Бахт индекси эълон қилинди: Ўзбекистон нечанчи ўринда?
Қўшни Қозоғистон рейтингда 10 поғонага кўтарилиб, МДҲ давлатлари орасида энг яхши натижани кўрсатди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бўлинмаси томонидан эълон қилинган «World Happiness Report» маълумотларига кўра, Ўзбекистон 147 давлат орасида 53-поғонани эгаллаб, ўтган йилги рейтингдаги ўрнини сақлаб қолди.
Қўшни Қозоғистон эса дунёдаги энг бахтли давлатлар рейтингида 10 поғонага кўтарилди. Бу йил Қозоғистон 33-ўринни эгаллади, ўтган йили эса 43-поғонада бўлган. Бу билан Қозоғистон МДҲ давлатлари орасида энг яхши натижани кўрсатган.
Кейинги ўринларда қуйидаги давлатлар жойлашди:
Ўзбекистон 53-ўрин (ўтган йил ҳам 53-ўрин),
Қирғизистон 66-ўрин (75-),
Молдова 77-ўрин (80-),
Россия 79-ўрин (66-),
Тожикистон 88-ўрин (90-),
Арманистон 89-ўрин (87-),
Озарбайжон 102-ўрин (106).
Шунингдек, Украина 111-ўринни эгаллади, Литва 28-ўринда, Латвия 48-ўринда, Эстония эса 46-ўринда жойлашган.
Энг бахтли мамлакатлар

Дунёдаги энг бахтли мамлакат сифатида тўққизинчи марта Финляндия тан олинди. Ундан кейин Исландия, Дания, Коста-Рика ва Швеция жой олган. Шунингдек, биринчи ўнликка Норвегия, Нидерландия, Исроил, Люксембург ва Швейцария ҳам кирган. АҚШ эса 23-ўринни эгаллаган.
Энг бахтсиз мамлакатлар

Энг бахтсиз мамлакат сифатида ўтган йилда бўлгани каби Афғонистон тан олинди. Шунингдек, энг қуйи ўринларда Серра-Леоне, Малави, Зимбабве, Ботсвана, Яман ва Ливан ҳам келтирилган.
Бу ўзи қандай рейтинг?
«World Happiness Report» рейтинги ҳар йили 20 март куни нишонланадиган Халқаро бахт куни муносабати билан эълон қилинади. Ҳисобот Оксфорд университети қошидаги фаровонликни ўрганиш маркази томонидан «Gallup» институти ва БМТ ҳамкорлигида аҳоли турмуш сифати бўйича ўтказилган сўровлар асосида тайёрланади.
Тадқиқот 140 дан ортиқ мамлакат ва ҳудуддан тахминан 100 минг кишининг жавобларига асосланган. Респондентлардан ҳаётдан қониқиш даражасини «Кантрил зинапояси» тести орқали баҳолаш сўралади (бу ўн поғонали шкала бўлиб, 10 – энг яхши ҳаёт, 0 – энг ёмони).
Бундан ташқари, тузувчилар ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига тўғри келиши, эркинлик даражаси, коррупцияни қабул қилиш ва кутилган умр давомийлиги каби омилларни ҳам ҳисобга олади.





