add

Кучлар мувозанати бузилди: Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Яманга ҳужум қилди

07.01.2026 | 22:252 daqiqa

Ҳаво ҳужумлари Ямандаги ҳусийлар ҳаракатига қарши курашаётган кучларни қўллаб-қувватловчи Саудия Арабистони ва БАА ўртасидаги зиддият кучайган бир пайтда амалга оширилди.

Кучлар мувозанати бузилди: Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Яманга ҳужум қилди

7 январ, чоршанба куни Саудия Арабистони етакчилигидаги коалиция кучлари Яманнинг Дали провинциясига бир неча бор ҳаво зарбалари берди. Ҳужум нишони БАА томонидан қўллаб-қувватланадиган Жанубий муваққат кенгаши (ЖМК) раҳбари Айдарус аз-Зубайдий туғилган шаҳар бўлган.

Аз-Зубайдий 2022 йил апрелида Яманнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳукумати президенти Абду Раббу Мансур Ҳодий истеъфога чиққанидан сўнг тузилган Президентлик кенгаши таркибидан чиқарилган эди.

Ямандаги ҳусийларга қарши фракциялар ўртасидаги мўрт сулҳ ўтган йилнинг декабр ойида ЖМК ҳудудларни эгаллашни бошлагач, пароканда бўла бошлади.

Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи ҳусий ҳаракатига қарши курашаётган кучлар ўртасидаги ички низо

Аз-Зубайдий инқирозни муҳокама қилиш учун кенгашнинг бошқа расмийлари билан бирга Саудия Арабистонига учиб бориши керак эди, бироқ у ерда кўриниш бермади.

Президентлик кенгаши раиси Рашад ал-Алимий аз-Зубайдийни қуролли исён қўзғатишда, конституциявий ҳокимият органларига ҳужум қилишда ва Яманнинг жанубий қисмида тинч аҳолига нисбатан зўравонликлар содир этишда айблади.

Ўз навбатида, ЖМК раҳбариятининг маълум қилишича, аз-Зубайдий айни дамда жанубдаги Адан порт-шаҳрида ҳарбий ва хавфсизлик операцияларига раҳбарлик қилмоқда. Шунингдек, Кенгаш Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдга музокаралар учун борган ўз делегацияси билан алоқа узилиб қолганини хабар қилди.

Ямандаги урушда кимлар иштирок этмоқда?

Ҳусийлар: 2014 йилда Яман ҳукуматини ағдаришган. Пояхт Сано ва мамлакатнинг шимолий ҳудудларини назорат қилишади. Эрон томонидан қўллаб-қувватланади.

Президентлик кенгаши: Яманнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳукуматига раҳбарлик қилади. Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланади.

Жанубий муваққат кенгаш (ЖМК): Жанубий Яманнинг катта қисмини назорат қилади ва Саудия чегараси яқинидаги ҳудудларни эгаллаб олган. Бирлашган Араб Амирликлари томонидан қўллаб-қувватланади.

Ал-Ислаҳ партияси: "Мусулмон биродарлар" ҳаракатига алоқадор сунний исломий гуруҳ; уларнинг асосий таянч нуқтаси Марибда жойлашган.

Миллий қаршилик кучлари: Ториқ Солиҳ бошчилигидаги бу кучлар ҳусийларга қарши курашади; жанубнинг ажралиб чиқишига қарши.

Хадрамий элита кучлари: Жанубий муваққат кенгашига қарашли ҳарбий тузилма.

Саудия ва БАА ўртасидаги зиддият чуқурлашмоқда

Саудия Арабистони ва БАА бундан ўн йилдан кўпроқ вақт олдин, ҳусийлар пойтахт Санони эгаллаб олганидан сўнг Ямандаги жараёнларга аралашган эди. Йиллар давомида ЖМК Саудия қўллаб-қувватлаётган халқаро ҳукумат билан бир сафда ҳаракат қилди.

Бироқ, декабр ойида ЖМКнинг кутилмаган илгарилаши ва ресурсларга бой Хадрамаут провинциясини назорат остига олиши кучлар мувозанатини ўзгартириб юборди. Бу эса Саудия Арабистонининг ўз чегаралари яқинида беқарорлик юзага келишидан хавотирланишига сабаб бўлди.

Ямандаги сўнгги кескинлик Саудия Арабистони ва БАА ўртасидаги иқтисодий ва минтақавий сиёсат борасидаги рақобатни янада кескинлаштириб, икки давлат алоқаларидаги дарзлар чуқурлашаётганини кўрсатмоқда.

Teglar

Mavzuga oid