add

Ўзбекистон экспорти бир йилда қарийб 6,5 млрд долларга ўсди

08.01.2026 | 11:351 daqiqa

2025 йилда мамлакат экспорти 23 фоизга ортди. Бу ташқи бозорлар географиясининг кенгайиши ва хизматлар экспортининг ошиши билан изоҳланмоқда.

Ўзбекистон экспорти бир йилда қарийб 6,5 млрд долларга ўсди

2025 йилда Ўзбекистон экспорти 33,4 миллиард долларга етиб, 2024 йилга нисбатан 23 фоизга ошди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.

Таққослаш учун, 2024 йилда Ўзбекистоннинг экспорт ҳажми 26,94 миллиард доллар бўлган. Яъни, бир йил ичида экспорт деярли 6,5 миллиард долларга кўпайди.

2025 йил давомида мамлакат ташқи савдо географияси ҳам сезиларли даражада кенгайди. Ўзбекистон маҳсулотлари ва хизматлари 131 та давлат бозорларига чиқди. Экспорт асосан Европа, Осиё ва Яқин Шарқ минтақаларидаги йирик бозорларни қамраб олди.

Маълумот учун, 2025 йилнинг 11 ойи якунлари бўйича экспортда энг катта улуш Россия ва Хитой ҳиссасига тўғри келган. Бу давлатлар Ўзбекистон учун стратегик савдо ҳамкорлари бўлиб қолмоқда.

Экспорт ўсишида хизматлар соҳаси муҳим ўрин тутди. Хусусан, туризм экспорти ҳажми 5 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, IT-хизматлар экспорти 940 миллион долларга чиқиб, рақамли иқтисодиёт салоҳияти ошиб бораётганини намоён этди.

Товар гуруҳлари кесимида озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда қурилиш материаллари экспорти сезиларли ўсди. Ҳар икки йўналиш бўйича экспорт ҳажми 1,1 миллиард долларга етди.

Қайд этилишича, 2026 йилга келиб Ўзбекистон экспорти 40 миллиард долларгача етиши мумкин. Бу 2024 йилга нисбатан қарийб 55 фоизлик ўсишни англатади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон 2030 йилга келиб экспорт ҳажмини 67 миллиард долларга етказишни режалаштираётгани ҳақида хабар қилгандик.

Teglar

Mavzuga oid