add

«Humo», «Click» ва OLX: 2025 йилда нималар сотилди?

08.01.2026 | 15:256 daqiqa

2025 йил давомида Ўзбекистонда бир қанча йирик хусусийлаштиришлар ва маҳаллий сотувлар амалга оширилди. Vaqt.uz муҳим битимларни бир жойга тўплади.

«Humo», «Click» ва OLX: 2025 йилда нималар сотилди?

Ўзбекистонда 2025 йилда хусусий секторда ҳам, давлат секторида ҳам йирик келишувларга эришилди. Айрим хусусийлаштиришлар «ёпиқ» тарзда амалга оширилган бўлса, айримлари жамоатчилик норозилигига учради. 

«Humo»ни «Paynet» сотиб олди

Йил катта хусусийлаштириш билан бошланди. Январда «Миллий банклараро процессинг маркази» — «Humo» тўлов тизимининг 100 фоиз улушини «Paynet» компанияси 65 млн долларга сотиб олди.

xusus 01

«Humo»ни сотиб олиш учун Қозоғистоннинг финтех гиганти — Kaspi ҳам узоқ вақт давогарлик қилди. Бироқ, келишув амалга ошмади. 

«Paynet»нинг ўзи 2000 йиллар бошида бир гуруҳ ишбилармонлар томонидан хусусий тарзда ташкил қилинганди. Кейинчалик узоқ йиллар давомида давлат компанияси бўлиб фаолият олиб борди. 

Бир неча йил аввал компания яна хусусийлаштирилди, бироқ битим шартлари ҳақида ҳеч қандай маълумот очиқланмади. «Paynet»нинг янги эгаси — «New Industrial Technologies» МЧЖ. 

«Click» ва Қозоғистон банки ўзаро улуш алмашди

Яна бир 2025 йилдаги муҳим келиш «Click» Қозоғистондаги «Halyk Bank» ўртасида амалга оширилди. 

«Halyk Bank» Click'нинг 49 фоиз акцияларини 176,4 млн доллар эвазига сотиб олди. 

xusus 02

Расмий баёнотда қайд этилишича, томонлар ўртасида стратегик битим тузилган. Битим доирасида томонлар бир-бирининг шўба корхоналаридаги улушларини ўзаро харид қилади.

Шу тариқа, Click акциядорлари «Halyk Bank»нинг Ўзбекистондаги шўба банки — «Тенге Банк»нинг 49 фоиз акцияларини 60,76 млн доллар эвазига харид қилади.

«Анорбанк» давлат биноларини сотиб олди

Февралда «Анорбанк» Тошкентдаги иккита катта давлат биноларини қарийб 440 млрд сўмга харид қилгани маълум бўлди

Банк «Марказ–1»да жойлашган Энергетика вазирлиги биносига 254,5 млрд сўм, унинг яқинидаги «Ўзтрансгаз» биносига 185 млрд сўм тўлади. 

xusus 03

Foto: Spot.uz

Ҳозирда ушбу биноларда «Анорбанк» тўлиқ фаолият олиб бормоқда. 

Йил охирига келиб «Анорбанк»нинг назорат пакети хорижий компания ҳисобига ўтди. Банк эгаси Қаҳрамонжон Олимовнинг банкдаги улуши 99,38 фоизда 49,38 фоизгача қисқарди. 

Олимовга тегишли 50 фоиз акциялар Нидерландияда рўйхатдан ўтган Bekamin B.B. компанияси ўтди. 

TBC Uzbekistan экотизими кенгайди

2025 йилда TBC Uzbekistan компанияси Billz стартапи ва OLX компаниясини сотиб олди. Billz учун 12 млн долларлик келишувга эришилган бўлса, OLX учун битим нархи очиқланмади.

TBC Billz компаниясидаги улушини 60 фоизгача чиқарса, OLX’нинг 51 фоизи сотиб олинган. 

xusus 04

Расмда TBC Uzbekistan бош директори Ника Курдиани ва Billz асосчиси Рустам Ҳамдамов.

Шу тариқа, TBZ Uzbekistan экотизимига «TBC Bank», payme, «TBC Nasiya», «TBC Sug‘urta»дан ташқари мана энди Billz ва OLX ҳам қўшилди. 

Yandex «Allplay»ни сотиб олди

Декабрда Yandex Uzbekistan «Allplay» платформасини сотиб олгани маълум бўлди. Рақобат қўмитаси келишувга розилик билдирди. Битим суммаси очиқланмади. 

xusus 05

Маълум қилинишича, «Allplay» Yandex plus обунасининг бир қисмига айланади. Келишувдан сўнг муаллифлик ҳуқуқлари сабаб «Allplay»даги бир қанча контентлар ўчирилди. 


«Трест-12» — йирик қурилиш компанияси 

Февралда Давлат активларини бошқариш агентлиги Ўзбекистондаги энг катта қурилиш компанияларидан бири — «Трест-12» хусусийлаштирилганини маълум қилди

Қурилиш компаниясининг 51,1 фоиз давлат улуши «Delta Global Dynamics» МЧЖга 111 млрд сўмга сотилди. 

«Delta Global Dynamics» МЧЖ — собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловга тегишли. 

Унга қарашли компаниялар аввалроқ МХХнинг Тошкент марказидаги собиқ биноси (ҳозирда меҳмонхона қурилмоқда) ва Ўзбекистондаги энг йирик спирт заводини ҳам хусусийлаштириб олгани билан жамоатчилик эътиборига тушганди

«SamAuto»нинг тўртдан бири 80 млн долларга кетди

«Самарқанд автомобил заводи» — «SamAuto»нинг 75,2 фоиз улуши 80 млн долларга сотилди. Харидор Туркиянинг «Anadolu Group» таркибидаги «Anadolu Isuzu» компанияси бўлди.

Маълум қилинишича, инвестор заводни ривожлантириш учун яна қўшимча 80 млн доллар сармоя киритиши керак бўлади. 

«UzPost» сотилишига жамоатчилик қарши чиқди

2025 йилнинг энг шов-шувли воқеаларидан бири почта оператори «UzPost» атрофида кечди. 

Октябрда миллий почта опертарори хусусийлаштирилгани, уни Россиянинг «Wildberries» маркетплейси сотиб олгани ҳақида хабарлар тарқалди. 

xusus 06

«Ўзбекистон почтаси» эса хусусийлаштириш ҳақидаги маълумотларни рад этмаган ва тасдиқламаган ҳолда, модернизация ҳамда рақамли трансформация учун инвестицияларни жалб қилиш режаларини маълум қилди.

Кейинчалик «Uzum» «UzPost»ни хусусийлаштириш бўйича савдоларда иштирок этиш истагида эканини билдириб, расмий ариза топширди. 

Воқеага жамоатчилик фаоллари салбий қаради ва миллий почта компанияси Россия компаниясига сотилишини қоралаб чиқди. 

«Улар бизнинг почтамизни ривожлантира олмайди», — дея ёзганди журналист Муҳрим Аъзамхўжаев. 

Сўнгра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги «UzPost» хусусийлаштирилишида шаффофликни талаб қилди

Деҳқонобод калий заводи «ёпиқ эшиклар ортида» хусусийлаштирилди

Августда Asian Chemical Group «Ўзкимёсаноат»дан Деҳқонобод калий заводининг 100 фоиз акциясини олди, бироқ келишув оммавий эълон қилинмади.

Asian Chemical Group  2024 йил ноябрида ташкил этилган бўлиб, устав фонди 19,6 млн сўмни ташкил этади. Асосий муассиси — «OV Industrial Investments» (51 фоиз), иккинчиси — «New Industrial Technologies» (49 фоиз).

xusus 07

«New Industrial Technologies» «Paynet»нинг асосий эгаси экани маълум. «Paynet» эса юқорида айтилганидек йил бошида «Ҳумо»ни давлатдан 65 млн долларга сотиб олганди. 

«Капиталбанк» «Ёшлик»ни деярли 300 млрд сўмга сотиб олди

«Ёшлик» спорт мажмуаси 2024 йилга қадар «Миллий банк» тасарруфида бўлган. Давактив уни аввалроқ очиқ савдога чиқаришини маълум қилганди. 

xusus 08

«Капиталбанк» 297,9 млрд сўм билан тўловни бир ой ичида тўлаш шарти билан савдода ғолиб деб топилди

Зоминдаги машҳур меҳмонхона 175 млрд сўмга сотилди

24 декабр куни Жиззах вилояти Зомин туманидаги «New Zomin Plaza» МЧЖ меҳмонхонасининг аукциони бўлиб ўтди. SQB Capital меҳмонхонадаги 99,9 фоиз улушини сотувга қўйганди. 

xusus 09

Кимошди савдосида 175 млрд сўм билан «Zaforon Premium Hotel Zomin» МЧЖ ғолиб деб топилди.

«New Zomin Plaza» МЧЖ биносида «Wyndham» меҳмонхоналар тармоғининг «Wyndham Gardens Zomin» меҳмонхонаси фаолият олиб боради. Бу Зоминдаги энг машҳур меҳмонхоналардан бири.

«Ўзавтойўл» биноси 242 млрд сўмга сотиб олинди

Автомобил йўллари қўмитасига тегишли бино аукционда 242 млрд сўмга сотилди. Ғолиб — Қобилжон Норбеков бўлиб, у пулни муддатли бўлиб тўлаш орқали тўлайди. 

xusus 10

Автомобил йўллари қўмитаси Янги Тошкент шаҳрига кўчмоқда ва 3 йил ичида бинони тўлиқ бўшатиб бериш мажбуриятини олган. 

Қурилиш вазирлиги биноси 182,5 млрд сўмга сотилди

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жойлашган маъмурий биноси очиқ аукцион орқали 182,5 млрд сўмга сотилди

xusus 11

Бинонинг бошланғич нархи 130,3 млрд сўм эди. Энг яхши таклифни «Ўзшаҳар қурилиш инвест» МЧЖ берди ва кимошди савдосида ғолиб бўлди. 

«UzBAT»даги давлат улуши 270 млрд сўмга сотилди

6-октабр куни Тошкент фонд биржасининг Nego майдончасида тамаки ишлаб чиқарувчи «UzBAT» АЖ акциялари бўйича йирик битим ўтказилди

Давлатга тегишли бўлган 2,6 фоиз улуш (641 661 дона акция) 269,8 млрд сўмга BAT Uzbekistan Investment Limited’га сотилди. 

xusus 12

Ушбу битим натижасида компаниянинг бозор капиталлашуви 10,36 трлн сўмга (қарийб 855 млн доллар) етди.

Chevrolet қисмларини ишлаб чиқарувчи компания сотилди

Chevrolet автомобиллари учун иситиш ва совитиш тизимлари ишлаб чиқарувчи Avto Climate Control корхонасидаги давлат улуши «Best Pipe and Parts» компаниясига 230 млрд сўмга сотилди.

Харидор 10 йил давомида фаолият йўналишини сақлаб қолиш ва General Motors билан амалдаги ҳамкорлик шартларига риоя этиш мажбуриятини олди.

Teglar

Mavzuga oid