Logo

Ипотека субсидиялари учун аризалар қабули 25-ноябр куни бошланади

Bugun 10:483 daqiqa

Аризаларни соат 10:00 дан бошлаб my.gov.uz портали, myGov мобил иловаси ёки Давлат хизматлари марказлари орқали топшириш мумкин.

Ипотека субсидиялари учун аризалар қабули 25-ноябр куни бошланади © istock

Ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун аризалар қабули 2026-йил 25-ноябр куни 10:00 да бошланади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг мақсадли кўрсаткичлари доирасида тақдим этилган хабарномаларнинг амал қилиш муддатида фойдаланилмаган қисми ҳисобидан аризалар қабул қилиш бошланишини маълум қиламиз» — дейилади хабарда.

Субсидия олиш учун қандай талаблар бор?

Ипотека субсидиясига даъвогар фуқаро ижтимоий мезонлар бўйича камида 30 балл тўплаши керак. Шунингдек, унинг кредит тарихи дастурда иштирок этувчи тижорат банкларидан камида биттасининг ички талабларига мос келиши лозим.

Яна бир шартга кўра, ариза берувчининг ҳам, унинг турмуш ўртоғининг ҳам номида Ўзбекистоннинг ҳеч бир ҳудудида турар жой бўлмаслиги керак.

Ижтимоий балл қандай ҳисобланади?

Талабгорнинг ижтимоий ҳолатига қараб қўшимча балл берилади. Масалан, «Хорижда иш» тизимида рўйхатдан ўтган меҳнат мигрантлари 10 балл олади. Олис ҳудудларга ишга келган олий маълумотли мутахассислар, тиббиёт ходимлари ва профессионал таълим муассасалари ўқитувчиларига эса 5 баллдан берилади.

Шунингдек, 30 ёшдан ошмаган фуқаролар, ажрашган ёки бева шахслар, ёлғиз оналар ҳамда «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимининг «Тиббий-ижтимоий экспертиза» модулида рўйхатдан ўтган шахслар 5 баллдан олиши мумкин.

Оиланинг ўртача ойлик даромади ҳам баҳолашда ҳисобга олинади. Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда даромади меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7 бараваридан 7 бараваригача (3 млн 672 минг сўмдан 9 млн 520 минг сўмгача) бўлган оилалар 10 балл олади. Даромади 7 баравардан юқори, 8 бараваригача (9 млн 520 минг сўмдан 10 млн 880 минг сўмгача) бўлган оилаларга эса 5 балл берилади.

Тошкент шаҳрида даромади МҲТЭКМнинг 2,7 бараваридан 8 бараваригача (3 млн 670  минг сўмдан 10 млн 880 минг сўмгача) бўлган талабгорларга 10 балл, 8 баравардан юқори, 9,2 бараваригача (10 млн 880 минг сўмдан 12 млн  512 минг сўмгача) бўлганларга 5 балл берилади.

Бундан ташқари, ариза берувчи ёки унинг турмуш ўртоғи номида республиканинг ҳеч бир ҳудудида турар жой бўлмаса, ушбу мезон учун 20 балл берилади.

Ариза топширишдан олдин нималарни текшириш керак?

Ариза юборишдан аввал фуқаро OneID тизимидаги шахсий маълумотларни бошқариш панели орқали субсидия дастурида иштирок этувчи банкларга кредит тарихини текшириш учун зарур маълумотлардан фойдаланишга рухсат бериши керак.

Шунингдек, кредит тарихини олишга вақтинчалик чеклов ўрнатилмаган бўлиши лозим. Бундай чеклов мавжуд бўлса, банклар фуқаронинг кредит тарихини текшира олмайди ва бу аризанинг рад этилишига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳарбий тузилмалар ходимлари аризаларни фақат Давлат хизматлари марказларига бевосита мурожаат қилиш орқали топширишлари керак.

Субсидия дастурида кредит тарихини баҳолашда 15 та тижорат банки иштирок этади. Булар Агробанк, Алоқабанк, Асакабанк, Asia Alliance Bank, Бизнесни ривожлантириш банки, Ҳамкорбанк, Ипак Йўли банк, Ипотека-банк OTP Group, Микрокредитбанк, Orient Finans bank, Трастбанк, Туронбанк, Халқ банки, Ўзмиллийбанк ва Ўзсаноатқурилишбанк.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк ипотека кредитлари бўйича ҳисобот эълон қилганди. Унга кўра, 2026-йилнинг январ-октябр ойларида тижорат банклари аҳолига 75,8 мингта ипотека кредити ажратган. Уларнинг умумий қиймати 23,6 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 39,5 фоизга ошган.

Teglar

Mavzuga oid