Мирзиёев Остонада: у Минтақавий экологик саммитда иштирок этмоқда
Қозоғистон пойтахтида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг йиғилиши ва Минтақавий экологик саммит бўлиб ўтмоқда.
© Президент матбуот хизматиЎзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 21-апрел куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг таклифига биноан Остона шаҳрига борди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Пойтахт аэропортида давлат раҳбарини Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Ташриф дастурига мувофиқ, Ўзбекистон етакчиси бугун, 22-апрел куни Минтақавий экологик саммит ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг йиғилишида иштирок этади.
Минтақавий экологик саммит кўргазмаси
Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга амалий ташрифи дастури доирасида 22-апрел куни Марказий Осиё мамлакатлари, Мўғулистон, Озарбайжон, Грузия ва Арманистон делегациялари раҳбарлари билан биргаликда Остона шаҳридаги «EXPO» халқаро кўргазмалар марказида ташкил этилган Минтақавий экологик саммит кўргазмасидаги миллий павилонларни бориб кўрди.
МЭС-2026 диққат марказида экологик сиёсатга комплекс ёндашувни акс эттирувчи саккизта устувор йўналиш турибди: иқлим ўзгаришига қарши курашиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва экотизимлар барқарорлигини таъминлаш, табиий хавф-хатарларга мослашиш ва иқтисодий барқарорликни ошириш, ҳаво ифлосланишини камайтириш ва чиқиндиларни самарали бошқариш, экологик мақсадларга эришиш механизмларини ривожлантириш, табиий ресурсларни барқарор бошқариш, адолатли ва инклюзив «яшил» ўтиш, экологик ҳамда рақамли компетенцияларни ривожлантириш. Саммит кун тартиби барқарор ривожланишнинг экологик ҳамда ижтимоий-иқтисодий жиҳатларини ҳам қамраб олган.
Тадбирда иштирок этаётган мамлакатларнинг миллий павилонларида уларнинг ушбу йўналишлардаги ютуқлари ва келгуси режалари намойиш этилмоқда.
Ўзбекистон павилони
Интерфаоллик ва мультимедиа элементларига эга кўргазма-тақдимот майдони шаклида барпо этилган Ўзбекистон павилони мамлакатнинг экология, иқлим ўзгариши ва Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши соҳаларидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини акс эттиради. Шунингдек, экспозиция Ўзбекистоннинг экология соҳасида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссасини намоён этади.
Олий мартабали меҳмонларга экологик тараққиётнинг замонавий моделини шакллантиришга қаратилган асосий ташаббусларни ўз ичига олган экспозиция тақдим этилди. «Чиқиндисиз ҳудуд», «Тоза ҳаво», «Яшил макон», «Экомаданият», «Биомерос» ва «Экологик таълим» каби умуммиллий лойиҳалар шулар жумласидан.
Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш, шунингдек, халқаро ташкилотлар, энг аввало, БМТ тузилмалари билан ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.





