
Мирзиёев инфратузилма лойиҳалари бўйича тақдимотни кўриб чиқди
Янги қурилиш ташаббуслари туризм, транспорт ва таълим соҳаларида ҳудудлар салоҳиятини оширишга қаратилган.

Президент Шавкат Мирзиёев туризм, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган йирик қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсиши ва ташқи алоқаларнинг кенгайиши инфратузилмани замонавий талаблар асосида янгилашни талаб этмоқда.
Тақдимотда ҳудудлар кесимида режалаштирилган бунёдкорлик ишлари муҳокама қилинди. Хусусан, Хива шаҳрида Конгресс маркази ҳамда тарихий-этнографик боғ барпо этиш режалаштирилган. Ушбу иншоотлар халқаро анжуманлар ўтказиш имкониятларини кенгайтириш ва туристлар оқимини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, Конфутсий институти ва Лу Бан устахонасини ташкил этиш орқали маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш учун янги шароитлар яратилиши кўзда тутилган.
Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш лойиҳаси ҳам тақдим этилди. Унда инфратузилмани кенгайтириш, йўловчи ва юкларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, логистика имкониятларини ошириш режалаштирилган. Урганч вокзалидан аэропортга алоҳида темир йўл линияси тортилиши йўловчилар учун қўшимча қулайлик яратади.
Бундан ташқари, Урганч–Хива автомобил йўлини ободонлаштириш ва унга муқобил янги автойўл қуриш таклифлари билдирилди. Фарғона шаҳрида экспомарказ барпо этиш орқали халқаро кўргазмалар ва бизнес форумлар ўтказиш имконияти яратилиши қайд этилди.
Шу билан бирга, Бурхониддин Марғилоний илмий-тадқиқот маркази, Бухоро давлат университетининг янги кампуси ва Тошкент шаҳрида бадиий гимнастика мажмуаси қуриш лойиҳалари муҳокама қилинди. Президент лойиҳаларни амалга оширишда сифат, қулайлик ва шаҳарсозлик талабларига қатъий риоя қилиш зарурлигини таъкидлади.





