkt» маълум қилди.
Рим клуби фаолиятини Туркиянинг «Истанбул Бошоқшаҳир» жамоасида давом эттирадиган футболчининг кетганини тасдиқлади. Аввалроқ ҳужумчи Туркия жамоасида ижара асосида тўп сураётган эди, бироқ келишув шартларига кўра, клуб Суперлигадаги ўрнини кафолатли сақлаб қолганидан сўнг футболчини сотиб олиши шарт эди.
Трансфер суммаси 2,8 млн еврони ташкил этди, шу билан бирга «Рома» ижара учун аввалроқ 3 млн евро олган эди. Шунингдек, «бўрилар» футболчининг кейинги сотувидан 10 фоиз улушни ўзларида сақлаб қолишди.
Жорий мавсумда Шомуродов юқори натижадорлик кўрсатмоқда: Туркия чемпионатининг 30 та ўйинида у 18 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди.





