Эскроу таъсири: июн ойида 34 мингдан ортиқ кўчмас мулк ва транспорт воситаси олди-сотди битими расмийлаштирилди
Янги эскроу тизими амал қилган илк ойларда бозор фаоллиги сезиларли пасайди. Июн ойида расмийлаштирилган битимлар сони ўтган йилги натижанинг учдан бирига тенг бўлди. Бир йил аввал бу кўрсаткич 112,97 мингтани ташкил этган эди.
© Getty Imagеs2026-йил 1-апрелдан Ўзбекистонда кўчмас июнь ва транспорт воситалари олди-сотдисида эскроу ҳисобварақалари орқали ҳисоб-китоб қилиш тартиби жорий этилганди. Орадан уч ой ўтиб, бу механизм амалиётда қандай ишлаётгани бўйича дастлабки хулосаларни чиқариш мумкин.
Марказий банк эълон қилган маълумотларга кўра, июн ойи давомида эскроу ҳисобварақалари орқали 34 387 та олди-сотди битими расмийлаштирилган. Шундан 19 241 таси транспорт воситалари, 15 146 таси эса кўчмас мулк шартномаларига тўғри келади. Яна 834 та битим кўриб чиқилиш жараёнида.
Ўтган йилнинг июнь ойи билан солиштирадиган бўлсак, бу кўрсаткич автомобилларда 91,97 мингтани, кўчмас мулкларда эса 21 мингтани ташкил этган.
Эскроу амалиёти янги механизм бўлгани учун бозор иштирокчиларининг унга мослашиши маълум вақт талаб қилиши табиий. Шу билан бирга, июнь ойида ушбу тизим орқали расмийлаштирилган битимлар сони аввалги икки ойга нисбатан ошгани янги тартиб аста-секин бозор томонидан қабул қилинаётганини кўрсатмоқда.
Хусусан, апрел ойида эскроу ҳисобварақалари орқали 31 757 та, май ойида 29 023 та битим амалга оширилган бўлса, июнь ойида бу кўрсаткич 34 387 тага етди.
Ҳудудлар кесимида эса кутилганидек, пойтахт етакчилик қилмоқда. Пойтахтда июн ойида 9 373 та битим амалга оширилган. Бу умумий битимларнинг қарийб учдан бир қисмини ташкил қилади. Тошкентда аҳоли сони, кўчмас мулк бозори ҳажми ва автомобил савдосининг юқори экани бу натижани изоҳловчи омиллардан бири ҳисобланади.
Кейинги ўринларда Фарғона вилояти (3 456 та), Самарқанд (2 990 та) ва Андижон (2 737 та) қайд этилган. Айни пайтда Марказий банк маълумотларида 834 та битим ҳали кўриб чиқиляпти.
Маълумот учун, эскроу — бу харидор ва сотувчи ўртасидаги молиявий муносабатларда учинчи томон, одатда банк иштирок этадиган тизимдир. Унинг асосий вазифаси — томонлар ўртасидаги ишончни таъминлаш ва маблағларни хавфсиз сақлашдан иборат.





