Бугун Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси Лондон фонд биржасида IPOга чиқади
Расмий маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси Обид Ҳакимов ва бошқа масъуллар иштирок этиши кутилмоқда.
© ReutersБугун, 18-май куни Лондон фонд биржасида Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси акцияларининг бирламчи оммавий жойлаштирилиши (IPO) жараёнига бағишланган расмий маросим бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабар берди.
«Мазкур воқеа мамлакатимиз капитал бозорини халқаро молия майдонига олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, Ўзбекистон иқтисодиёти тарихида янги саҳифа очади», - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, кутилаётган IPO Ўзбекистоннинг жаҳон молия бозорларидаги иштирокини кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, корпоратив бошқарувнинг замонавий стандартлари ва шаффоф тизимни жорий этишга кучли туртки беради. Бу жараён, айни пайтда, хорижий ҳамкорларнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган таркибий янгиланишларга бўлган юқори ишончини намоён этади ва халқаро инвесторларга мамлакат иқтисодиёти ҳамда маҳаллий компаниялар салоҳияти билан яқиндан танишиш имконини яратади.
Расмий маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси Обид Ҳакимов ва бошқа масъуллар иштирок этиши кутилмоқда.
Тадбир якунлари юзасидан қўшимча маълумот берилади.
Олдинги натижалар
Тошкент фонд биржасида қарийб 47,9 млрд дона UzNIF акцияси сотилган. Жисмоний шахслар учун акция нархи 4,65 сўм қилиб белгиланган бўлиб, 12 млрд сўмгача буюртма берган инвесторларга 5 фоизлик чегирма қўлланилди. Натижада улар акцияларни 4,41 сўмдан харид қилди.
Лондон фонд биржасида эса 1,5 трлн донага яқин акция 23,4 млн дона глобал депозитар тилхат — GDR шаклида жойлаштирилди. Ҳар бир GDR нархи 25 доллар қилиб белгиланди.
Жалб қилинган маблағларнинг умумий суммаси қарийб 603,6 млн долларни ташкил этди. Барча қимматли қоғозларни амалдаги акциядор — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги сотгани сабабли, компаниянинг ўзи IPO маблағларини олмайди.
Шунингдек, келгуси 30 кун ичида қўшимча жойлаштириш опциони доирасида яна 3,5 млн донагача GDR сотилиши мумкин. Агар ушбу механизм тўлиқ ишга туширилса, IPO доирасида сотилган улуш 35 фоизгача, жалб қилинган маблағ ҳажми эса 692 млн долларгача етади.
Бирламчи жойлаштириш нархидан келиб чиқиб, Миллий инвестиция жамғармасининг бозор капитализацияси 1,95 млрд долларга баҳоланди.
Аввалроқ инвесторлар талаби таклиф ҳажмидан тўрт баробардан кўпроқ бўлганлиги ҳақида хабар берилганди. Асосий инвесторлар қаторида BlackRock, Franklin Resources ва Redwheel иштирок этди.
Миллий инвестиция жамғармаси
Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) 2024 йилда президент қарори асосида ташкил этилган бўлиб, унинг ишончли бошқарувчиси сифатида ҳам Франклин Темплетон тайинланган. Жамғарма портфели 13 та давлат корхонасининг активлари асосида шакллантирилган. Ҳозирда жамғарманинг соф активлари қиймати 2,4 миллиард долларга баҳоланмоқда.
UzNIF таркибига «Ҳудудий электр тармоқлари», «Иссиқлик электр станциялари», «Ўзбекгидроэнерго», «Ўзбектелеком», «Uzbekistan Airways», «Темирйўлинфратузилма», «Ҳудудгазтаъминот»>, «Тошшаҳартрансхизмат», «Ўзбекистон МЕТ» АЖ, «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси», «Ўзбекинвест», «Ўзсувтаъминот» ва «Ўзсаноатқурилишбанк» каби стратегик корхоналар киритилган.
Жамғарманинг асосий вазифалари активлар бозор қийматини ошириш, халқаро институционал инвесторларни жалб қилиш, корпоратив бошқарувни кучайтириш ҳамда ESG тамойилларини жорий этишдан иборат.
IPO нима беради?
IPO — компания ёки давлат корхонасининг акцияларини илк бор кенг жамоатчиликка таклиф қилиши ва фонд биржасига чиқиши жараёни ҳисобланади. Бу орқали давлат активлари очиқ бозорда инвесторларга таклиф этилади ва хусусий капитал жалб қилинади.
IPO’нинг асосий мақсади фақат маблағ жалб қилиш эмас, у давлат компанияларида халқаро молиявий ҳисобот стандартларини жорий қилиш, корпоратив бошқарувни яхшилаш ва шаффофликни оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, UzNIF акцияларининг жойлаштирилиши портфелдаги йирик давлат компанияларини келажакда IPO’га тайёрлашнинг биринчи босқичи сифатида баҳоланмоқда. Режаларга кўра, яқин икки йил ичида «Uzbekistan Airways», «Миллий электр тармоқлари», «Ўзбектелеком», «Ўзбекгидроэнерго», «Ҳудудий электр тармоқлари» ва «Ҳудудгазтаъминот» компанияларини биржага чиқариш режалаштирилган.





