Logo

Ўзбекистонда ипотека кредитлари ҳажми 23,6 трлн сўмга етди

Kecha 11:393 daqiqa

Ажратилган ипотека кредитларининг қарийб 30 фоизи ёшларга тўғри келди. Маблағларнинг асосий қисми эса янги қурилган уй-жойларни сотиб олишга йўналтирилган.

Ўзбекистонда ипотека кредитлари ҳажми 23,6 трлн сўмга етди © Foto: mfd.mos.ru

2026-йилнинг январ-октябр ойларида тижорат банклари жисмоний шахсларга жами 75,8 мингта ипотека кредити ажратган. Уларнинг умумий қиймати 23,6 трлн сўмни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 39,5 фоизга кўп. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

Эътиборлиси, 2026-йилнинг дастлабки 10 ойида ажратилган ипотека кредитлари ҳажми ўтган йилги тўлиқ йиллик кўрсаткичдан 2,4 трлн сўмга ошган. 2025-йилда банклар аҳолига жами 21,2 трлн сўмлик ипотека кредити ажратганди.

Ипотека кредитларининг асосий қисми янги уй-жойларга берилди

Ажратилган маблағларнинг катта қисми янги қурилган уй-жойларни сотиб олишга йўналтирилган. Хусусан, январ-октябр ойларида бирламчи уй-жой бозоридаги харидлар учун 17,4 трлн сўмлик ипотека кредити берилган. Бу жами кредитлар ҳажмининг 73,6 фоизига тенг. Ушбу йўналишда кредитлаш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 42 фоизга ошган.

Аввал фойдаланилган уй-жойларни сотиб олиш учун эса 6,2 трлн сўмлик кредит ажратилган. Иккиламчи бозорнинг жами ипотека кредитларидаги улуши 26,4 фоизни ташкил этган. Бу йўналишда ҳам кредитлаш ҳажми бир йил ичида 33 фоизга кўпайган.

Аёлларга берилган ипотека кредитлари ҳажми 67 фоизга ошди

Жинслар кесимида эркакларга 12,2 трлн сўмлик, аёлларга эса 11,4 трлн сўмлик ипотека кредити берилган. Эркакларнинг жами кредитлардаги улуши 51,8 фоизни, аёлларники эса 48,2 фоизни ташкил этган.

Бироқ ўтган йилнинг мос даврига нисбатан кредитлаш ҳажмининг ўсиш суръатида фарқ бор. Хусусан, аёлларга ажратилган ипотека кредитлари 67 фоизга кўпайган. Эркакларга берилган кредитлар ҳажми эса 20,9 фоизга ошган.

Ипотека кредитларининг қарийб учдан бири ёшларга ажратилди

Ҳисобот даврида ёшларга 22,3 мингта ипотека кредити ажратилган. Уларнинг умумий қиймати 7,2 трлн сўмга тенг бўлган.

Ёшлар олган кредитлар сони жами ипотека кредитларининг 29,5 фоизини ташкил этади. Бошқача айтганда, банклар ажратган ҳар ўнта ипотека кредитидан қарийб учтаси ёшларга тўғри келган.

Ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда, ёшларга берилган ипотека кредитлари сони 36,5 фоизга, уларнинг умумий қиймати эса 42,9 фоизга ошган.

Ипотека кредитлари ҳажми сўнгги 10 йилда қандай ўзгарди?

Ўзбекистонда ипотека кредитлари ҳажми сўнгги ўн йилда сезиларли даражада кўпайган. 2016-йилда тижорат банклари аҳолига 2,6 трлн сўмлик ипотека кредити ажратган. Кейинги йилларда бу миқдор босқичма-босқич ошиб, 2021-йилга келиб 9,8 трлн сўмга етган.

 

grafik

 Манба: Марказий банк

2022-йилда эса ипотека кредитлаш ҳажмида энг катта йиллик ўсиш қайд этилган. Банклар шу йили 14,4 трлн сўмлик кредит ажратган, бу аввалги йилга нисбатан 4,6 трлн сўм кўп. Шундан кейин ҳам кредитлаш ҳажми ўсишда давом этди.

2026-йилнинг дастлабки 10 ойида ипотека кредитлари ҳажми 23,6 трлн сўмга етган. Бу давр кўрсаткичи тўлиқ йил натижаси бўлмаса-да, аввалги йилларнинг йиллик ҳажмларидан юқори бўлган.

Бироқ янги ипотека кредитлари ажратилиши билан бирга, банкларнинг уй-жой кредитлари бўйича умумий қарздорлик қолдиғи ҳам ортиб бормоқда.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026-йил 1-ноябр ҳолатига бу кўрсаткич 92,7 трлн сўмни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20,3 фоизга кўп.

Таққослаш учун, 2017-йил 1-январда банкларнинг ипотека кредитлари бўйича қолдиғи 7,4 трлн сўм бўлган. Қарийб 10 йил ичида бу миқдор 12,5 баравардан кўпроқ ошган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026-йилнинг январ-сентябр ойларида ипотека дастури доирасида 67,6 минг нафар фуқарога жами 20,9 трлн сўмлик кредит ажратилганди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 39 фоизга кўп. Ўша даврда ажратилган маблағлар йиллик режанинг 91 фоизини ташкил этган.

Teglar

Mavzuga oid