
Доллар 2026 йил бошида ўсишга ўтди
2026 йил бошида АҚШ доллари сўнгги саккиз йилдаги энг катта йиллик пасайишдан кейин мустаҳкамланиб, бозорлар ФЗТ сиёсатига таъсир қилувчи муҳим маълумотларни кутмоқда.

2026 йилнинг илк савдо кунларида АҚШ доллари кўплаб асосий валюталарга нисбатан қимматлашди. Reuters хабарига кўра, бу ҳаракат 2025 йилда доллар индекси 9 фоиздан ортиқ пасайганидан кейин кузатилмоқда — бу 2017 йилдан бери энг кучли йиллик тушиш бўлди, деб ёзмоқда Reuters.
Таҳлилчилар доллардаги ўтган йилги заифлашувни АҚШ ва бошқа йирик иқтисодиётлар ўртасида фоиз ставкалари фарқининг қисқариши, бюджет ҳолатига доир хавотирлар, глобал савдо зиддиятлари ҳамда Федерал захира тизими мустақиллигига оид хавфлар билан изоҳламоқда. Ушбу омиллар 2026 йилда ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.
Инвесторлар диққати энди келаси ҳафта эълон қилинадиган иқтисодий маълумотларга қаратилган. Айниқса, жума куни эълон қилинадиган меҳнат бозори ҳисоботи ФЗТнинг кейинги қадамларини белгилаб бериши мумкин. Ҳозирча бозорлар 2026 йил давомида икки марта фоиз ставкаси пасайтирилишини нархларга киритган, ҳолбуки ФЗТ раҳбариятининг ўзи борасида ягона фикр мавжуд эмас.
Monex USA савдо директори Хуан Переснинг таъкидлашича, АҚШдаги узоқ давом этган ҳукумат фаолияти тўхтаб қолиши иқтисодий маълумотларни йиғиш ва баҳолашга ҳам салбий таъсир кўрсатган. Шу сабабли, бозорлар яқин ойларда келадиган рақамларга алоҳида эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда.
Жума куни доллар индекси 0,24 фоизга ўсиб, 98,48 пунктга етди. Евро эса 0,25 фоизга арзонлаб, 1,1716 доллар атрофида савдо қилинди. Еврозонада ишлаб чиқариш фаоллиги декабр ойида сўнгги тўққиз ойдаги энг паст даражага тушгани маълум қилинди. Шу билан бирга, евро 2025 йил якунларида 13 фоиздан ортиқ ўсиб, 2017 йилдан бери энг яхши йиллик натижани қайд этган эди.
Фунт стерлинг ҳам 0,18 фоизга пасайиб, 1,3445 долларга тушди. Бироқ у ҳам ўтган йили 7,7 фоиз ўсишни кўрсатган. Бозор иштирокчилари шу билан бирга АҚШ президенти Доналд Трампнинг ФЗТга янги раҳбар тайинлаши масаласини диққат билан кузатмоқда. Амалдаги раҳбар Жером Пауэллнинг ваколати май ойида якунланади.
Трамп ФЗТнинг янги раҳбарини яқин ойларда эълон қилишини билдирган. Инвесторлар орасида у ставкаларни янада фаол пасайтириш тарафдори бўлган номзодни танлаши мумкин деган кутилмалар бор. Goldman Sachs таҳлилчилари ҳам ФЗТ мустақиллигига доир хавотирлар 2026 йилда сақланиб қолишини таъкидлаб, пул-кредит сиёсати бўйича хатарларни «юмшоқ» сценарий томон оғишли деб баҳоламоқда.
Япон иенаси эса истисно сифатида қолмоқда. Валюта долларга нисбатан 0,16 фоизга заифлашиб, 156,91 даражасига тушди ва 10 ойлик минимумга яқин қолмоқда. Бу ҳолат Япония ҳукумати ва Марказий банкининг эҳтимолий интервенцияси ҳақидаги тахминларни кучайтирди.





