Жаҳон бозорида олтин нархи уч ой ичида илк бор 4 минг доллардан пастлади
Қимматбаҳо металл ҳафталик ҳисобда қарийб 4 фоизга арзонлашди ва бу сўнгги тўрт ой ичидаги энг катта ҳафталик йўқотиш бўлди.
© Foto: SputnikЖаҳон бозорида олтиннинг бир троя унсияси нархи 3 975 долларгача пасайиб, жорий йилнинг июль ойи ўрталаридан бери энг паст кўрсаткични қайд этди.
23-октябр куни халқаро савдоларда кескин пасайиш кузатилди. «Reuters» агентлиги маълумотларига кўра, савдолар давомида олтин нархи 3 975,23 долларгача тушган ва кейинчалик қисман тикланиб, 4 000,59 доллар атрофида шаклланган. Олтин билан бир қаторда бошқа қимматбаҳо металлар ҳам арзонлашди.
Жумладан, кумуш нархи 0,7 фоизга пасайиб, бир унсия учун 54,17 долларни ташкил этди, шунингдек, платина ва палладий нархларида ҳам тушиш қайд этилди.
Нарх пасайишига нефт ва ФЗТ кутилмалари таъсир қилмоқда
Олтиннинг арзонлашишига глобал бозорда нефт нархининг кўтарилиши ва АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) фоиз ставкаларини юқори даражада сақлаб қолиши эҳтимоли асосий сабаб сифатида кўрсатилмоқда.
Саудия Арабистонидаги ҳусийлар ҳужумлари ортидан энергия таъминотида узилишлар хавфи кучайиб, Брент маркали нефт нархи беш ойлик максимумга чиқди. Нефтнинг қимматлашиши инфляция босимини оширади, бу эса ФЗТ томонидан пул-кредит сиёсатини юмшатиш имкониятини чеклайди.
Бозор иштирокчилари 27–28-октябр кунлари бўлиб ўтадиган йиғилишда ФЗТ асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириш эҳтимолини 92 фоизга, декабрь ойида эса ставка оширилиши эҳтимолини 83 фоизга баҳоламоқда. Юқори фоиз ставкалари фоиз даромади келтирмайдиган олтиннинг инвестицион жозибадорлигини пасайтиради.
Бундан ташқари, АҚШ технология компаниялари акцияларининг арзонлашиши ҳам олтин бозорига босим ўтказмоқда. Айрим инвесторлар фонд бозоридаги йўқотишларини қоплаш мақсадида олтин ва кумуш активларини сотишга мажбур бўлмоқда.
Олтин нархининг тушиши Ўзбекистонга ҳам таъсир қиладими?
Жаҳон бозоридаги олтин нархи Ўзбекистон учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Марказий банк олтин қуймаларини сотиш ва қайта сотиб олиш нархларини белгилашда айнан халқаро қимматбаҳо металлар бозоридаги вазиятни ҳисобга олади. Банк маълумотига кўра, нархлар халқаро бозор шароитидан келиб чиқиб, кун давомида ҳам қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Масалан, Марказий банкнинг 2026-йил 22-октябрдаги нархларига кўра, 5 грамлик олтин қуймаси 9 миллион 6 минг сўмдан сотилган. 23-октябрда эса шу қуйманинг сотиш нархи 8 миллион 979 минг сўмни ташкил этди. Бу бир кун ичида 27 минг сўмлик пасайиш демакдир.
100 грамлик қуйманинг нархи ҳам 22-октябрдаги 180 миллион 124 минг сўмдан 23-октябрда 179 миллион 572 минг сўмга тушган.
Олтин арзонлаши Ўзбекистоннинг халқаро захираларига қандай таъсир қилади?
Жаҳон бозоридаги олтин нархи мамлакатнинг расмий халқаро захиралари қийматига ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Ўзбекистон Марказий банкининг 2026 йил 1-октябр ҳолатига кўра, сентябр ойида мамлакатнинг умумий халқаро захиралари 5,54 миллиард долларга, яъни 7,69 фоизга камайиб, 66,58 миллиард долларга тушган.
Ушбу пасайишнинг асосий қисми айнан олтин захираларининг қайта баҳоланиши ҳисобига тўғри келган. Марказий банк ихтиёридаги олтин қиймати 4,83 млрд долларга ёки 7,46 фоизга пасайиб, 60,08 млрд долларни ташкил этган.
Бироқ захиралардаги жисмоний олтин миқдори аксинча ошган: август ойидаги 14,11 миллион трой унсиядан сентябрда 14,34 миллион трой унсияга етган.